Қизалоғимга мактуб

Салом қизалоғим!

Биласанми, инсонни бу ҳаётга фарзанд боғлаб туради. Сен занжирсан. Метин ва мустаҳкам, инсоний туйғулардан озиқланган занжирсан. Мени, онангни шу ёруғ дунёда орзу билан яшашга ўргатдинг. Табассум билан, чучуккина тилингдан таралган ширин сўзларинг билан бизни яшашга ундадинг. Борлигимизни ҳис қилдик. Қизим – сен буюк кучсан!

Худойим жаннат боғларидан асраб, авайлаб узиб берган сени. Райҳонбўйгинам, мунисам, меҳрибоним!

Бугун сендан узр сўраш учун ушбу мактубни қоралаяпман. Ўйлайманки, ҳарф таниб, саводинг чиққанда ушбу хат ёстиғинг остида туради. Ҳар замонда уни ўқиб, сени қанчалар яхши кўришимни, ардоқлашимни ҳис қиласан. Қалбим ҳамиша сен билан бирга.

Шу кунларда хизмат сафари боис, сендан узоқлардаман. Сени туш кўриб, сўзларингни хаёлан тинглаб юрибман. Жажжи қўлларинг тафти юзимни илитиб турибди. Кўзингдаги нур қалбимни ёритяпти. Сен эзгуликка чорловчи маёғимсан. Ҳеч қачон сўнма.

Айни пайтда қишлоқда, бобонг ва бувинг меҳридан баҳраманд яшаяпсан. Улар менинг ота-онам! Уларнинг меҳри, муҳаббати билан униб-ўсдим ва ўйлайманки, мен ойдин тунлар чироқ ёруғида тинглаган эртакларни сен бобонгнинг қучоғида эшитиб ўтирибсан. Худди мен каби уларни саволларга кўмиб ташлаётгандирсан. Қизим, ҳар тонг онанг сув сепиб, супираётган ҳовли-ю, кўчада менинг жажжи изларим қолган. Болалигим қолган.

У вақтларда замон оғир эди. Ғира-шира эслайман: одамлар ғалла майдонларига чиқиб кетар, буғдойни тегирмондан ўтказиб келарди. Қора, қотирма нон ейишарди. Уйига ун топиб келган отадан бахтиёрроғи бўлмас эди. Лекин ёшу қарининг кўнглида эртанги кунга ишонч бор эди. Бугунги ёруғ кунларга етиш, тўқ ва фаровон, тинч ва хотиржам яшаш ишончи бувиларимиз айтган эртакларга сингиб кетарди. Қизим, кўнгли тўқ одам оч қолмайди. Эрки бор одам ношукр бўлмайди. Бугун ҳар бир инсоннинг қалби, орзу-умидлари-да озод ва ҳур, қадр топяпти, эъзозланяпти. Тасаввур қиляпман, сен ҳозиргина ўпиб, кўзингга суртаётган оппоққина ширмой нон ҳам озод ва ҳур халқнинг ватанпарварлиги, болапарварлиги мевасидир.

Кўзмунчоғим, кўзларингга кўз тегмасин!

Рости гап, сени жуда соғиндим. Қиқирлаб кулишларинг, эркаланишларинг кўз олдимдан кетмайди. Уйғонибоқ хайрли тонг тилашинг, остонада қўл қоқиб ишга жўнатишинг, “омадингизни берсин”, дея ният билдиришларинг ўзингдай самимий, қизалоғим. Қайтганимда бўйнимга осилиб, қувонишларингчи! Ҳамма-ҳаммаси юрагимда мусаффо жилғадек жимирлаяпти. Шундандир сал паришонроқман. Бировга сездирмай дейман-у имкони бўлмаяпти. Қизалоғим, бу дунёда тоза туйғуларни сир сақлаб бўлмайди. Туйғуларнинг энг покизаси эса меҳр тўла соғинчдир.

Кеча телефон орқали онанг билан гаплашдим. Мендан узр сўрамоқчи бўлибсан. Ундан олдин қўнғироқ қилганингда ишим кўплигидан суҳбатни қисқа қилдим. “Дадам хафа бўлдиларми, гўшакни қўйиб қўйдилар”, дебсан. Сендан нега ранжий, қизим. Ахир, овозингни эшитиб, қанчалар севинганимни билсанг эди. Яқин кунларда учрашамиз. Ўшанда мендан узр сўрама! Ҳаммасини жажжи қалбингдан чиқариб ташла. Ахир, телефон орқали суҳбат ҳам хоҳ қисқа бўлсин, хоҳ узун дийдордир. Дийдор учун эса узр сўралмайди. Ўзимнинг оппоқ қизим, соғинтириб қўйганим учун мени кечирақол.

Бир қизалоқни учратиб қолдим. Буррогина қилиб шеър ўқиди. Сўрасам, тўрт ёш экан. Тенгдошинг экан, қизим. Худди сени кўргандай бўлдим, худди сен қаршимда шеър ўқиб бераётгандай бўлдинг. Юрагимда ёш қалқиди-ю, кўзимга чиқармадим. Уялдим, эркаклигим йўл қўймади. Ахир, болалари ақлли бўлса, оталар ҳеч қачон йиғламайди. Илоҳим, ақлингни берсин, оппоғим. Илоҳим, сен сабаб кўзимизга қайғу ёшлари келмасин.

Биласанми, сен дунёга келгунингча қанча орзу қилганмиз, ширин-ширин ўйлар сурганмиз. Ҳар куни исм танлаб, тунларни тонгга улаганмиз. Миллатдош ака-опаларинг спортда, илм-фан, санъат ва маданиятда чет эллик тенгдошларини ортда қолдириб, байроғимизни баланд тутганида, энтикканмиз, орзиққанмиз. Сен ҳам келажакда ўшалар қаторида бўлишингни тасаввур қилганмиз. Шу кунлар келсин, йўлинг ёруғ, мақсадларинг ойдин бўлсин, қизим. Бунинг учун мен ўзимдан-да кечишга, фақат ва фақат сен учун яшашга тайёрман. Сен мени ардоқлаган Ватаннинг фарзандисан, демак сен ҳам Ватанимсан. Ватанга хизмат қилиш эса бурчларнинг энг олийсидир.

Шошқалоқ кунлар негадир имиллаяпти. Интизорлик, соғинч-у фироқ вақтнинг йўлини тўсиб тургандай. Нима қилишни билмадим. Йўл-йўлакай болалар ўйинчоқлари дўконига кирдим. Турфа ўйинчоқларни кўриб баҳри-дилим очилди. Соғинчим сал босилгандай бўлди. Кўз олдимда яна сен намоён бўлдинг. “Дада, мен уй қуряпман. Катта, баланд, чиройли. Бу бизнинг уйимиз бўлади, кўп ўйинчоқлари бўлади”. Ўзимнинг новвотим, ширин қизалоғим! Орзу қилишдан ҳеч қачон тўхтама. Сўраган ўйинчоқларингни олиб беролмай, қордай кўнглингга озор берган бўлсам кечир. Баъзида ҳамма, ҳатто оталар ҳам иложсиз қолади. Муҳими, мен сени жудаям яхши кўраман. Ҳеч қачон хафа қилмасликка уринаман. Бу қўллар фақат бошингни силаш учун яратилмаган. Шу қўлларим билан ўзинг орзу қилгандан-да шинам уйлар қуриб бераман. Ичида Худо сенга туҳфа қилган овунчоқлар, шириндан-шакар ўғил-қизларинг бўлади. Фақат сен бунга ишон. Билсанг, бу дунёни ҳам ишонч ушлаб турибди.

Сен кўзимиз нури, қалбимиз чироғисан. Ҳеч қачон завол билма. Шу заминга, шу Ватанга, шу халққа чуқур кириб боравер. Ақл-ҳушинг, фаросатинг, билиминг билан ҳамманинг раҳматини ол. Унутма, сен юрагимнинг ўқ томирисан. Сенсиз ҳаёт тўхтайди. Шундай экан, мен сенга юрагимни омонат топшираман. Илоҳим ўқ томири ҳамиша мустаҳкам бўлсин.

Соғинч тўла қалб билан, даданг.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Яна ўқинг:  Озод юрт одамлари

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: