Қўли енгил, сўзи малҳам шифокор

Дунёда шундай касб эгалари борки, улар босиб ўтган ҳаёт йўли, қилган эзгу ишлари барча учун ибрат мактабидир. Андижон вилояти Қўрғонтепа туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Дардоқ қишлоқ шифохонасида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган малакали шифокор Убайдулла Аҳмедовни ана шундай меҳридарё инсонлардан бири десак, асло муболаға бўлмайди.

Убайдулла ака ёшлигидан шифокорлик касбига меҳр қўйди. Шу сабаб у келажак тақдирини инсонларнинг дардига малҳам бўлиш, улар саломатлигини мустаҳкамлашдек оғир, шу билан бирга шарафли бўлган шифокорлик касби билан боғлади.

Дастлаб, Убайдулла Аҳмедов Андижон тиббиёт олийгоҳининг даволаш факультетига ўқишга кириб, ўз касбининг фидойи ва заҳматкаш инсонларидан сабоқ олди, тиббиётга оид билимларни пухта эгаллади. Институтни муваффақиятли тамомлагач, 1984-85 йилларда Андижон тиббиёт институти клиникасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси аъзоси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳусниддин Салоҳиддинов, тиббиёт фанлари доктори Ёдгор Иосифлар раҳбарлигида невропатология соҳаси бўйича малакасини оширди. 1985 йилдан Убайдулла ака Қўрғонтепа туман поликлиникасида ўз иш фаолиятини бошлаб, малакали шифокор Ўктам Аҳмедов бошчилигида кўплаб беморлар дардига малҳам бўлди. Ёш бўлишига қарамай, қисқа вақт оралиғида қўли енгил шифокор сифатида элнинг назарига тушди. Ҳозирги кунгача У.Аҳмедов ўзи туғилиб ўсган Дардоқ қишлоғида элга хизмат қилиб келмоқда.

– Саломатлик – улуғ неъмат. Шу боис, халқ­нинг саломатлиги юртнинг бойлигидир. Истиқлол йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунинг­дек, етук ва малакали мутахассислар тайёрлаш, тиббиёт муассасаларини энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ҳукуматимиз томонидан соҳага доир кўплаб қарор ва қонунлар, давлат дастурларининг қабул қилиниши юртимизда инсон манфаатлари нақадар улуғ эканини кўрсатади, – дейди Неврология бўлими мудири Убайдулла Аҳмедов.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар мобайнида юртимизда тиббиёт соҳаси тубдан ислоҳ этилди. Юртимизнинг чекка ҳудудларида барпо этилган ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тиббиёт муассасалари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда беминнат хизмат қилиб келмоқда. Буни малакали шифокор Убайдулла Аҳмедов фаолият олиб бораётган Дардоқ қишлоқ шифохонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда ушбу муассасада беморларнинг ўз соғлиқларини мустаҳкамлашлари учун етарли барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, шифохонанинг «Неврология» бўлимида бир вақтнинг ўзида асаб ва бош мия қон-томир касалликлари билан оғриган 40 нафар беморга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, касалликни ўз вақтида аниқлаб, унга тўғри ташхис қўйиш учун бўлимда барча шароитлар мавжуд.

Яна ўқинг:  ОИВга қарши кураш кучайтирилади

Шифокор Шоира Мамараимова, ўрта тиббиёт ходимлари – Ҳимоят Аҳмедова, Дилобар Турсунова, Наргиза Ботиралиева, Мафтуна Жўрабоеваларнинг ширин сўзи, муолажасидан беморлар доимо миннатдор. Бунда устоз шифокор Убайдулла Аҳмедовнинг ёшлар билан ишлаш тажрибаси, муассасада устоз-шогирд анъаналарининг тўғри йўлга қўйилгани муҳим ўрин тутади.

Хулоса ўрнида, халқимиз саломатлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шифокорларимизга қўлингиз асло дард кўрмасин, деймиз.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: