Ўтмиш сурати: элга маърифат улашган мутафаккир

Чунки фотоаппарат ва бошқа суратга олиш анжомларини Фарғона водийсига фан-техника янгилиги сифатида биринчи бўлиб Ибрат домла олиб келган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятида бўлган учрашувдаги нутқида вилоятда туғилиб ўсган ва миллий маданиятимиз, адабиётимиз, санъатимиз, илм-фанимиз ривожига улкан ҳисса қўшган маърифатпарварлар ҳақида гапирар экан, “Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, Ватан ва халқ истиқлоли учун жонини фидо қилган улуғ бобомиз Ибрат домла ҳақида тўхталиб ўтишни ўринли деб биламан”, деган эди.

XIX асрда Тўрақўрғонда туғилган Исҳоқхон Тўра Ибрат араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Қадимий финикия, яҳудий ва юнон ёзувларини ўрганган. Ўз билимини бойитиш мақсадида дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, турли халқлар тарихи ва маданиятини тадқиқ қилган, Шарқ ва Ғарб илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган. Дунё тамаддунининг илғор маданияти, фан ва техника янгиликларидан юртдошларимиз ҳам баҳраманд бўлиши йўлида сидқидилдан меҳнат қилган.

Исҳоқхон тўра Ибрат 1896 йили Кошғар сафаридан қайтгач, олти тилни ўз ичига олган “Луғати ситта алсина” (Олти тилли луғат) номли асарини ёзди. Китоб анча қийинчиликлар билан 1901 йили Тошкентда чоп этилди. Ибрат илғор педагог сифатидаги фаолиятини давом эттириб, 1907 йили ўз уйида “усули савтия” методига асосланган мактаб очди. Унда 30 нафар қишлоқ болаларини ўқитди. Ўқиш-ўқитиш ишларини ўзи тузган дастур асосида олиб борди. Мактаб ёруғ деразали катта хонада жойлашган бўлиб, янги ўқув қуроллари – парта, стол-стуллар, янги ўқув китоблари, қора тахта (доска), дафтар кабилар билан таъминланган эди.

1908 йили Оренбург шаҳридан босмахона ускуналарини келтириб, “Матбаи Исҳоқия” босмахонаси (“Исҳоқия босмахонаси”)ни ташкил этган. 1960 йилгача фаолият кўрсатган ушбу босмахонада кўплаб илмий-маърифий китоблар, рисолалар, газета ва журналлар чоп этилган.

Ибрат ўнлаб китоб дўконлари, кутубхона ва мактаблар очгани, боғлар яратгани Фарғона водийси ижтимоий ҳаётида муҳим из қолдирган бўлса, у яратган олти тилли луғат, илмий-педагогик ва бадиий асарлар ўз даврида талабалар учун ғоят зарур манба бўлиб хизмат қилган. Ибратнинг илм-маърифатга чақирувчи шеърларида инсон тақдири биринчи ўринда турди. У халқнинг иқтисодий-маданий ҳаётига хизмат қилувчи, унинг мушкулини енгиллаштирувчи, узоғини яқин қилувчи илм-фанни, техникани тарғиб этди.

Яна ўқинг:  ЎFЛОН ЭР ЙИГИТ БЎЛИБ ЎССИН

Исҳоқхон Ибрат жаҳон илм-фанида яратилган ҳар бир илғор янгиликдан ўз халқини баҳраманд этишга ҳаракат қилди. 1908 йили ташкил қилинган “Фотографияи Исҳоқия”, 1910 йили Тўрақўрғон аҳолиси учун бунёд этилган истироҳат боғи буни тасдиқлайди. Бугина эмас. У отасидан қолган катта ерни гулбоғ қилди, фаввора қурдирди, 150 туп манзарали дарахтлардан хиёбон яратди, Европа усулида катта иморат қурдириб, унинг аркига “Хуш келибсиз, Исҳоқия боғига!” – деб ёзиб қўйди. Тўрақўрғон аҳолиси уни ҳозир ҳам “Гулбоғ”, “Исҳоқия боғи” деб атайди.

Президентимизнинг юксак эътибори билан Исҳоқхон Тўра Ибратнинг халқимиз олдидаги улкан хизматлари ўзининг муносиб эътирофини топди. Бугунги кунда вилоятда улуғ бобомиз хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тўрақўрғон туманида Ибрат хиёбони ва боғ яратиш, унинг номидаги музей ва вилоятда маърифатпарварнинг номи билан хорижий тилларни ўқитишга ихтисослашган мактаб ташкил этиш каби лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Муаззамхон МАМАЖОНОВА,

Нодира ТУРДАЛИЕВА,

Фарғона олимпия захиралари коллежи ўқитувчилари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: