ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР СИЁСАТИ – МАМЛАКАТНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЙЎЛИДА

Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон Республикасида ёшлар сиёсатини амалга оширишнинг долзарб масалалари” мавзуида илмий-амалий республика конференцияси бўлиб ўтди. Анжуман Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси парламенти аъзолари, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, илмий ва маънавий-маърифий муассасалар мутахассислари, барча турдаги ўқув юртлари педагоглари, мамлакатимизнинг иқтидорли ёшлари вакиллари – давлат мукофотларига сазовор бўлган йигит-қизлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси ва махсус стипендиялар соҳиблари бўлган олий ўқув юртлари талабалари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва мактаблар ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференцияда мустақилликнинг дастлабки кунларидан Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган фаровон демократик давлат ва жамиятни барпо этишга йўналтирилган туб ислоҳотлар сиёсатининг ўзига хос хусусияти унинг аниқ ижтимоий йўналтирилганлигида экани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат кўплаб билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам экани табиийдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Мамлакатимизда юритилаётган кучли ёшлар сиёсати мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. У Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларида, ушбу соҳага тегишли 22 қонунда ўз ифодасини топган. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қабул қилинган дастлабки қонун ҳужжатларидан бири 1991 йил 20 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун эканлигида катта рамзий маъно бор. Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, миллий истиқлол ғояси, ўз Ватани ва халқига меҳр-муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга, уни ҳар томонлама – жисмонан, маънан ва руҳан баркамол этиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган. Айни пайтда кўплаб мақсадли давлат дастурлари ҳам ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Бу борадаги ишларнинг юқори самарадорлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда жамоат тузилмалари, шу жумладан, ўз сафларида 5,5 миллион йигит-қизни бирлаштирган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ташкилотлар ўртасида тобора кенгайиб бораётган ижтимоий ҳамкорлиги натижасида таъминланмоқда.

Конференция иштирокчилари шуни алоҳида таъкидлашдики, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб бериш борасида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар халқимизга хос хусусият бўлиб, миллий табиатимизнинг узвий қисмига айланган. Ҳар бир оилада, ҳар бир маҳаллада, энг аввало, ёшларнинг саломатлигини таъминлаш, уларга яхши билим бериш, айни пайтда юксак маънавий ва аҳлоқий фазилатларга эга муносиб шахслар этиб вояга етказиш азалдан муҳим масала бўлиб келган. Мустақиллик йилларида ушбу вазифалар Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва бу эса барча соҳаларда юксак ютуқларга эришиш имконини бермоқда.

Яна ўқинг:  SUVNI ASRAYLIK

Саломатликни таъминлаш, узлуксиз таълим ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш бўйича мамлакатимизда яратилган миллий моделлар бутун дунёда юксак баҳоланмоқда. Жумладан, 2011 йилнинг ноябрида “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она – соғлом бола” мавзуида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро симпозиумда нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан бу борада амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилди ва улар бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида эътироф этилди. 2012 йилнинг февралида пойтахтимизда ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” халқаро конференциясида Ўзбекистонда яратилган узлуксиз таълим ва тарбия миллий тизими бошқа давлатлар учун эталон, деб эълон қилинди. Буларнинг барчаси, деб таъкидланди анжуманда, Ўзбекистон, ҳақиқатан ҳам, болалар ва ёшларнинг келажаги, демакки, мамлакат истиқболи ҳақида ғамхўрлик қилинадиган давлат эканидан далолатдир.

Мустақиллик йилларида демократик ва бозор ўзгаришлари талабларига мос равишда таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ниҳоятда муҳим соҳадаги чуқур ислоҳотлар Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун, айни пайтда кўлами, қамрови ва мақсадларига кўра ўта ноёб Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида амалга оширилди. Мамлакатимизда таълим шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техник ва маданий эҳтиёжларини таъминлайдиган устувор соҳа, деб эълон қилинган. Мавжуд таълим муассасаларини давр талабларини ҳисобга олган ҳолда ислоҳ қилишдан ташқари МДҲ давлатларида ўхшаши йўқ янги турдаги ўқув юртлари – касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ташкил этилди. Шу тарзда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча тармоқлари учун юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга, ёшларни маънавий-аҳлоқий ва ҳар томонлама ижодий ривожлантиришга йўналтирилган узлуксиз ўқув-илмий-ишлаб чиқариш таълимининг ноёб яхлит тизими шакллантирилди.

Конференцияда, жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, таълимнинг барча босқичлари учун давр талабларига мос давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар ишлаб чиқилиб, жорий қилингани таъкидланди. Шунингдек, илғор педагогик технологиялар ва ўқитишнинг интерфаол усулларидан кенг фойдаланилмоқда.

Ушбу йўналишда давлатимиз раҳбарининг 2003 йил 1 июлдаги фаромонига асосан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Унинг фаолияти мамлакатимизда таълим тизимини янада такомиллаштиришга, барча ҳудудларда ўқув жараёнига замонавий ахборот ва педагогик технологияларни жорий этиш, ёш педагоглар ва олимларнинг касбий билимлари ва кўникмаларини оширишга йўналтирилган. Олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва мактаблар ходимлари учун ўнлаб кундузги ва масофавий таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Ҳозирги пайтгача жамғарманинг фақат кундузги курсларида 10 мингдан зиёд педагог ва илмий кадрлар ўз малакасини оширди.

“Истеъдод” жамғармаси қошида Масофавий таълим маркази ташкил этилган бўлиб, бу ерда дунё стандартлари талабларига мос масофавий тарзда малака ошириш тизими яратилган. Ушбу тизим фаолияти Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, марказ ўз веб-сайти ёрдамида ахборот технологиялари ва масофавий таълим, маънавият ва маърифат, инновацион технологиялар, тарбиявий ишларни ташкил қилиш, таълим муассасаларини бошқариш каби йўналишларда масофавий тарзда малака оширишни йўлга қўйди.

Яна ўқинг:  Ватан равнақи – қутлуғ саодат

Конференция иштирокчилари таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи ва рақобатбардошлигини ошириш кўп жиҳатдан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтиришга боғлиқ. Шу сабабли иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантиришга, ёш авлоднинг замонавий дунёқарашини, ижодий ва шахсий хусусиятларини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган бўлиб, унга ўқишда, ижодий ва жамоат ишларида катта ютуқларга эришаётган қизлар муносиб кўрилади. Санъат соҳасидаги ютуқлари учун энг иқтидорли ёш раққосалар, мусиқачилар ва хонандаларга “Ниҳол” мукофоти берилади. “Янги авлод” ва “Келажак овози” республика танловлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистондаги ёшлар сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб этишдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияларига ўқишда ва жамоат ишларида юқори натижаларга эришаётган ёшлар сазовор бўлмоқда. Шунингдек, бир қатор махсус стипендиялар таъсис этилган. Ёшлар салоҳиятини ривожлантириш борасидаги бундай ғамхўрлик ўз самараларини бераётир. Бу, жумладан, ҳар йили ўтказиладиган Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида ёш олимлар ва талабалар томонидан тақдим қилинаётган истиқболли янгиликлар сони тобора ортиб бораётганида яққол намоён бўлмоқда.

Конференцияда таъкидланганидек, ўқув юртлари, биринчи навбатда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Муайян ишлаб чиқариш корхоналари ва тармоқлар учун мақсадли равишда кадрлар тайёрлаш кенг қўлланилмоқда, ўқув юртлари, корхоналар ва ўқувчилар ўртасида уч томонлама шартномалар имзоланмоқда ва бу битирувчиларнинг келгусида иш билан таъминланишини кафолатлайди. Шу мақсадда касб-ҳунар коллежларининг иш берувчи корхоналар билан кооперация алоқаларининг бошқа шаклларидан ҳам фойдаланилмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили минглаб иш ўринлари ташкил қилинади, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши муҳим ўрин тутади.

Мамлакатимизда репродуктив саломатликка ҳам катта эътибор қаратилаётир. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини жорий қилишга бағишланган кенг кўламли тушунтириш ишлари йўлга қўйилган, уларда тиббиёт ходимлари билан бирга Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хотин-қизлар қўмиталари, касаба уюшмалари ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича ўзбек модели БМТ томонидан Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва МДҲ давлатлари учун энг яхши ҳудудий дастур сифатида тавсия қилинган.

Соғлом турмуш тарзини, аввало, болалар ва ёшлар ўртасида шакллантиришда кўп жиҳатдан уларни оммавий тарзда жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш муҳим ўрин тутади. Республика спорт мусобақаларининг уч босқичли тизими мактаб ўқувчиларининг “Умид ниҳоллари”, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркомол авлод” беллашувлари ва талабалар ўртасидаги Универсиада мусобақаларини ўз ичига олади. Бугун мамлакатимизнинг ҳар бир туманида, ҳатто, энг олис ҳудудларда ҳам жиҳозланиши жиҳатидан хориждаги энг илғор спорт майдонларидан қолишмайдиган замонавий спорт иншоотлари барпо этилган.

Яна ўқинг:  Профилактика – саломатлик омили

Йил сайин ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун янада қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш оилаларга зарур ёрдам кўрсатиш, амалий рағбат ва барқарор даромад манбаларини шакллантириш механизмини яратиш, уларнинг турар-жой ва маиший шарт-шароитларини яхшилаш мақсадида 2007 йил 17 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қуватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳар бир ҳудудда янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка фаол жалб қилиш, ёш оилаларга ўз бизнесини ташкил этиши учун микрокредитлар ажратиш ишлари кучайди. Бугун Ўзбекистонда ёш оилаларга ипотека ва истеъмол кредитлари ажратиш орқали уй-жой сотиб олиш ёки қуришда, рўзғорини бутлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда.

Умуман олганда, конференцияда таъкидланганидек, мамлакатимизда халқимизга хос юксак маънавий қадриятлар ва энг яхши анъаналар руҳида камол топаётган, Ватанимиз тақдири, унинг келажаги ва эртанги кунига масъуллик туйғусини теран англайдиган, давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида ҳаётимизнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилиш ва янгилаш бўйича тобора жадаллашиб бораётган ишларга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида ўқишда, ишда катта ютуқларга эришишга интилаётган барча йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори А.Абдувоҳидов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашининг раиси Б.Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари И.Мирзаалиев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси ижрочи директори А.Пардаев, Республика педиатрия ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббий марказининг катта илмий ходими Н.Алиева, Тошкент давлат юридик институтининг магистранти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳиби Э.Ҳамроев, Тошкент давлат педагогика университетининг профессори Э. Юзликаева ва бошқалар ана шулар хусусида сўз юритди.

Конференция иштирокчилари ўз чиқишларида таъкидлаганидек, айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича қўйилган вазифаларни тўлиқ амалга ошириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Бу, биринчи навбатда, йигит-қизларимизнинг олижаноб интилишларини рўёбга чиқариш, жамиятимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ривожланишида иштирок этишида барча ёрдамни кўрсатиш билан боғлиқдир. Шу муносабат билан бугунги кунда ёшларда халқимизга мутлақо ёт бўлган турли оқимлар ва таъсирларга қарши мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Ёшларимизнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда кучли ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарур. Айни пайтда алоҳида таъкидландики, Президентимиз томонидан кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ёш авлод зиммасига залворли масъулият юклайди, ёшларимиздан халқимиз олдида турган юксак мақсадларга эришишда янада фаоллик кўрсатишни талаб этади.

Конференция иштирокчилари Ёшлар ижод саройида ташкил қилинган кўргазма орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг натижалари билан танишди.

Конференция иши секция мажлисларида давом эттирилди.

Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.Боситхонова, А.Икромов иштирок этди.

Анна ИВАНОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: