Қайтмас тўлқинлар

Ўтган асрнинг 80-йиллари… Жиззах вилоят телерадиокомпаниясига ўрта бўйли, жингалак соч, ўттиз ёшлар чамасидаги ёш йигит кириб келди. Компания раиси, раҳматли Насим Нориев билан учрашгач, унга мақсадини айтди:

Агар имкон бўлса, ишга қабул қилсангиз…

– Сиз Фарғона давлат университетининг табиатшунослик факультетини тамомлаган экансиз, бу ерда журналистлар ишлайди, – деди Насим ака бироз ажабланиб.

– Ёзганларим “Шарқ юлдузи” журналида босилган. Қисса ва ҳикояларим… Мана кўринг, – меҳмон шундай деб раҳбаримиз олдига бир тахлам газета ва журналларни қўйди.

Ҳаммамиз столдаги журналга қарадик. “Қайтмас тўлқинлар”, “Муножот”…

Мен кутубхонадан ўша журнални олиб, Туроб Мақсуднинг асарларини диққат билан ўқиб чиқдим. Айниқса, “Муножот”и жуда маъқул бўлди.

…Илгарилари жаллодларга ўткир қилич ясаб юрган уста ўз ишининг ёмонлигини англаб, одамларнинг бошини узадиган қуролни ясамай қўяди. Буни сезган бек уни ҳузурига чорлайди.

– Қилич ясашни ташлаб, дутор қилишга ўтибсиз. Менга қилич керак. Созни аёллар ушласин. Агар уни ясаб бермасангиз, ўзингиздан кўринг…

– Менинг ясаган қиличларим бегуноҳ одамларнинг қонини тўкаяпти. Олло-таоло дилимга солди, энди минбаъд қилични ушламайман… Мени тинч қўйинг…

– Жаллод!

Устанинг қилич ясамаган икки қўли кесилди…

Кейинчалик раҳматли Туроб Мақсуднинг Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида босилган қатор асарлари билан танишдим. “Қайтмас тўлқинлар” романини ўқиб, унинг юксак истеъдод соҳиби эканига амин бўлдим.

Унинг вилоят театрида ўйналган “Бойқуш” спектакли адибга катта шуҳрат келтирди. Ушбу бадиий асар республика танловида ғолибликни қўлга киритди. Мен спектакль тақдимотида иштирок этгандим. Унда одамларнинг эътиборсизлиги туфайли ёмон йўлга кириб қолган ёш ўсмир ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Менимча, бу асар ҳали ҳам ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотгани йўқ.

Туроб Мақсуд табиат жонкуяри эди. Мактабларга бориб ўқувчилар билан ижодий учрашувлар, суҳбатлар ўтказарди. Ёшларга табиатни севишни ўргатарди.

У маълум муддат вилоят телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилди. Бу ижодкорнинг юксак билими, тафаккур оламининг кенглиги мени доим ҳайратга соларди. Айниқса, у ёзган “Лола” этюдига тан берганман.

Туроб Мақсуднинг қалбга бориб тегадиган қайноқ сатрларини ҳар саҳифада учратиш мумкин. У роман ёзди, номини “Қайтмас тўлқинлар” деб атади. Унга филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов сўзбоши ёзди.

Яна ўқинг:  Қулупнай – табиатнинг тансиқ туҳфаси

Афсус, ҳозир ижодкор орамизда йўқ. Китобини чоп эттирди-ю, ўзи қайтмас тўлқинга айланиб кетди. Битта таскин бор, унинг зарбли тўлқинлари қалбимизга урилаяпти. Етмиш баҳорни кутиб олиш арафасида ҳассос ёзувчини дард орамиздан олиб кетди.

Севимли адибимизнинг охирати обод бўлсин!

 

Пардабой ТОЖИБОЕВ,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: