ОЛДИНРОҚ ОВОЗ БЕРИШ ИМКОНИЯТИ

Мен сайлов куни ўз турар жойимда бўлмайман, хорижга бир ойлик ўқишга кетяпман. Бу ҳолатда овоз бериш масаласи қандай ҳал этилади? Сайловчининг олдинроқ овоз бериш имкониятини таъминлаш мумкинми?

Темур Авезов,

Тошкент

Дарҳақиқат, сайлов куни ўз турар жойида бўлмайдиган ва участка комиссиясига кела олмайдиган сайловчининг олдинроқ овоз бериш имкониятини таъминлаш институти мавжуд. Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини талаб қилиб олиши, бир қарорга келгач тўлдирилган варақани конвертга солиб, уни елимланган, яъни ёпиқ ҳолда участка комиссиясида қолдириши мумкин.

Сайловчига олдинроқ овоз бериш имкониятини яратадиган узрли сабаблар қаторига-таътил, хизмат сафари, меҳнат ва таълим фаолияти режими, давлат ва жамоат олдидаги мажбуриятларини бажариш, саломатлигининг яхши эмаслиги туфайли даволаниш кабилар киради.

Бунда сайловчининг бошқа маъмурий ҳудудга кетаётганлиги тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Сайлов ўтказиладиган куни овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссиясининг аъзолари ҳозирлигида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар сайлов қутисига ташланади.

Шунингдек, муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш чоғида ҳам хоҳиш-ирода ифодаси яширинлигига амал қилиш кафолатлари белгиланган.

Овоз беришнинг яширинлиги – фуқаронинг хоҳиш-ирода ифодаси ҳар қандай йўл билан назорат қилиниши мумкинлигини истисно этувчи, унинг берган овози натижалари бошқа шахсларга ошкора қилинмаслигини кафолатловчи конституциявий тамойилдир. Ушбу принцип фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлигини ифодалайди.

Яширин овоз бериш принципининг сайлов комиссияларининг аъзолари, мансабдор шахслар томонидан бузилиши айбдорларнинг жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Қирол Аҳмедов,

ҳуқуқшунос

Яна ўқинг:  Беш фоизли имтиёзли кредит

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: