Омад эшик қоққан кун

Омад шундай нарсаки, унга ишонганлар муваффақиятнинг юксак чўққиларини забт этади. Бугунги қаҳрамонимиз Лилиан Вернон ҳам унга ишониб сира ютқазмади. 14 ёшдан бошлаб меҳнат фаолиятини бошлаган ёшгина қизалоқ вақти келиб, каталог­лар бўйича шахсий ёзмалари мавжуд турли буюмлар савдоси билан шуғулланадиган “Lillian Vernon Corporation” хусусий компаниясига асос солди.

Ҳар йили “Lillian Vernon Corporation”нинг 140 млн.дан ортиқ каталоглари поч­та орқали турли манзилларга жўнатилади. Бу корхонанинг доимий мижозлари қаторига Хиллари Клинтон, Френк Синатра, Арнольд Шварцнеггер, Стивен Спилберг ва бош­қа машҳур кишиларни киритиш мумкин. Мижозлар орасида бундай обрўли инсонларнинг борлиги, шубҳасиз, ушбу компаниянинг нуфузидан ва хизматларининг сифатлилигидан далолат беради.

Саноат лидерларининг Лилианни “каталоглар маликаси” деб аташи бежизга эмас. Боиси, бугунги кунда у бош­қараётган корпорациянинг айланма маблағ миқдори йилига юзлаб миллион долларни ташкил қилади. Барчаси эса 1951 йилда оғироёқ Лилианнинг оила бюджетига озгина бўлсада, ўз ҳиссасини қўшиш истагидан бошланган эди. Ахир қандай қилиб бундай аёлнинг топган озгина маблағи миллионлар келтирадиган бизнесга айланган деган савол туғилиши, табиий.

 

ИЧКИ ОВОЗИНГГА ҚУЛОҚ СОЛ

Лилиан Вернон ҳар бир ишни бошлашдан аввал доимо ўз ички овозига таянар эди ва буни у “олтин ички овоз” деб атарди. У бизнесини ривожлантиришда ҳеч қачон классик маркетинг усулларидан фойдаланмас, аксинча, ҳамма нарсани тес­карисига, барча қоидаларга зид равишда бажарар эди ва бу билан Лилиан тажрибали маркетологларни ҳайратда қолдирарди. Айнан интуиция, яъни ички овозга қулоқ солган ҳолда, Лилиан Вернон сотиш учун товарларни танлар эди. Узоқ давом этган муваффақиятли савдо жараёнидан шундай хулосага келиш мумкинки, интуиция Лилиага панд бермади ва у ўз ички овозини диққат билан тинглашни ўрганди.

 

НОАНЪАНАВИЙ ЁНДАШУВ

Лилиан шуни яхши билардики, рақиблари ундан анча кучли ва улар ўз аудиториясини қозонишга муваффақ бўлишган. Лекин у ҳамма юрган йўлдан бормади, аксинча, ўз йўлини кашф қилди: “Бошқалар қадам босишга қўрққан йўлдан юринг”.

Унгача каталоглар бўйича товарлар савдосини таклиф қилувчи ҳеч қайси компания 10 йил ичида маҳсулот учун 100 фоизли пулни қайтариб бериш кафолатини бермаган. Лилиан ташкил қилган компания маҳсулотларининг барига буюм эгасининг исми ёзилар ва бу нарса маҳсулотни қайта сотиш имконини чекларди. Бундай ишониб бўлмас кафолатни беришга жазм қилган Лилиан тез орада рақиблари орасида етакчи ўринга чиқиб олди ва мижозларининг ишончига сазовор бўлди. Айнан ИШОНЧ ВА ҚАТЪИЙЛИК Лилиан Вернон компаниясининг бош сифатларига айланди.

Яна ўқинг:  Хушхабар рақамлар

 

ҚИЙИН МУАММОЛАРНИНГ ОСОН ЕЧИМИ

Бу принцип Лилиан Верноннинг АҚШда энг омадли ва машҳур тадбиркорлардан бири бўлишига имкон берди. Муваффақиятнинг сабаби ва бизнеснинг фалсафаси унинг сўзларида намоён бўлади: “Мен ҳеч қачон ўз уйимда бўлишини истамаган нарсани сотмайман”. Айнан шу қоидага асосланиб, у ўз каталогларига маҳсулот танлар ва сира адашмас эди.

 

ҲАР БИР ИМКОНИЯТДАН СЎНГГИ ТОМЧИСИГАЧА ФОЙДАЛАН

Бундай ибораларни деярли барча муваффақият қозонган тадбиркордан эшитиш мумкин. Ҳар қандай вазиятни ўз фойдасига ишлатишнинг ёрқин мисоли Эсте Лаудер бўлган (айтганча, у Лилиан Верноннинг кумири эди). Лилиан ҳеч қачон ҳар қандай вазиятдан энг кўп фойда олиш имконини қўлдан бой бермас эди. Муаммоларни у имконият деб ҳисоблар ва ундан тўлиғича фойдаланар эди. “Мен ҳеч қачон ўз хатоларимни мени мағлубиятга учратиши ёки йўлдан адаштиришига йўл қўймайман, аксинча, уларни сабоқ билиб, энг самарали усуллар билан доимо олға силжийман”. Ички овоз билан бирга, ушбу қобилият ва ноанъанавий ёндашув унинг муваффақиятининг асоси бўлди.

 

БИЗНЕС – ОДДИЙ ИШ ЭМАС, БАЛКИ ЭҲТИРОС

Озгина маблағ топиш истаги билан бошланган Лилиан Верноннинг бизнеси жадаллик билан унинг ҳаётининг мазмунига айланди. Бундай қизиқиш ва ўзини севган касбига бутунлай бахшида этиш, унга кўпмиллионли бизнесни шакллантириш ва ўзини намоён қилиш имконини берди.

 

ОТАНИНГ ИБРАТИ

Лилиан 5 ёшлигида отаси ўзининг муваффақиятли бизнесини сотишга мажбур бўлади ва уларнинг оиласи нацистлар Германиясидан қочиб, Голландияга, бир неча йилдан сўнг эса Америкага кетишади.

 Отасининг ибрати, яъни унинг ҳар қандай ўзгариш­ларга тез мослашиши Лилианга катта сабоқ бўлди. У ўз отаси ҳақида шундай дейди: “Фикримча, айнан падари бузрукворим мен тақлид қилишим мумкин бўлган биринчи ва энг асосий одам эди. Мен ҳеч қачон уни реалликка мослашиш қобилиятини унута олмайман. Бу охирги ўн центни ишга сарфлаб, ундан имкони борича охиригача катта фойда олишдир”. Отасининг қатъияти Лилианнинг омад чўққисига чиқишида бир пиллапоя вазифасини ўтади: “Мен шу нарсадан ҳайратланаманки, агар отам бирон бир тасмани сотишга муваффақ бўлмаса, у шу заҳоти улгуржи савдогарлардан яна бирон бир нарсани топиб, унга пулини сарфлар эди”.

Яна ўқинг:  Гўшт ва гўшт маҳсулотлари расталарида: харидор қай жиҳатларга эътибор қаратиши лозим?

У туфайли Лилиан ҳаётнинг энг қийин ва муаммоли вазиятларида ҳам енгилмаслик кераклигини англади ва айнан бу нарса кейинчалик унинг бизнесида асқотди.

 

Эътибор беринг-а, деярли барча муваффақиятга эришган шахслар энг оддий бўлган ва ҳақи кам тўланадиган ишлардан бошлаган. Лекин айнан шу тажриба усули уларга кўринмас чўққиларни заб­т­­ этишига имкон яратиб берди. Бу Лилиан Верноннинг муваффақиятга эришиш сабабларининг барчаси эмас. Унинг ҳаёти ва қўлга киритган ютуқлари ҳақида яна узоқ сўз юритиш мумкин. Бу маслаҳатларни ҳаётга тат­биқ этинг ва балким бир неча йилдан сўнг биз сизнинг муваффақият сирларингиз ҳақида ёзармиз.

 

Интернет материаллари асосида Зоҳида ТУРСИНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: