ОНА ЗАМИН МЎЪЖИЗАСИ

Етти юз ёшли ёнғоқни эшитганмисиз? Биз эса уни кўришга ҳам улгурдик. Мазкур бобоёнғоқ бетакрор юртимизнинг муаззам воҳаларидан бири – Жиззах вилоятининг жаннатмонанд гўшаси Зомин туманида бўй чўзиб турибди. Диаметри 2,7, баландлиги 20, шохларининг эни эса 28 метрни ташкил этади. Бу маълумотлардан ажабланяпсизми? VII асрлик дарахтнинг бўйи энидан камлиги сизни ҳайратга соляптими?

У грек ёнғоғи. Ушбу бобоёнғоқнинг мамлакатимизга келиб қолиши ҳақида халқ ичида турли хил ривоятлар юради. Уларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги эса номаълум. Мазкур қадимий табиат мўъжизасининг танаси иккига бўлинган. Орасидан зилол сув бир маромда оқиб ўтади. Унинг сокинлиги, хотиржам ва мусаффолиги тоза қалбли, тинч ва осойишта умргузаронлик қилаётган халқимизни ёдга солади.

Ҳа, бу юртнинг табиати ҳам инсонлари каби сахий, олийжаноб.

Дарҳақиқат, Зомин табиатининг ўзига хос таровати бор. Йўл-йўлакай одимларканмиз, тоғ ён бағирларида ястаниб ётган баланд-паст арчалар бизни мафтун этади. Гулу гиёҳларнинг муаттар бўйи ҳаётга бўлган муҳаббатимизни янада оширади. Мовий осмон бағрида, юксак-юксак­ларда қанот қоқаётган бургутларнинг эркин парвозида бебаҳо ҳурлик ва салобатни кўрамиз. Арчалар пойидан сизиб чиқаётган зилол сувларга маҳлиё бўламиз. Бизга ҳамроҳлик қилаётган Зомин миллий боғининг катта инспектори Тўлқин Исмоилов ҳовучини тўлдириб, лунжларидан сув оқизганича тўйиб чанқоғини қондиради. Ичиб бўлгач, бундай булоқлар Зоминда минглаб учрашини, ҳар бирининг ўзига хос хусусияти, шифоси борлигини таъкидлайди. Биз ҳам табиий “дорихона”дан баҳраманд бўлишга шошиламиз. Аммо бир ҳўплам сувнинг таъми, унинг муздай ҳарорати офтоб тиғида қуриб борган силламизга дармон бўлишга етади. Тўлқин ака эса сувнинг таркибий хусусиятлари ҳақида гапираркан, тупроғимизга дуо кетгани, бу маконда кўплаб авлиёларнинг хоки ётганини таъкидлашдан чарчамайди. Ҳа, бундай зиёратгоҳлар Зомин туманида ҳам кўплаб топилади.

Шулардан бири Хўжа Сароб ота зиёратгоҳи ҳамда Пешағор ғори ёдгорлигидир. Бу қадамжони маҳаллий аҳоли “Хўжаи Сароб ота” зиёротгоҳи деб аташади. Бу “Сув бошининг эгаси”, деган маънони анг­латади.

Бу ерда 1321 йилда таваллуд топган Мавлоно Муҳаммад Пешағорий қабри жойлашган. Маълумотларга қараганда Муҳаммад Пешағорий Нақшбандия тариқатининг забардаст вакилларидан бири бўлган. Юксак тафаккур эгаси ҳисобланган. Моргузар тоғи ён-бағирларидаги ажиб кенгликлар, бетакрор гўзал манзара, сўлим ва баҳаво жойлар уни мафтун қилиб, бу мас­канда муқим қолиш нияти туғилган. Шу истак билан ўзига бир кулба қуриб, шу ерда истиқомат қила бош­лайди. Ҳудуди икки гектарни ташкил этадиган мазкур зиёратгоҳ Жиззах вилояти Зомин туманидаги сўлим Пешағор қишлоғининг юқори қисмида жойлашган.

Яна ўқинг:  ЁЗДА ХАСТАЛИККА ЧАЛИНМАЙ ДЕСАНГИЗ…

Бежиз Муҳаммад Пешағорий бу ерларни манзилу макон айламаган. Зеро, Зомин туманида жойлашган Зомин миллий боғи ва Зомин давлат қўриқхонаси юртимизнинг сўлим гўшаларидан бири саналади. Мазкур гўша бўйлаб дунёдаги қуёш ботишига қараб оқадиган тўрт дарёдан бири Сангзор дарёси оқиб ўтади.

Жиззах вилояти Зомин туманида жойлашган гўзал манзара ва қадимий тарихий ёдгорликлар билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур диёрга икки кунлик ижодий сафар уюштирдик.

– Икки кунда Зоминга саёҳат қилиб бўларканми? – дея табассум билан бизни қарши оларкан саволга тутди “Ўзбек миллий туризм компанияси” Жиззах вилоят бўлими бош­лиғи Лола Санаева. Лола опанинг кутилмаган саволи бизни бироз шошириб қўйди. – Ҳудудимизда шундай қадамжолар борки, уларни бир ой давомида ҳам зиёрат қилиб улгурмайсиз.

Дархақиқат, истиқлол йилларида ҳар жабҳада бўлгани каби экотуризм соҳаси жадал ривожланмоқда. Қаровсиз қолган кўплаб тарихий обидаларимиз давлат муҳофазасига олиниб, сайёҳлар ташриф буюрадиган масканларга айлантирилди. Соҳага йўналтирилаётган инвестициялар кўлами йил сайин ортиб бормоқда. Маълумотларга қараганда мамлакатимизда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорликлар мавжуд. Юртимиз тарихий қадамжоларнинг кўплиги жиҳатидан дунёда етакчи 10та мамлакат қаторидан ўрин олган. Шу жумладан, Жиззах вилояти ҳам ўзининг 372 та маданий мерос объектлари, шундан 42 та тарихий обида ва муқаддас зиёратгоҳлар, 267 та археологик манзилгоҳлар, 63 та монументал ёдгорликлар (ҳайкаллар, бюстлар, хотира майдонлари)и билан ажралиб туради. Мазкур ёдгорликларнинг барчаси давлат муҳофазаси рўйхатига киритилган.

– Туризм соҳаси яхлит бир тизим сифатида барқарор ривожланиб бормоқда. Буни биз соҳа равнақи учун ҳукуматимиз томонидан жорий қилинаётган қатор қарор ва қонунларда кўришимиз мумкин, – дейди Лола Санаева. – Бу эса фаолиятимизга катта дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2014 йил 13 мартидаги “Туризм Фаолиятини амалга ошириш ва лицензиялар тартибини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори “Ўзбекистоннинг экотуристик потенциалини мустаҳкамлаш ва экалогик туризмни ривожлантириш” мавзусида ишлаб чиққан лойиҳа шулар жумласидандир. Зеро, авваллари бизга ташриф буюрган меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш, уларни меҳмонхоналарга жойлаштиришда қатор камчилик ва муаммоларга дуч келардик. Энди эса хорижлик меҳмонлар нафақат юртимизнинг тарихий обидалари, ёдгорликларини томоша қилади, балки миллий урф-одат ва анъаналаримиз акс этган, қуёш батареялари билан жиҳозланган, қулай шарт-шароитга эга миллий ўтовлардан бевосита фойдаланишмоқда ва бу уларга маъқул келмоқда. Натижада 2014 йилнинг ўзида 1минг 72 нафар хорижлик меҳмон ташриф буюриб Жиззах вилоятининг моддий ва маънавий ҳаёти, турли зиёратгоҳлари билан яқиндан танишиб юртимиз ҳақида илиқ таассуротларга эга бўлиб қайтдилар.

Яна ўқинг:  Камёб ва нодир малҳам

Суҳбат қизигандан қизийди. Ватанимиз табиатининг сирли мўжизалари бизни тобора қизиқтира бошлайди. Мутахассисларни бирма-бир саволларга кўма бош­лаймиз. Тўлқин Исмоилов ҳам беихтиёр гурунгга қўшилади.

– Ўсимликлар олами, дарахтлар ва арчалар бизнинг беназир бойлигимиз, – дейди Тўлқин ака. Ҳудудимизда Зарафшон, Саур ва Туркистон арча турлари бор. Зарафшон арчаси қуйи-паст минтақада денгиз сатҳидан 2 минг 300 метр баландлиқда ўсади. Саур арчаси эса ўрта тоғ минтақасида денгиз сатҳидан 2 минг 500 метр баландликда, тоғнинг юқори минтақасида денгиз сатхидан 3 минг метр баландликда эса Туркистон арчаси кўкка бўй чўзган. Мазкур арчаларнинг қимматли жиҳати шундаки, у яхши шароитда 5-8 йилда ярим метр баландликкача ўса олади, холос. Зомин миллий боғидаги аксарият арчаларнинг бўйи 3, 4 баъзилари 6-7 метрга тенг. Ҳар бир 50 ёшга етган арча илдизи тагига 1 тоннагача сув йиғиш хусусиятига эга. Ўзидан ортган сувлар сизиб бора-бора айрим жойлардан булоқ бўлиб чиқади. Майда жилғалар қўшилиб сойларга туташади. Сойлар эса бир бўлиб Зомин сув омборини оби-ҳаётга тўлдиради.

Енгил машинада тепаликка қараб кўтарилиб бордик. Илон изини ёдга солувчи сўқмоқлар, бироз хатарли кўринган қияликлар аста-секинлик билан самога элтаётгандек туюлди.

Зомин миллий табиат боғи Туркистон тоғ тизмасининг шимолий ён бағрида ястанган. Ҳар бир айлана йўл бизни тобора денгиз сатҳидан юқорига олиб ўтарди. 1000, 1500, 1800, 2000, 2300, 2600… Азим дарахту саф тортган арчалар пойимизда қолиб кетгандек, юқоридан жуда митти бўлиб кўринади. Қуёш иссиқ қўлини кифтимизга қўйди чоғи, елкамизни қиздира бошлади. Аммо узоқ-узоқлардан елган шамол кишига ҳузур бағишлаб бизни яна ва яна тепаликларга чорлагандек бўлади. Биз турган тепаликнинг бироз нарироғида минг йиллик арча салобат билан турарди. Минг йил давомида эсган шамолу бўронларга бағрини тик тутганча виқор билан туриши кишига бир ҳаётий ҳақиқатни ёдга солади: Ҳаётнинг ҳар қандай қи­йинчилигу ташвишлари бўлмасин, ҳамиша уларга кўксини қалқон қилиб сабр-матонат билан курашмоқ лозим.

Зомин миллий боғининг энг баланд нуқтаси Туркистон тоғ тизмасининг Шаукартоғ чўққиси бўлиб, денгиз сатҳидан 4 минг 33 метр баландликда жойлашган. Қўриқхонанинг илмий ишлар бўлимининг маълумотига кўра, бу ҳудудда 700 дан ортиқ ўсимликлар турлари ўсади, 13 тури Ўзбекистоннинг “Қизил китоби”га киритилган, айниқса ширачларнинг, лолаларнинг камёб турлари бу ҳудудда сақланиб қолган. Зомин миллий боғи ўсимлик дунёси бой бўлиб, қадимдан ботаник олимларининг эътиборини ўзига жалб қилган.

Яна ўқинг:  ШИОРЛАР ШИВИРЛАБ АЙТИЛМАЙДИ

Жорий йилдан миллий боғ ҳудудида бир хайрли ишга қўл урилган. Зомин миллий боғи ҳудудида униб-ўсувчи доривор гиёҳлар туркумига кирувчи табиий кийик ўти, чой ўти, тоғ райҳони, чаканда, эфедра каби турли шифобахш гиёҳлар миллий боғ қўриқчилари томонидан тепаликлардан йиғиб келиниб табиий шароитда қуритилади. Тайёр бўлган гиёҳлар омборларга жойлаштирилади.

– Ҳудудимизда флора дунёсига путур етказмаган ҳолда ўрмон ходимлари гиёҳларни йиғиб табиий шароитда қуритиб юртимиздаги тегишли ташкилотларга етказиб бериш ниятидамиз, – дейди Тўлқин ака. – Илгари бундай шифобахш гиёҳлар чет давлатлардан келтириларди. Энди эса бунга ҳожат йўқ. Зеро, юртимиздаги ҳар бир гиёҳ шифобахш, минг бир дардга даво саналади. Насиб қилса фаолиятимиз кенгайиб қадоқлаш бўлимини ҳам ўз ҳудудимизда ташкил этамиз. Натижада бўш ишчи ўринлар очилади. Аҳоли банд­лиги таъминланади.

Қуёш ўз хобгоҳи томон оққан маҳал бехосдан этни жунжуктирадиган салқин шабада эсди. Димоққа тепаликлардан азим арчаларнинг ёқимли ифори урилди. Унинг ҳаётбахш нафасидан энтикасан, киши. Кўксингни тўлдириб ёқимли ҳаводан сипқорасан, сипқорасану аммо бунга қаноат қилмайсан. Вужудинг бўшамагунича яна ва яна мусаффо ҳаводан симирасан. – Бу ернинг ҳавоси шундай бехосдан ўзгарувчан, – дейди Тўлқин ака Исмоилов. – Зоминнинг қиш фаслидаги тароватини кўринг, ниҳоятда фараҳбахш.

Тонг ўз ўрнини аста тун зеболарига бўшатиб берди. Зомин осмони узра порлаган юлдузлар акси шу қадар тиниқ тортганки, гўё самодан тўкилиб тушаётгандек, олис-олислардан бургутларнинг аҳён-аҳёнда эшитилган овози ўзини шу замин самосининг эгаси экангилиги таъкид­лаб тургандек. Машинада ортга қайтар эканмиз, вужудимиз бир тиниққанини ҳис этамиз. Бир олам янгиликлар олганимиздан севинамиз. Биламизки, бу Зомин замини ҳақида билганларимиздан билмаганларимизнинг чеки йўқ. Биламизки, эртанги кун янги ва унутилмас ҳайратларга шоҳид бўлади.

Маърифат ТОЛИПОВА,

Гулноза ЭГАМБЕРДИЕВА,

Тошкент – Зомин – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: