ҚАТРАЛАР

 Лолалар чорлайди

 Моргузар тоғига улашиб  кетадиган Такатош дарасида улкан-улкан қоялар туртиб чиқиб туради. Унинг кунгай жойларида кичик-кичик ўсимлик унса бўладиган жойлар бор. Шу ерларда барқ уриб, эртаги лолалар, турфа чечаклар униб-ўсади. Бир неча кунлик умри билан табиат ихлосмандларининг қалбига юксак туйғулар солади. Уларга қараб беихтиёр хитоб қилгинг келади.

Сен устоз Ойбекнинг «Наъматак» шеърини эслатаяпсан. Шунчалар жасорат, шунчалар мардлик! Бир лаҳзалик умринг билан мангу ҳаёт тантанасини баён қилаётганга ўхшаяпсан. Бу ерларда Ватан озодлиги учун юрт ўғлонларининг қони тўкилган дейишади. Сенинг қизиллигинг шуларнинг акси эмасми, мабодо!

 

Ҳаёт куртаги

Табиат нақадар одил, у ўзини асраб- авайлашни билади. Кузда масаланинг моҳиятига етмаганлар дарахт тагига тушган барги хазонларни йиғиб, оловга ёқадилар. Бу дарахтнинг илдизлари устига ёнаётган «кўрпа»сини олиш билан баробардир. Тишингиз ҳар қанча мустаҳкам бўлса ҳам, у билан шафтоли данагини чақолмайсиз. Баҳорда эса юмшоққина уруғ осонгина қобиқни ёриб чиқади. Шундай қилмаса ҳаёт куртагини сақлаб қололмайди-да! Ўсиб турган дов-дарахтларга пичоқ билан ўйиб номини ёзувчилар топилади. Тилсиз табиат жароҳат етган жойни шаффоф парда билан ўрайди, таш­қи таъсирлардан асрайди. Қуриб қолишдан сақлайди. Бора-бора жароҳат битади, лекин тиғ билан ўйиб ёзилган белгилар тамғадай дарахт танасида қолади.

Она табиатнинг гултожи бўлган инсоннинг эзгу туйғуларини асрашни ўрганаяпти. Баҳор чоғларида эзгулик куртаклари ниш уради. Ўзбекона бағрикенглик, меҳмондўстлик, бир-бирига ёрдам кўрсатиш шундан.

 

Нон ҳиди

– Шундай қилиб Самарқанд ер юзига нони билан ҳам машҳур денг?

– Шундай, бу ҳақда соҳибқирон Амир Темур бобомиз номи билан боғлиқ ривоят ҳам бор…

– Айтиб беринг бўлмаса…

Суҳбатдошим Мирумар ака бундан олти аср илгариги воқеаларни хаёлидан қайта гавдалантираётганини сездим. Унинг манглайидаги чизиқлар кўпайгандай бўлди. Ўсиқ қошлари бир-бирига туташгандай…

…. Соҳибқирон ер юзида адолат ўрнатиш учун юриш қилганида ҳамиша Самарқанддан нон келтириб тановвул қиларкан. Бир сафар хос новвойини ҳам ўзига ҳамроҳ қилибди. Борган жойига тандир қуришибди. Тандир оқартирилиб, нон ёпилибди. Новвой ҳар қанча маҳоратини ишга солиб ҳаракат қилмасин натижа ўйлаганча чиқмабди. Нон Самарқанддагидай ширин эмасмиш, оғизда қаймоқдай эриб кетмасмиш…

Сабабини билсада Соҳибқирон сир бермайди.

– Авф этинг олампаноҳ, Самарқанднинг тандирини, ўтинини, сувини, қайроқи буғдойдан бўлган унини, олиб келолдим, аммо унинг ҳавосини…

Соҳибқирон эртага нон ёпиб келиш учун новвойини Самарқандга жўнатибди…

…. Мирумар аканинг хаёлини банд этган хотиралар Самарқанд ҳавосидай мусаффо, тонгидай тиниқ, нонига таъм берар даражада беғубор экани сезилиб турарди.

 

Яна ўқинг:  Ёш оилалар учун турар жой олишга имтиёзлар

Пардабой ТОЖИБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: