Осиё ва Оврўпани боғлаган кўҳна кент

Истанбул сафари таассуротлари ҳақида

 

Инсоннинг ўз туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган Ватанидан азизроқ, ундан улуғроқ маскан йўқ, дунёда. Кишининг хурсандчилиги, ташвиши, орзу-истакларини юртдошларичалик ҳеч ким дилдан ҳис эта олмайди.

Олис мамлакатга сафар қилган инсон бу сўзлар қадрини янада чуқурроқ ва теранроқ англайди. Аммо, дунёда шундай ўлкалар борки, у ерларда худди она Ватанинг ҳавосидан нафас олгандек, сенга таниш ва яқин инсонлар билан суҳбат қургандек ҳис этасан, ўзингни. Тарихи асрлар давомида мустаҳкам илдизлар билан боғланган Турк диёрига қилган сафаримиз давомида қалбимизни ана шундай ширин ҳислар сира тарк этмади.

Чиндан ҳам, тили, дини, урф-одатлари бир-бири билан ўзаро чирмашиб кетган ўзбек ва турк халқини бир-биридан айро тасаввур этиш мушкул. Турклар Ўзбек заминини муқаддас деб билади ва уни “ота юрт”, деб эъзозлайди. Истанбул шаҳри кўчаларини сайр этаркансиз, меҳмондўст халқ “nereden gelirsin, milliyetiniz nedir?” дея табассум билан мурожаат қилади. Унга жавобан “Ўзбекистондан, ўзбекман” дейишингиз билан “arkadashlarimiz” дея юксак тавозе кўрсатишади. Қардош турк халқининг диёримиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини ҳис қилиш учун шунинг ўзи етарли, назаримда. Қолаверса, бу меҳмондўст халқ Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким ат-Термизий каби буюк бобокалонларимизнинг илмий мероси ҳозирги кунда ҳам жаҳон илм-фан тараққиётида маёқ бўлиб, нур таратаётганини алоҳида эътироф этади.

 

Туризм – иқтисодиётнинг муҳим бўғини

Бугунги кунда аксарият ривожланган мамлакатларнинг иқтисодиёти туризмга боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Чиндан ҳам миллионлаб сайёҳларнинг мамлакатга кириб келиши, унинг дунё миқёсида эътироф этилишига, халқаро майдондаги обрў-эътиборининг юксалишига хизмат қилади. Бунга Туркиянинг йирик шаҳрларидан бири бўлмиш Истанбулга қилган сафаримиз чоғида яна бир бор амин бўлдик.

Жаҳон сайёҳлик соҳасида 6-ўринни эгаллаган Туркия бир йилда 36 миллион сайёҳни қабул қилади ва бундан 34 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўради.

Мамлакатда бу борада барча зарур шарт-шароит яратилган. Мисол учун, Ўзбекистон фуқаролари учун 2007 йилдан буён Туркияга визасиз кириш тартиби жорий қилинган. Ўз навбатида, Турк халқи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан турк фуқаролари учун визасиз режим татбиқ этилганини мамнуният билан таъкидлашади. Албатта, бу ҳам тадбиркорлар, ҳам сайёҳлар, қолаверса, туризм соҳасида иш юритувчи малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга келишини осонлаштиради.

Яна ўқинг:  Ҳайит муносабати билан беш нафар футболчига имкон берилади

Кўк мачит – икки йирик қитъани бирлаштирган Истанбулнинг ташриф қоғози, деб этироф этилади. Мачит 6 минорадан иборат бўлиб, унинг бетакрор қиёфаси, шубҳасиз, ҳар бир инсонни ўзига мафтун этади.

Усмонийлар сулоласининг бош саройи ҳисобланган Топкапи саройи мажмуи ҳам кўпчиликнинг диққатини ўзига тортади. Усмонийлар сулоласи қулагач, сарой дунёдаги энг улкан ер майдонига эга музейга айланган. Бу ерда томоша қилиш учун мўлжалланган экспонатлар сони 65 мингтани ташкил этади (бу фақатгина коллекциянинг ўндан бир қисми). Сарой-сайилгоҳ ансамблининг умумий майдони баланд ўралган деворлари, боғ ва иншоотлари билан қўшиб ҳисоблаганда 700 минг2 метрни ташкил қилади. Маълумот ўрнида айтиш лозимки, биргина Топкапи сарой мажмуаси ва Аё София ибодатхонасидан давлатга келадиган соф даромад 30 миллион долларни ташкил этади.

Маданий ёдгорликларни зиёрат қилаётиб, юртимиз туризми учун жорий қилиниши керак бўлган қулайликлар ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Улардан бири улкан маданий ёдгорликни сайр этишда аудиогидлардан фойдаланишдир.

Бу қулайлик музейни мустақил равишда кўздан кечиришда сайёҳга яқиндан кўмак беради. Турли тилларда “гапирувчи” аудиогиддан фойдаланиш нафақат ҳамёнбоп, балки қулай ҳамдир. Шунингдек, Топкапи саройи, Кўк мачит, Аё София ибодатхонаси марказида жойлашган катта харита шаҳарни яқиндан билмаган саёҳатчилар учун жуда қулай бўлиб, ундан тарихий ёдгорликлар, овқланиш, савдо-сотиқ марказлари, портлар, метро, трамвай, автобус сингари транспорт воситаларининг жойлашуви ҳақида маълумотга эга бўлиш мумкин.

 

Сахий шаҳарнинг “бедава” ҳадялари

Турклар самимий, кўнгли очиқ ва сахий халқ. Бунга дўконларни айланаётганимизда бир неча бор гувоҳ бўлдик. “Bedava, sana hediye”, яъни “бепул, совға” сўзини англагунимизча анчайин совғаларни беихтиёр рад этишга, ўзимиз истамаган тарзда савдогарларни ранжитишимизга тўғри келди.

Истанбулга қилган сафаримизнинг илк кунлари турклар билан ўзаро суҳбатлашишда бироз қийинчиликларга дуч келдик. Бир-биримизни таржимонларсиз ҳам англайдиган қардош халқ бўлсакда, тилдаги айрим тафовутлар суҳбатлашишда баъзи қийинчиликларни юзага келтириши табиий, албатта. Маҳаллий аҳоли вакиллари билан инглиз, рус ва шунга ўхшаш жаҳон тилларида суҳбатлашиш борасидаги уринишларимиз ҳам бесамар кетди. Даставвал бу ҳолатдан бироз норози бўлдик. Уч-тўрт кун ўтиб, турклар билан ўз тилларида тиллаша бошлагач, уларни ўз она тилига бўлган бу қадар ҳурмат ва эҳтиромига тасаннолар айтдик.

Яна ўқинг:  “АСАЛ”НИНГ ШИРИН ҚИЗАЛОҚЛАРИ

Истанбулга ҳар куни бир неча минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Бундай вазиятда ўз она тилини соф ҳолда сақлаб қолиш жуда муҳим. Чунки тилнинг инқирозга юз тутиши, миллатнинг бошқа кўп сонли халқлар маданиятига сингиб кетишига сабаб бўлади.

Хоҳ аэропорт, хоҳ жамоат транспорти, хоҳ кўчада бўлсин, бирор марта бўлса ҳам чет тилидаги сўзларга кўзимиз тушмади. Учратганларимиз ҳам кичик-кичик эслатмалар бўлиб, шунда ҳам турк ёзувларидан сўнг баён этилган. Хуллас, тил масаласида шошилинч хулосага келганимизни англадик. Шунингдек, Истанбулнинг аксарият гавжум масканларида “Истанбул – буюк шаҳар” деган ёзувларга кўзингиз тушади. Ана шу буюкликнинг бир кўриниши туркларнинг ўз она тилига бўлган ҳурматида акс этган бўлса, не ажаб…

 

Мозийдан сўзлаётган бинолар

Истанбулда масжидлар сони жуда кўп. Шаҳарда Шаҳзода, Сулаймония, Рустам пошшо, Янги мачит, Боязид, Фотиҳ, Лалели, Волида Султон, Селим Султон, Миҳримаҳ Султон каби йирик масжидлар билан бир қаторда бир нечта кичик-кичик масжидлар мавжуд. Истанбулдаги масжидлар икки қисмга ажратилган бўлиб, уларнинг катта қисми эркаклар, кичик қисми эса аёлларга мўлжалланган. Масжиднинг аёллар қисми махсус тўсинлар ёки пардалар билан тўсилган бўлиб, у ерда жойлашган шкафларда хотин-қизлар учун ибодат кийимлари, тасбеҳ ва жойнамозлар бор. Бу каби қулайликлар нафақат шаҳарнинг йирик диний масканларида, балки шаҳар четидаги кичик масжидларда ҳам яратилган.

Истанбулдаги Сулаймония масжиди шаҳарнинг энг йирик, кўркам ва диққатга сазовор масканларидан бири саналади. 1557 йилда меъмор Синон томонидан Султон Сулаймон буюртмаси асосида унинг севимли хотини Хуррам Султонга атаб қурдирилган масжид қадимги давр архитектурасининг ноёб дурдоналарини ўзида акс эттирган. Бу ерга ташриф буюрувчи сайёҳларнинг аксарияти шу икки тарихий шахсни зиёрат қилиш мақсадида дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюради. Уларни бу тарихий шаҳарга чорлаётган оҳанрабо, нафақат ушбу маскандаги мозийдан садо бергувчи иншоотлар, балки улар асосида суратга олинган фильмлар ҳам эканлигини сайёҳларнинг ўзаро суҳбатидан билиш мумкин. Мана санъатнинг сеҳрли кучи неларга қодир.

 

Дунёнинг энг гўзал кутубхонаси

Истанбулни кезиб чарчаган сайёҳ ҳордиқ олиш мақсадида шаҳарда жойлашган кутубхонларга ташриф буюриши мумкин. Шаҳарда бундай масканлар сони жуда кўп. Улар орасида 500 йиллик тарихга эга юксак Боязид Давлат кутубхонаси алоҳида салобати билан ажралиб туради. 1506 йилда Боязид II томонидан мачитнинг бир қисми сифатида барпо этилган ушбу маскан 1884 йилда Султон Абдул Ҳамид II саъй-ҳаракати билан Туркиянинг биринчи давлат кутубхонаси сифатида ташкил этилади. 29252 метр майдонни эгаллаган уч қаватли кутубхона ўзининг улуғвор қиёфаси ва китоблар сонининг кўплиги, гўзал кўриниши бўйича нафақат мамлакат, балки дунёда ҳам етакчи ҳисобланади. Унинг бой хазинасидан бир неча минглаб қадимий қўлёзмалар, миллиондан ортиқ ноёб китоблар ўрин олган.

Яна ўқинг:  Меҳнат қилиш ҳуқуқи ва унинг қонуний асослари

…Сафаримиз қариб, ортга қайтарканмиз, қардош турк халқининг ўзбекларга хос самимийлиги, очиқкўнгиллиги, меҳмонларга бўлган илиқ муносабатига таҳсинлар айтдик.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Тошкент-Истанбул-Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: