ОНА БАҒРИ – БАХТ ОШИЁНИ

Пойтахтимизнинг марказига ўрнатилган “Бахтиёр она” ҳайкалига боқиб, бизнинг эртанги кунимиз кечагиданда фараҳбахш ва мунаввар эканлигини англаймиз. Бу юртнинг шаҳдам одимлари она ва бола саломатлиги, аҳолининг фаровон турмуши сари йўналтирилгандир.

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, миллат саломатлиги борасидаги эзгу ишлар юксак эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг қай ҳудудига боқманг халқаро стандартларга жавоб берадиган ихтисослаштирилган шифохоналар ва уларнинг вилоят ҳамда туманлардаги бўлимларида юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишнинг ноёб тизими шакллантирилди. Туман ва вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, малакали кадрлар билан таъминланган ихчам туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари ҳамда поликлиникаларининг тиббий хизмат сифати ошди.

Таъкидлаш жоизки, она ва бола саломатлиги борасида бугун мамлакатимизнинг барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши сезиларли даражада камайди. Сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд қисқарди. Уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди. Шу билан бирга бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик – хотин-қизлардаги камқонлик даражаси бир мунча пасайганлиги эса эзгу саъй-ҳаракатнинг самараси саналади. Бугунги кунда мамлакатимиз болаларининг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш миллий модели Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш самарали стратегияларидан бири сифатида дунёда эътироф этилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутриентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом ва баркамол фарзандларни дунёга келтириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Ўз халқига бу қадар эътибор ва саховатпешалик, бундай тажриба жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамайди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилмоқда. Ўзбекистон аҳоли саломатлигига ғамхўрлик кўрсатаётган дунёдаги етакчи мамлакатлардан бирига айланди. Ҳиндистоннинг “Аpollo”, “Аrtеmis”, “Меdanta”, “Маx”, “BLK” каби тиббиёт муассасалари билан Тошкент тиббиёт академияси клиникалари, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ўзаро ҳамкорликда иш олиб бораётгани, 2015 йилда ўттиз нафарга яқин шифокорларимиз Ҳиндистонда бўлиб, кардиология, ортопедия, педиатрия каби йўналишлар бўйича малака ошириб, турли семинар ва конференцияларда иштирок этгани фикримизнинг далилидир.

Яна ўқинг:  Мақсад аниқ бўлса, ишда унум бўлади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Маргарет Чен: “Ўзбекистон ўз ютуқлари билан фахрланса арзийди. Халқаро статистика шуни кўрсатмоқдаки, оналар, гўдаклар ва болалар ўлимининг олдини олиш осон иш эмас. Бу муаммо кўплаб мамлакатларда, одатда, баландпарвоз гаплару юксак ваъдалар бериш билан муҳокама этилади. Аммо, мавжуд тажрибадан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, бундай ғамхўрлик сиёсий ирода ва қатъият билан мустаҳкамланмаса, биз ҳеч қачон бу борада тараққиётга эриша олмаймиз. Ўзбекистонда эса 1991 йилдан буён сиёсий масъулият юксак даражада эканини кўриб турибмиз”, деган эътирофи қилинаётган ишларга юксак баҳо саналади.

Шу ўринда айтиш мумкинки, сўнгги йилларда нонормал ривожланган болалар туғилиши 1, 3 баробарга камайди. 6-15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш 9, 7 фоиз, пневмония билан 49, 1 фоиз, бронхит билан 32, 8 фоиз, сколиоз билан касалланиш 32, 7 фоизга пасайган. Оналар ва гўдаклар ўлими уч баробардан ортиқ, туғма нуқсонли болалар туғилиши бирмунча камайгани халқаро экспертларнинг ижобий эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг минтақадаги намунавий модель сифатида эътироф этилгани, айниқса, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Европа минтақасидаги мавжуд 53 та мамлакат ичидан фақатгина 4 та давлат, жумладан, Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тиббий хизматининг миллий модели юқори баҳоланиб, ана шу мамлакатлар учун намунавий модель сифатида қабул қилингани фикримизнинг исботидир.

Яна бир қувончли жиҳат шундаки, 2014-йил Ўзбекистон дунёдаги энг нуфузли – “Save the children” (“Болаларни асрайлик”) халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилгани ҳаммамизга чексиз ғурур бағишлади. Давлатимиз раҳбарининг “2014–2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори репродуктив саломатликни янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида янги имкониятлар эшигини очди. Қарорда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Мухтасар қилиб айтганда болалар қувончи тутган юртнинг осмони мусаффо, кўзлаган мақсади нурли ва хайрли бўлади. Зеро, келажагимиз ворислари – болажонларнинг саломатлиги, фаровон келажаги учун истиқболли лойиҳалар давом этажак.

Яна ўқинг:  Куёв ҳам ўғил ҳисобланадими?

Тошпўлат МАТИБАЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: