Ота ибрати – ўғил бола учун ҳаёт сабоғи

Туғилган кунига дадаси велосипед совға қилганидан хурсанд бўлган Шавкат уни яқин дўсти Суҳробнинг уйи томон учириб кетди.

Кўча бошида дўстига дуч келгач, унга велосипедини мақтай бошлади. Суҳроб велосипедга ҳавас билан боқаркан, дўстидан бир марта миниб кўришни сўради. Шу топда Шавкатнинг қизғанчиқлиги тутиб, унга рад жавобини берди.

Суҳроб ранжиганча уйига қайтди. Эшикни очибоқ, ўзини онасининг қучоғига отди. У Шавкатнинг отаси велосипед совға қилганини, чет элга ишлашга кетган дадаси унга ҳам худди шундай велосипед олиб келишини айтиб йиғлади. Фарзандининг сўзларидан аёлнинг кўзига ёш қалқиди. У жигаргўшасига нима деб жавоб беришни билмасди. Беш йилдан буён дараги чиқмаётган турмуш ўртоғини кўз олдига келтираркан, “Ҳа ўғлим, даданг, албатта, велосипед олиб беради”, дея олди холос.

Халқимиз азалдан ўғил бола тарбиясини эркакларга ишониб топширган. Уларни ёшлик пайтиданоқ ҳам руҳан ҳам жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига эътибор беришган.

Бугун мутахассислар ҳам ўғил боланинг 6 ёшдан кейинги тарбияси билан оталар шуғулланиши кераклигини таъкидлашмоқда.

Статистик маълумотларга кўра айни пайтда дунё мамлакатларидаги аксарият кичик ёшдаги болалар ота меҳри ва тарбиясидан мосуво экан. Афсус билан айтиш керак, юртимизда ҳам мурғак фарзандларидан узоқда, ўзга мамлакатлатларда меҳнат қилаётган оталар бор.

– Ўғил бола оила бошлиғи, қўрғони ҳисобланади, – дейди чироқчилик Отабек ака Муқимов. – Отам оилада тўнғич фарзанд бўлган. Бобом оламдан ўтгач, яқинларининг моддий таъминоти улар зиммасига тушган. Йигитлик чоғиданоқ, машинада хориж давлатларига юк ташиб, тирикчилик қилган эди. Бўш вақтларида эса автомобилларга техник хизмат кўрсатган. Кейинчалик укаларини ёнига олиб, уларга ўз ҳунарини ўргатган. Биз ҳам ана шу касб машаққатларини кўриб, улғайдик. Ҳозир отамнинг ишларини олти нафар фарзанди давом эттирмоқда. Айтмоқчиманки, ўғил бола тарбиясида ота ҳар доим ўрнак бўлиши лозим. Ана шунда улар ўртасида мустаҳкам ришта боғланади.

Дарҳақиқат, оила шаънини ҳимоя қилиш, аёли ва фарзандлари бахтини таъминлаш эркак зиммасидаги муқаддас бурч ҳисобланади. Афсуски, бугун кўп оилаларда фарзандлар тарбияси билан фақат оналар шуғулланмоқда. Баъзи одамлар ўғил болага қаттиқроқ туриш керак, деб ўйлайди. Бироқ бу усул доим ҳам кутилган натижа беравермайди.

– Ўғил бола тарбиясида ота-она бир мунча қийинчиликларга дуч келади. Уларни қизиқишлари сари йўналтириб, яхши инсон бўлиб вояга етказиш эса оила катталаридан сабр-тоқат ва катта меҳнатни талаб қилади, – дейди психолог Дилфуза Пардаева. – Афсуски, бугун айрим оилаларда бу масалага бироз масъулиятсизлик билан қаралмоқда. Кўпинча ўта қаттиққўллик билан олиб борилган тарбия усули натижасида ўғил болалар жиззаки, ўз кучига ишонмайдиган бўлиб улғаймоқда. Баъзан эса улар бошқаларга ўз ҳукмини ўтказувчи худбин кимсага айланишмоқда. Шу сабаб, имкони борича уларнинг тарбияси билан оталаримиз жиддий шуғулланишлари, ўғлининг юриш-туришига эътиборли бўлишлари зарур.

Шунингдек, ўғил боланинг тарбиясига бобо ва тоғаларни ҳам жалб қилиш яхши самара беради. Ёлғиз оналар бу борада фарзандининг эрлик ғурурини синдириб қўймайдиган тўғри тарбия усулини топиб олиши, педагог ва психологлар билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиши зарур. Ўғил болаларни отасиз тарбия қилиш ёлғиз она учун ғоят машаққатли иш экани тажрибадан ўтган аччиқ ҳақиқат. Бу кемтиклик улар вояга етгани сари кенгайиб бораверади. Кейинчалик бунинг ўрнини тўлдириш амримаҳол бўлиб қолади.

Бир сўз билан айтганда ўғил бола ҳар қадамда қаттиққўл, шу билан бирга, меҳрибон отанинг маслаҳатларига эҳтиёж сезади. Бошламоқчи бўлган ҳар бир ишида отасининг йўл-йўриқлари зарур эканлигини англайди.

Яна ўқинг:  Либосингизда нима ёзилган?

М. ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: