Ўқиган қиз “шаҳар” олиб бeради

Мана, коллеждаги сўнгги ўқув йилимиз ҳам ниҳоялаб бормоқда. Ўқувчиларнинг кўпчилиги талаба бўлиш истагида эрта-ю кеч тиним билмайди. Айниқса, илмга чанқоқ ўқувчилар орасида қизларнинг кўплиги қувонарли ҳол.

Ҳали имтиҳонларга анча вақт бўлишига қарамасдан гуруҳдошларим даврасида қайси олий ўқув юртига кириш ҳақида кўп баҳслашамиз. Ўтган ҳафтада ҳам дугоналарим билан шу мавзуда узоқ тортишдик, аммо бу сафар баҳсимизга гуруҳимиздаги Дилрабо ўзининг ҳайратомуз фикрлари билан якун ясаб берди: “Ўқиган қиз шаҳар олиб берармиди?!”

Гуруҳдошимнинг гаплари узоқ вақт қулоқларим остида жаранглаб турди. Уларнинг фикрича қиз фарзанд институт ёки университетда талаба бўлиш учун эмас, балки ҳаёт мактабига тайёргарлик кўришининг тарафдори экан. Узоққа бормайлик, бугун юртдошларимиз фахрланиб ёдга оладиган, дунё аҳли шеърларини севиб ўқийдиган Зулфия Исроилованинг ота-онаси “Ўқиган қиз шаҳар олиб берадими?” қабилида иш тутганида бугун нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунёда шоира номини ҳеч ким билмасди.

Қолаверса, бугун кўплаб ўзбек қизлари дунё миқёсида ўтказилаётган нуфузли спорт мусобақаларида она Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шода-шода медаллар билан юртимизга қайтиб келмоқда.

Ўзбек халқи шубҳасиз, бахтли эллардан бири. Чунки унинг номини дунёларга танитган алпкелбат, илмга чанқоқ йигитларидан ташқари, олима аёллари, зукко қизлари ҳам бор. Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, ҳозирда ота-онасининг қаршилиги билан айрим ёш қизлар олий ўқув юртларида таҳсил ололмай, орзулари саробга айланмоқда. Оила қуриш ҳар бир қиз бола учун бахт, аммо ҳар нарсанинг ўз вақтида бўлгани яхши. Шундай эмасми?

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юртимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиши, ўз истеъдодини тўла намоён этиши учун барча шароитлар яратилиб, бу масала давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимиз чиндан ҳам жаннатмакон ўлкаки, унда яхши ниятни қалбига жо этган инсон орзулари рўёбини кўради. Бу ўлканинг фарзандларига ҳамма ҳавас билан боқиши тайин. Барчамиз ҳаяжон билан гувоҳи бўлганимиздек, китоб ўқиган қиз “Спарк” олди! Бу ҳам бўлса, ёшларга қаратилган эътиборнинг юксак намунасидир.

Ўзбекистон – имкониятлар бўстони. Шундай экан азиз тенгдошим, имкониятингизни қўлдан бой берманг!

 

Мардона ЗОКИРОВА,

Ангрен ахборот технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси

Яна ўқинг:  Тошкент халқаро конференцияси минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: