Оқиш майсадаги ҳаёт учқуни

Кунлар заҳрини ташлаб, теварак-атрофдан кўклам иси кела бошлади. Қаердан буни била қолдинг, деб сўрарсиз ҳойнаҳой. Сумалакдан. Сумалак учун ундирилган буғдойдан…

Яқинда хизмат сафари билан Гулистон туманига бордик. Йўл-йўлакай бир онахон қўл кўтариб, уловимизни тўхтатди. Улар машинага ўтириб улгурмай, димоғимизга кўклам ифори урилди. Беихтиёр онахонга қарадим: – Қўлида бўзхалта.

– Буғдой. Сумалак учун ўстирилган, – қизиққанимни пайқаб, изоҳ берди онахон. – Бугун сумалак пишираман-да!

Бир пастда суҳбатимиз қизиб кетди. Ёши олтмишларда бўлган бу онахоннинг таърифлашича, у яшаётган гўшага бориб, Ойсара опа кўрпабичарни сўрасак, бас, ҳамма таниркан. Онахон ҳар йили сумалак пиширираркан. Сумалакка буғдой танлаб, ундиришдан, пишириб, пиёлаларга сузилишгача бўлган жараёнга ўзи “бош-қош” бўларкан.

– Шу кунгача қанча маҳаллалар-у, ташкилотларга сумалак пиширдим, – дейди онахон.

Суҳбат баҳона бу баҳорий таом ҳақидаги маълумотларимиз кенгайиб борди.

 

– Сумалакни таомлар маликаси, десак янглишмаймиз. Чунки, у бошқа емаклардан фарқ қилади. Унинг тайёрланиш талаблари ҳам ўзгача.

 

Таом – малакли. У покизаликни, яхши ниятни талаб қилади. Ювилмаган юз билан унаётган буғдойга қараб бўлмайди, бўлажак сумалакдан маза қочади.

Болалик чоғларим ёдимга тушади. Раҳматли бувим ҳам “ундирилаётган буғдойга эрталаб юзингни ювмасдан қарамагин, буғдой хафа бўлади, кейин сумалак аччиқ пишади”, дер эди.

– Таомнинг мазали чиқиши атрофидаги кишилар ниятига, аҳиллигига ҳам боғлиқ, – сўзида давом этади Ойсара опа. – Шунинг учун сумалак пиширишдан олдин барча араз-гиналарни унутиш керак. Шундагина шоҳ таомимиз асалдай тотли чиқади. Бу ҳақида шундай ривоят бор: Ой билан Қуёш опа-сингил бўлган экан. Улар жанжаллашиб, уришиб қолишибди. Ой Қуёшга ҳовучида игнани, Қуёш Ойга кулни сепиб юборган экан. Хайриятки, Наврўз кунида улар ярашади. Гинани унутишади. Наврўзнинг одати, эзгулиги шунда!

Онахон манзилига етиб, машинадан тушиб қолади. Биз эса кўкламни, Наврўзни ўйлаймиз. Сумалакка “малакли таом” дея таъриф берилганини ўзимизча қайта-қайта мушоҳада қиламиз. Албатта-да, ахир таомни фаришта оналаримиз бош бўлиб пиширишади. Наврўзимизда чиндан мўъжиза бор. Ахир баҳорни “қозоносар” маросими бошлаб беради-да. Ўйин-кулги, куй-қўшиқлар қишнинг тугагани-ю, баҳорнинг бошланганидан дарак беради. Кун ва тун тенглашиб, янги ҳосил мавсуми бошланади. Йилни яхши ниятлар билан, тўла қозон атрофида кўпчилик бўлиб кутиб олишимизда катта ҳикмат бор. Етказганига шукур!

Яна ўқинг:  Сизни тушуниши учун СИЗ ҲАМ ТУШУНИНГ

 

Озода МАМАДАЛИЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: