ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ: билимлар баҳсида биринчи

Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек каби улуғ бобокалонларимиз жаҳон илм-фани ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Кейинги авлодга уларнинг мерослари ҳамон йўлчи юлдуз, дастуриламал бўлиб келмоқда.

Пойтахтимизда иккинчи бор ўтказилган кимё фани бўйича 47-халқаро Менделеев олимпиадаси юртимизда буюк аждодларимизнинг чинакам ворислари камолга етаётганини яна бир бор кўрсатди. Олимпиада иштирокчилари 11 олтин, 23 кумуш ва 36 бронза медали учун мусобақалашдилар. Ўзбекистонлик ёшлар 2 олтин, 5 кумуш ва 8 бронза медалини қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди.

Москва давлат университетининг кимё факультети декани, академик Валерий Лунин олимпиада юқори савияда ўтказилганини таъкидлар экан, мамлакатимиз раҳбариятига иштирокчилар учун яратилган барча шароитлар, меҳмондорчилик учун ўз миннатдорлигини билдирди.

Кимё фани бўйича коллеж ва академик лицей ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган мазкур беллашувда Озарбайжон, Литва, Беларусь, Венгрия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Украина, Македония, Молдова, Руминия, Туркия каби давлатлардан ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат 17 жамоа таркибида 117 нафар ўқувчи иштирок этди. Уларнинг ҳар бири ушбу халқаро мусобақанинг ғолиби бўлиш ва олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўтиш имкониятини қўлга киритиш учун беллашдилар.

Иштирокчилар кимё фани бўйича икки назарий ва битта экспериментал (амалий) синовдан ўтишди. Биринчи назарий турда ихтисослаштирилган кимё синфлари дастурига мос келадиган 8 мажбурий вазифа қамраб олинди. Иккинчи тур кимё фанининг ноорганик кимё, органик кимё, аналитик кимё, физикавий кимё, биокимё ва полимерлар бўлимлари бўйича учтадан савол келтирилган бўлиб, иштирокчилар ўз хоҳишига кўра улардан бирини ечиши керак эди. Экспериментал тур давомида иштирокчилар моддаларни кимёвий таҳлил қилиш ва таклиф этилган услубиёт асосида синтезни ўтказиш бўйича ўз салоҳиятларини намоён этишди.

Ёшларнинг билимдонлик мусобақасини назорат қилиш ва ғолибларни аниқлашда 24 нафар жамоа раҳбарлари, 4 нафар халқаро ташкилий қўмита аъзолари, 19 нафар халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда 20 нафар миллий экспертлар жонбозлик кўрсатдилар.

Билим маскани биносида олимпиаданинг иккала турини ўтказишга кўмаклашадиган барча қулайликлар эътиборга олинганлиги жараённинг кўнгилдагидек ўтишига имкон яратди. «ELXOLDING» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан олимпиаданинг амалий турини ўтказиш учун керакли лаборатория жиҳозлари, реактивлар етказиб берилди ҳамда 120 ўқувчи ўрни намунали ташкил этилди.

Яна ўқинг:  Ҳар кунимиз қалбимизни ҳаприқтиради

Ташкилий қўмита ва халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари олимпиада ўтказиладиган жойда ва меҳмонхонада зарур техник воситалар, халқаро телефон алоқаси ҳамда юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғига уланган компьютерлар, нусха кўпайтириш мосламаси, канцелярия моллари билан таъминланган алоҳида хоналарда иш олиб бордилар.

Олимпиада иштирокчиларига махсус эмблема туширилган сумка, футболка, кепка, ручка, блокнот, халат, китоблар, Тошкент шаҳар ва олимпиада ўтказиладиган жой харитаси, бейжиклар тақдим этилди. Шунингдек, уларга мамлакатимизнинг таълим тизими, маданий обидалари ва сўлим жойлари билан танишиш имконияти ҳам яратилди.

Олимпиада иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари

Мария Анапольская,

Украина, Киевопичерск лицейи ўқувчиси:

– Мен Ўзбекистон ҳақида интернет орқали кўп ўқиганман ва эшитганман. Унинг ўзига хос бетакрор гўзаллигини ўз кўзим билан кўриб, эшитганларим нақадар тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим. Мен бу ерга келиб дўстлар орттирганимдан ниҳоятда бахтиёрман.

47-халқаро Менделеев олимпиадаси юқори савияда ўтказилди. Биз барча шароитлар яратилган «Ўзбекистон» меҳмонхонасида истиқомат қилдик. «Мустақиллик» майдонида бўлдик, «Темурийлар тарихи» давлат музейи билан танишдик. Ўзбекистон ҳақида дўстларимга айтадиган таассуротларим жуда кўп.

Муборакхон Қурбонова,

Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси:

– Билим даргоҳимиздан олти нафар ўқувчи фан олимпиадасининг шаҳар, республика босқичларида ғолиб бўлиб, мазкур 47-халқаро Менделеев олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдик. Бунда албатта устозларимиз Елена Дельяриди, Саидикром Саидумаровларнинг бизга берган билимлари асқотди. Ўзим инглиз, француз, испан тилларини мукаммал ўрганяпман. Тил билганим халқаро олимпиада жараёнида менга жуда қўл келди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган дўстларим билан ўзаро билим ва тажрибаларимизни ўртоқлашиш имконига эга бўлдик. Мен имтиҳонсиз ўқишга кириш сертификатини қўлга киритдим.

Бир ҳафта давом этган 47-халқаро Менделеев олимпиадаси муваффақиятли якунланди. Ўзбекистонлик ёшлар ўз билим ва салоҳияти билан ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этдилар. Бу эса ҳар томонлама ривожланган ёш авлодни тарбиялаш, янгича фикрлайдиган, мустаҳкам билимга эга малакали кадрларни тайёрлаш йўлида олиб борилаётган ишларнинг амалий натижаси, десак муболаға эмас. Ўзбекистонлик ёшларнинг бугунги кунда турли халқаро интеллектуал ва спорт мусобақаларида, фан олимпиадаларида эришаётган ютуқлари бунинг ёрқин исботидир.

Никита Шлапаков,

Россия, Челябинск шаҳридаги 97-сонли лицей ўқувчиси:

– Олимпиада баҳслари ўтказиладиган хоналар шинам ва қулайлиги билан менга жуда маъқул бўлди. Биз олимпиада сабаб янада кўпроқ дўстлар орттирдик, ўзаро тажриба алмашдик.

Яна ўқинг:  Саломатлик посбонлари яна сафарда

Биз дўстларимиз билан Успенский номидаги мусиқа мактабида бўлганимизда, у ердаги болаларнинг иқтидорини кўриб, ҳайратга тушдим ва яна бир бор Ўзбекистон истеъдодлар юрти эканлигига ишонч ҳосил қилдим. «Бунёдкор» спорт комплекси ўзининг улуғворлиги билан бизни ҳайратда қолдирди.

Ўзбекистоннинг табиати, яшилликка, гулларга бурканган Тошкент шаҳри, бетакрор тарихий обидаларга бой Самарқанд шаҳри мени ўзига мафтун этди. Мен ўқишдан бўш пайтларимда акробатика, рақс билан шуғулланаман. Дам олиш кунларим табиат қўйнига чиқиб ҳашоротлар тўпламини йиғаман. Табиат ўз гўзаллиги билан кайфиятимга, саломатлигимга ижобий таъсир кўрсатади. Мен келажакда кимё йўналишида илмий ишлар олиб бориб, шу фанда янгилик яратишни ният қилганман.

Дилшода ОртиҚбоева,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг С.Сирожиддинов номидаги академик лицейи 2-босқич ўқувчиси, олтин медаль соҳибаси:

– Ҳақиқий билим ва дўстлик байрамига айланган ушбу Менделеев олимпиадаси барча иштирокчиларнинг ёдида бир умрга сақланиб қолади. Биз турли давлатлардан келган тенгдошларимиз билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Улар бизнинг юртимиз ҳақида тўлқинланиб гапирганларида шу юрт фарзанди эканимиздан қалбимизда фахр ва ғурур туйғуларини туйдик. Келажакда улар билан ўзаро билим ва тажрибаларимизни алмашиб туришга келишиб олдик. Олимпиада жараёнида биз ёшлар учун таълим соҳасида яратилган имконият ва шароитлар, ўз билимимизни намоён этиш ҳамда касб-ҳунар ўрганиш борасидаги ғамхўрликлар учун мамлакатимиз Президенти Ислом Каримовга ташаккурлар айтамиз.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: