Ойдин келажак тараддуди

“Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларига тайёргарлик қизғин тус олди

Олти ёшидан “ақл гимнастикаси” билан шуғуллана бошлаган Нодиранинг ота-онаси бугун фарзандидан миннатдор. Уларнинг қалбида чексиз қувонч ва фахр мужассам. У Ўзбекистон терма жамоаси сафида Германияда ўтказилган Жаҳон шахмат олимпиадасида муваффақиятли иштирок этиб, Вьетнамда ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида бронза медалига сазовор бўлди. Шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони, XVI Осиё ўйинлари кумуш медали совриндори Нодира Нодиржонова ушбу муваффақиятларида “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг аҳамияти катта эканини таъкидлашдан чарчамайди.

Дарҳақиқат, юртимизда ташкил этилган уч босқичли спорт мусобақалари навқирон авлодни жисмонан ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур тизимнинг ўрта бўғини – “Баркамол авлод” спорт ўйинлари бу гал олтинчи бора ўтказилмоқда. Ушбу мусобақага илк маротаба 2001 йилда Жиззахда старт берилган эди. Нуфузли “кичик олимпиада”нинг мамлакат босқичида туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги беллашувларда ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашади. “Баркамол авлод” беллашувларида қайд этилаётган натижалар, кўрсаткичлар, рекордларнинг йилдан-йилга ўсиб бораётгани ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқиши, жисмоний салоҳияти юксалаётгандан далолат бермоқда.

Ёшларимизнинг ўз ақл-заковати ва истеъдодини тўла намоён этиши, бугунги ва эртанги кунимизнинг том маънодаги ҳал қилувчи кучига айланиши учун Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида катта имкониятлар сафарбар қилиниб, кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, навбатдаги “Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақалари Наманган шаҳрида ўтказилади. Айни пайтда юртимизнинг ушбу жаннатмакон гўшасида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, кўнглингиз қувнайди.

Мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан “Кичик олимпиада” деб таърифланган уч босқичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари Олимпия ўйинлари қоида ва талаблари асосида ташкил этилган. Бу йилги мусобақаларда ҳам спортнинг 16 тури бўйича беллашувлар Наманган шаҳридаги олтита замонавий объектда бўлиб ўтади. Жумладан, Наманган Олимпия заҳиралари коллежида баскетбол, “Дўстлик” теннис кортида теннис, стол тенниси, “Паҳлавон” спорт мажмуасида бадиий гимнастика, “Баркамол авлод” спорт мажмуасида енгил атлетика, гандбол, оғир атлетика, футбол, шахмат, сузиш, Наманган муҳандислик-педагогика институти спорт залида волейбол, Олий спорт маҳорати мактабида дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, таэквандо WTF бўйича финал баҳслари ўтказилади.

Яна ўқинг:  Мард ўғил келтирган шараф

– Мусобақалар бўлиб ўтадиган ва иштирокчилар яшайдиган спорт мажмуалари ҳамда ётоқ жойларнинг ҳар бирида алоҳида штаб тузилиб, ушбу масканлар ҳамда уларнинг атрофида ободонлаштириш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, – дейди Наманган вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Илҳомжон Мирзабоев. – Меҳмонларимиз Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган шаҳар хизмат кўрсатиш, 1-тиббиёт, Давлатобод енгил саноат коллежларининг тураржойлари, “Дўстлик” теннис корти меҳмонхонасига жойлаштирилади.

Тадбирнинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари “Навбаҳор” марказий стадионида ўтказилиши кўзда тутилган.

Ёшлар спорт байрамида 2 минг нафардан ортиқ меҳмон, жумладан, минг нафарга яқин спортчи, 220 нафардан зиёд мураббий, 182 нафар ҳакам, шунингдек, спорт федерацияларининг 15 нафар вакили ҳамда 350 тадан зиёд хореография гуруҳи аъзоси меҳмон бўлиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, жорий йилга келиб Наманган вилоятида 3 минг 379 та спорт иншоотлари фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 23 та ўйингох, 759 та спорт зал, 19 та сузиш ҳавзаси, 564 та баскетбол, 762 та волейбол, 368 та қўл тўпи, 349 та футбол, 327 та кичик футбол майдонлари, 102 та теннис корти ҳамда велотрек, от спорти ҳамда 38 та (сунъий) ва бошқа спорт турлари ўтказиш учун мўлжалланган майдонлар, иншоотлар аҳолига хизмат қилмоқда. Ушбу иншоотларда 511 минг 295 нафар киши спорт билан шуғулланмоқда. Қувонарлиси, уларнинг 248 минг 201 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Шунингдек, 8 минг 529 та спорт секция ва бўлимлар ташкил этилган бўлиб, ушбу секция ва бўлимларда 233 минг 836 нафар киши мунтазам жисмоний ва руҳий ҳолатини мустаҳкамлаб келмоқда.

Қолаверса, спорт мусобақаларини оммавий ахборот воситаларининг 140 нафар ходими узлуксиз ёритиб боради. Уларга “Баркамол авлод – 2014” мусобақасининг матбуот ва ахборот марказида барча зарур шароит яратилиб, мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди. Алоҳида веб-сайт ишга туширилди.

Спортчилар учун мусобақа доирасида вилоят марказининг диққатга сазовор жойларига саёҳат, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади. Мусобақа қатнашчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, “Камолот” ёшлар боғи, “Кичкинтой” боғида таниқли хонандалар, актёрлар, адиблар, спортчилар билан ижодий учрашувлар ўтказади. “Истиқлол”, “Ифтихор кийим саноат” сингари замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишадилар.

Яна ўқинг:  ЁШ АВЛОД – ҲУҚУҚИЙ МУҲОФАЗАДА

Мусобақа кунлари жойларда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги вилоят бўлими томонидан ҳужжатли ва бадиий фильмлар, Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида спектакллар намойиш этилади. Боғлар ва хиёбонлардаги маданий тадбирларда фольклор-этнографик жамоалар, ашула ва рақс ансамбллари, эстрада гуруҳлари қатнашади.

Тошкент шаҳар ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасидан маълум қилишларича, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари миқёсида ўтказилган саралаш босқичида 62 минг 184 нафар ўқувчи иштирок этган бўлса, улар орасидан минг нафардан зиёди иккинчи босқичда ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Мусобақанинг финал босқичидан ўрин олган спорт турлари бўйича пойтахтимиз шарафини Республика олимпия заҳиралари коллежи, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ва Тошкент давлат техника университетлари қошидаги академик лицейлар ҳамда бошқа касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган 83 нафар ўқувчи иштирок этади.

Наманган вилояти ёш спортчилари ўтган йили Халқаро мусобақаларда 140 та медални қўлга киритган бўлиб, шундан 39 таси олтин, 49 таси кумуш ва 52 таси биронза медалларни ташкил этади.

Пойтахтлик вакилларимиз – ёш футболчилар Республика олимпия заҳиралари коллежи, “Пахтакор” футбол клуби ва Қибрай туманидаги спорт майдонларида мусобақага пухта тайёргарлик кўраётган бўлса, баскетбол бўйича ўсмирлар ва қизлар терма жамоалари Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи спорт залларида сўнгги машғулотларни ўтказмоқда.

– Ушбу спорт мусобақасида юнон-рум кураши бўйича олти нафар ўсмир йигитимиз саралаш босқичидан мувафақиятли ўтишди, – дейди юнон-рум кураши бўйича Тошкент шаҳар терма жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Сайфиев. – Айни пайтда спортчи ёшларимиз жорий йилги мусобақаларда яхши натижаларни қўлга киритиш учун машғулотларга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Ўқувчиларимиз кўпроқ олтин медаль жамғаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Таэквандо WTF баҳсларида Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Темур Ўроловнинг мазкур спорт ўйинлари олди бўлаётган тайёргарлик ва фикрлари билан қизиқдик:

– “Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларига пухта тайёргарлик кўрмоқдаман. Зеро, бу мусобақа биз, ёшларнинг катта спортга қадам қўйишимиз ва келгусида юксак марраларга эришишимизда муҳим мактаб вазифасини ўтайди. Ниятим – моҳир спортчи бўлиб, спорт оламининг нуфузли мусобақаларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

“Баркамол авлод – 2014” спорт ўйинларида 1 минг 78 та медаллар шодаси ўз эгаларига топширилади. Шулардан 316 таси олтин, 339 таси кумуш ҳамда 423 таси бронза медалларидир.

Яна ўқинг:  Қобилият ва имконият: уларнинг рўёбга чиқиши тарбия билан боғлиқдир

Мамлакатимизда ўтказилиб келинаётган уч босқичли ноёб спорт ўйинлари мутахассислар томонидан янги педагогик технология сифатида эътироф этилиб, бугун кўплаб давлатлар томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётир. Мазкур спорт мусобақалари мамлакатимизнинг барча ўқувчи ва талаба-ёшларини ўз сафига қамраб олмоқда, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб улғайиши учун хизмат қилмоқда.

Бундай улкан имкониятлардан самарали фойдаланиб, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларида ўз билим ва истеъдодини, куч ҳамда имкониятларини намоён этиб мувафақиятларга эришаётган фарзандларимиз билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди.

Наврўз НОРБОБОЕВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: