Реклама

Орзу-ҳавас кўйида ёхуд никоҳдан аввалги тиббий кўрикнинг аҳамияти хусусида

“Оилада ёлғиз қизман. Коллежни тугатар-тугатмас онам мени дугонасининг ўғлига турмушга бермоқчи бўлди. Олий ўқув юртига ўқишга кириш орзуим эканлигини айтишимга қарамай, гапида туриб олди ва мени “бойвачча” дугонасининг ўғлига узатди. Тўйимиз шунчалик тезлашиб кетдики, ҳатто ФҲДЁ бўлимига боришга ҳам улгурмай қолдик. Бу тезлатишларнинг “сири”ни тўйдан кейин тушундим.

Билсак, турмуш ўртоғим гиёҳванд экан. Энди дардимни кимга айтишни билмайман. Чунки бу тўйнинг бўлишига ўзим ҳам сабабчиман. “Нега тиббий кўрикдан ўтмадик? Нима учун бахт мендан юз ўгирди? Айбим нима?” каби саволлар ич-ичимни кемираяпти. Лекин энди кеч…”

Никоҳни қайд этишдан аввалги тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳақида жуда кўп гапирилади. Аксарият фуқаролар бу масалага жиддий ёндашмоқда. Бироқ, ҳалигача тиббий кўрикка панжа орасидан қараб, орзу-ҳаваслар кўйида фарзандини аро йўлда қолдираётганлар ҳам учраб турибди. Баъзи ҳолларда йигит ёки қизнинг насл-насаби-ю саломатлиги, оила қуришга нечоғлик тайёр эканлигига аҳамият қаратмай, сеп-сидирғаси, қуда бўлмишларнинг ҳашамдор ҳовлиси-ю қўша-қўша машиналарига маҳлиё бўлиб катта ишни бошлаган айрим кишилар вақти келиб оғизлари куйгач, аттанг қилиб қолишмоқда. Бу эса жамиятимиз олдида турган жидий муаммолардан биридир.

Аслида никоҳдан ўтувчи шахсларнинг никоҳ олди тиббий кўрикдан ўтишлари нафақат оила саломатлиги, балки дунёга келадиган келажак авлод соғлиғи учун ҳам ўта муҳим тадбирдир. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча фуқаролар Оила кодексига мувофиқ тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Никоҳланувчиларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш – ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий аҳамиятга эга масала. Буни миллий генофондни мустаҳамлаш сари ташланган катта бир қадам, деб ҳисоблаш керак.

Соғлом турмушни издан чиқарадиган ирсий касалликларга сабаб бўладиган салбий одатлардан бири яқин қариндош-уруғлар (тоғавачча, холавачча, амакиваччалар) ўртасидаги никоҳдир, – дейди Қашқадарё вилоят “она ва бола скрининги” маркази бош шифокори Махфурат Хушвақтова. – Бизга маълумки, кар-соқов ва бошқа жисмоний нуқсонлар билан туғиладиган болалар асосан яқин қариндошлар ўртасида никоҳланган оилаларда кузатилади. Шу сабабли яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ ларга йўл қўйилмаса, бу каби салбий ҳолатларнинг олди олинади.

Туғма ва ирсий касалликларнинг бошланғич профилактикасида аҳоли кенг табақалари, хусусан, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш биринчи галдаги вазифадир.

Яна ўқинг:  Олий ўқув юртларида тест синовлари бошланди. Ваъда қилинган шаффофлик таъминланадими?

Янги ҳаёт остонасида турган азиз ёшлар, ҳеч қачон ўз ҳаётингизга, тақдирингизга бефарқ бўлманг. Тиббий кўрикдан ўтиш, ўз соғлиғингиз ва бўлажак жуфтингизнинг соғлиғидан бохабар бўлиш билан келгусида соғлом оила барпо этасиз, шу орқали жамиятимизга ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаб берасиз. Миллат ва мамлакат келажаги, унинг ижтимоий ва маданий салоҳияти айни шу жиҳатларга боғлиқ эканини унутманг.

 

Ш. БОЗОРОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: