Психолог кундалигидан

Иш кунларимнинг бирида ёнимга бир аёл келди, у билан бирга 8-9 ёшларда ўғли ҳам бор эди. Мен билан саломлашгандан сўнг “Сиз психологмисиз?”, деб сўради.

– Ҳа, психологман, келинг, марҳамат, ўтиринг, – деб стулни кўрсатдим.

– Менинг исмим Ҳалима, – деди аёл ўзини таништириб.

– Сизни эшитаман, қулоғим сизда, – дедим аёлга синчиклаб назар соларканман.

– Ўғлим 2-синфда ўқийди, устозининг айтишига қараганда ўқишлари яхши эмас экан. Кейин дарсда ҳам жим ўтирмас экан. Илтимос, маслаҳат берсангиз, уни яхши томонга ўзгартириш учун нима қилай, – деди онаси. У бўйлари баланд, гавдали аёл эди. Суҳбатдошимнинг йирик кўзларида одамни тешиб юборадигандай нафрат акс этиб турар, нотинчлик, норозилик кўриниш берарди.

– Аввал ўғлингиз билан суҳбатлашиб кўрайчи, – деб ўғлига юзландим.

– Исминг ким? – сўрадим болакайдан.

– Акбар, – деди бола қўлларини тинмай ўйнаркан.

– Акбар қўлларингни тизангга қўйиб стулда қимирламасдан беш дақиқа ўтирчи, – деб уни стулга ўтқизиб кузата бошладим. Акбар бир дақиқа ҳам кўрсатганимдек ўтира олмади. Савол бера бошладим. Унинг саволимга жавоб бераётиб ҳам қўллари, оёқлари тинмасдан ҳаракатда бўлиши диққати­­ни жамлай олмаслигидан далолат берарди, ўрнимдан туриб унинг ёнига бориб савол беришни давом этирмоқчи эдим, бола мендан чўчиб ўзини олиб қочди. Бундан кўриниб турибдики, у кўп калтак ейди.

– Болангизни кўп жазолайсизми?

– Ҳа, – деди-да аёл хўрсиниб сўзида давом этди, – асабларим жойида эмас. Баъзида аламимдан афсусдан, ҳеч нарса қила олмаслигимдан болаларимни уриб юбораман, – кўзига ёш олди у.

– Акбар, ўйнаб турақол, – деб секин болани хонадан чиқариб юбордим-да, – Қани, сизни эшитаман, – деб суҳбатдошимнинг қўлини оҳиста сиқиб қўйдим.

– Бир фарзандимни туғмасимдан олдин ҳомиладорлик вақтимда қайнопам сўради, – деди у.

– Нега, фарзанди йўқ эдими?

– Ҳа. Аввалига кўнмадим. Ке­йинчалик қайнопамга раҳмим келиб майли дедим. Фарзандим дунёга келганида бергим келмади, йўқ бермайман, деб туриб олдим. Кунлардан бир кун икки яшар қизим ўйнаб юриб ариқдаги сувга чўкишига озгина қолди. Шундан кейин эрим “ана кўрдингми, опамга фарзандингни бермаганинг учун бу боламиздан айрилиб қолишимизга сал қолди”, деб туғилган боламни олиб опасига берди. Мен қаршилик кўрсатолмадим, – дедида ҳўнграб йиғлаб юборди Ҳалима рўмолчаси билан юзларидан шашқатор юмалаб тушаётган кўз ёшларини артаркан, сўзида давом этди: – Нима қилай туну кун хаёлим шу боламда. Ахир дунёда етим болалар ҳам борку. Нега шуларнинг бошини силамайди? Нега болам ота-онаси тирик бўла туриб бошқанинг қўлида катта бўлиши керак?

Яна ўқинг:  Хушхабар, рақамлар (2015–44)

– Аҳволингизни тушуниб турибман. Уни соғинаяпсиз, болангизнинг ўз бағрингизда бўлишини хоҳлаяпсиз шундайми?

У “ҳа” дегандай бошини чайқади, – Унда нега қайтариб олмайсиз?

– Қайтариб ололмайман. Бу қўлимдан келмайди, – деди аёл.

– Хўш, улар болангизга яхши қарашаяптими?

– Ҳа, улар жуда яхши, меҳрибон одамлар…

– Муҳими болангиз соғ-саломат, ишончли оилада тарбияланаяпти, тўғрими, – дедим. Ҳалима яна тасдиқ ишорасида бошини ирғаб қўйди.

– Келинг, бу сиқилишларингиз, бу дардингиз қай оқибатга олиб келаётганини кўрайлик. Мана, мисол учун, Акбарни олайлик, қолган фарзандларингизни ҳам. Сизнинг дардингизни деб улар жавоб бериши керакми, – дедимда гапларим қанчалик таъсир қилаётганини билиш мақсадида уни кузатдим. У қовоқларини уюб турарди. Гапим унга ёқмаётганини билгач, – Сиз худбин экансиз, – дедим, Ҳалима менга “ялт” этиб қаради.

– Нима? Мен-а, қанақасига, ахир мен… – деб Ҳалима сўзида тўхтаб қолди.

– Сиз фақат ўзингизни ўйлайсиз, опангизга берган болангизни ҳам, бермаганигизда, ёнингизда бўлганда уни ҳам калтаклар эдингиз…

– Бекор гап. Ҳеч қачон урмасдим, – деди у қатъий оҳангда.

– Унинг ўрнида Акбар бўлгандачи, – дедим.

– Албатта, урмасдим ахир у ҳам боламку, – деди Ҳалима.

– Йўқ, булар шунчаки баҳона Акбарни бу воқеалар бўлмасдан олдин ҳам урардингиз…

– А?! У ўйланиб қолди. Бироз жимликдан кейин давом этди. – Сиз қандай қилиб буни билдингиз, сўради аёл.

– Ўғлингизнинг хатти-ҳаракатидан, – деб жавоб бердим. У узоқ ўйланиб жим бўлиб қолди-да, сўнг тилга кирди.

– Шундай денг, ҳа чиндан ҳам. – деди у. Ҳалима секин ўрнидан турдида – тушундим, сизга раҳмат, ўғлимдан олдин ўзимни ўзгартиришим керак экан, – деб кетишга чоғланди.

– Тушунганигиздан хурсандман. Болаларингизга кўпроқ меҳр кўрсатинг. Қўрқитиш ва жаҳл билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, – дея мен ҳам ўрнимдан турдим.

Матлуба ТАГАЕВА,

пойтахтимиздаги 125-умумтаълим мактаб психологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: