“…ОЛАМ ЮЗИН ОБОД ҚИЛ”

Ҳазрат Алишер Навоийнинг ижоди қанчалик юксак бўлса, у зотнинг юрт ободлиги, эл фаровонлиги, халқ кўнглининг шодлиги йўлидаги хайрли ишлари ҳам шу даражада юқоридир. Хорижда, хусусан, Ғарбда эътибор дастлаб буюк бобомизнинг ижтимоий ва сиёсий фаолиятига қаратилганлиги бежиз эмас.

Алишер Навоий ижод ва ижтимоий фаолиятни ёнма-ён олиб бориб, Хуросон давлатида юксак мақом тутган шахс сифатида халқнинг фаровонлиги, элнинг осойишталиги учун ҳамиша қайғурган. Буюк шоирнинг ижодида ҳам юрт ободлиги, эл ҳаётининг тўкин бўлиши билан боғлиқ кўплаб мисолларни учратамиз.

Алишер Навоийнинг ободлик билан боғлиқ фикру ниятларини қуйидагича таснифлаш мумкин. Биринчиси, кўнгил обод­лиги – инсон, аввало, ўз руҳини пок­лаши зарур, дея таъкидлайди. Яъни, Алишер Навоий маънавият масаласини биринчи ўринга қўяди. Иккинчиси, мамлакат ободлиги – ўз улусини идора этаётган ҳукмдор, унга тобе беклар, амалдорлар юртнинг ободлиги, бунёдкорлик ишлари, халқнинг ҳожатини раво қилиш учун масъул эканлигини Алишер Навоий деярли ҳар бир асарида алоҳида таъкидлайди. Учинчиси эса турмуш ободлиги – бу хусусий масала бўлиб, шоир ҳар бир инсон ўз оиласи обод, ҳаёти фаровон ва тўкин бўлишига жавобгар эканлигига урғу қаратади ва бунинг учун ҳалол меҳнат, ҳалол касб ёки ҳунар лозимлигини уқтиради.

Алишер Навоийнинг фикрича, ободлик тугал ва яхлит тушунчадир. Ободлик, аввало кўнгилдан бошланишига ишора қилади шоир. Кўнгил обод бўлмай туриб, чинакам гўзаллик ва покликка эришиб бўлмайди. “Маҳбуб ул-қулуб”да кўнгил поклигисиз таннинг сиҳати дуруст бўлмаслиги таъкидланади. Баданнинг саломатлиги ёки беморлиги кўнгилга боғлиқ бўлганлиги каби мулкнинг – мамлакатнинг обод бўлиши подшоҳ – ҳукмдорнинг адолати ҳукмига боғлиқдир: “Кўнгул бадан мулкининг подшоҳидур, анга сиҳҳат, мунга ҳам сиҳҳат, анга табоҳи, мунга ҳам табоҳи. Пас улким, кўнгул мулкининг соҳиб жоҳи бўлғай шоҳлар шоҳи бўлғай. Бадан салоҳ ва фасоди, кўнгул салоҳ ва фасодиға тобеъ ва мулк обод ва хароблиғи шоҳ адл ва зулмиға рожеъ. Подшоҳ – мулк баданининг жонидур ва кўнгул – бадан мулкининг султони”.

Алишер Навоий мазкур фикрни баён этиб, мамлакат учун ғамхўр ва соғлом фикрловчи шоҳ керак, тан учун эса пок кўнгил керак деган мазмундаги байтни келтиради:

Яна ўқинг:  ФАРОВОНЛИК ТИМСОЛИ

Мулк учун солим керактур хусрави

кишварпаноҳ,

Тан учун ул узвким, бўлди бадан

мулкида шоҳ.

Яъни, ҳақиқий шоҳ жаҳон мулкини хас дек ҳам билмайди, лекин кўнгилни фалаклар мулкидек улуғ деб ҳисоблайди.

Кўриб турганимиздек, Алишер Навоий ободлик кўнгилдан бошланишига урғу берган. Сўнг эса бевосита шоҳнинг ғамхўрлиги, жонкуярлиги, инсонлар кўнглини ола билиши юрт обод, халқ шод бўлишининг бош тамойили эканлигини таъкидлаяпти.

Алишер Навоий кўнгил ободлигини покликка боғлайди: Одамийнинг яхшироғи улдурким, порсо ва пок бўлғай ва ҳақ сўзин айтурда беваҳму бок бўлғай. Ўзи поку кўзи покни инсон деса бўлур. Тили ариғ ва кўнгли ариғни мусулмон деса бўлур...”

Яъни, одамнинг яхшиси порсо – тоза қалб ва пок бўлади. Ҳақ сўзни қўрқмасдан айта олади. Ўзи ва кўзи покни инсон деса бўлади. Тилидан ўзгалар озор чекмайдиган, кўнглини шубҳа ва гумондан сақлайдиган одамнигина чин инсон дейиш мумкин. Қолаверса, покликка эришмай туриб, соғликка ҳам эришиб бўлмайди. Турмуш фаровонлиги эса инсоннинг тўрт мучаси соғ эканлигидагина татийди, қувонтиради. Демак, шоир инсон бахти унинг ҳам маънавий ва жисмоний соғломлиги билангина тўкис бўлишига ишора қилмоқда.

Алишер Навоий юрт ободлигининг кўплаб омилларини санайди, жумладан, саховат ҳам инсонларни ўзаро яқинлаштириб, эзгу йўлда бирлашишлари учун сабаб бўлади, фақат у ўз ўрнида қилинган саховат бўлиши керак: Ҳунарларни топмоқ – едурмакдур ва айбларни ёпмоқ – кийдурмақдур. Маҳалида берган эски чортора тўн–саховат ва бемаҳал берган зарбофт чорқаб – шақоват. Десангки, таоминг зоеъ бўлмағай – едур ва тиласангки, либосинг эскирмагай – кийдур. Сахо тарийқин мазкур бўлғон сўзла англа, аммо карам ойини ва футувват русуми ўзга англа”.

Яъни, ҳунар ўргатмоқ ҳам муҳтожларга ёрдам бермоқдир, ўз ўринда берилган тўн саховатдир, ўз ўринда ҳадя қилинмагани эса саховат эмас. Таом зое бўлмаслиги учун уни улашиш керак, либос эскирмасдан олдин муҳтожларга ҳадя қилиш лозим. Бу ўринда шоир жамиятдаги ўзига тўқ қатламни моддий етишмовчиликда яшайдиган одамларга ёрдам беришга чақириб, бу орқали элда аҳиллик ва ободлик пайдо бўлишини эслатяпти.

Буюк шоир ўз асарларида юрт бунёдкорлигига, алоҳида эътибор қаратган. Масалан, “Хамса” достонлари қаҳрамонлари ҳисобланмиш Фарҳод, Искандар каби қаҳрамонлар ўзларининг истеъдод ва кучларини юртни обод этишга сарфлайдилар. Шоирнинг фикрича, ободлик, бунёдкорликка бош бўлиш, аввало, шоҳнинг зиммасидадир. Сўнг қолганлар унга эргашади, натижада халқнинг дуосини олади.

Яна ўқинг:  ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИ НИГОҲИДА

Биное тарх қилмоқким ҳамеша,

Эл этгай шаҳ дуосин анда пеша.

Алишер Навоий инсонларни ҳалол ҳунар воситасида турмуш кечиришга ундар экан, бировга қарам ва боқиманда бўлишдан қайтаради. Ҳатто ўзга берган ганжинадан кўра пешона тер билан топилган бир дирҳам аълороқ деб ҳисоблайди:

Бир дирам олмоқ чекибон дастранж,

Яхшироқ андинки биров берса ганж.

(“Ҳайрат ул-аброр”дан)

Шоирнинг “Назм ул-жавоҳир” асаридан ўрин олган рубоийларидан бирида ўз касбига эга бўлган инсоннинг кафти зар олади, унинг икки қўли ҳалол ризқ топишда қийналмайди. Ҳунарсиз инсон ҳамиша ранж чекади. Чунки, ҳунар инсоннинг қўлидаги ганж эрур деган файласуфона фикр берилади:

Косиб кунжи кафи зар олғинчи эрур,

Икки қўли мезони дирамсанжи эрур,

Ким бўлса ҳунарсиз иши-ўқ

ранжи эрур,

Бу важҳ илаким, ҳунари ганжи эрур.

Гарчи шоир ўз асарларида халқнинг фаровонлиги, юртнинг ободлиги учун жон куйдирса-да, бойлик кетидан қувиб, инсофу адолатни, ҳаё ва одобни унутиб қўймасликка чақиради. Кишининг имонига унинг бадавлат эканлиги эмас, ҳаё ва одоби нишон эканлиги, бу икки фазилат ҳурмат олиб келиши, одобли ва ҳаёли инсонлар ўз мақсадларига албатта, эришишларини уқтиради:

Иймонға эрур нишон ҳаё бирла адаб,

Ҳурмат била таъзим саодатқа сабаб.

Ҳаёу муаддаб ангаким, бўлса лақаб,

Мақсудиға кеч етса ажаб, англа ажаб.

Демак, юқорида кўриб ўтганимиздек, буюк шоир ҳамиша эл-юрт учун қайғурган. Буни ўз ижодида акс эттириш билан биргаликда амалда ҳам намоён этган. Хусусан, Алишер Навоийнинг “Вақфия” асари шоирнинг ижтимоий фаолияти билан боғлиқ масалаларни ёритишга бағишланган. Унда шоир ўзининг умри давомида амалга оширган турли ободончилик, хайр-эҳсон ишларига тўхталади. Мазкур асарда келтирилган қуйидаги рубоийда хирсу ҳавасдан кечмай, нафсу ҳавони бартараф этмай, одамларни зулм ва ситамдан озод қилмай элнинг шод, мамлакатнинг обод бўлмаслиги хусусида фалсафий хулоса берилади:

То хирсу ҳавас хирмани

барбод ўлмас:

То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас.

То зулму ситам жониға бедод ўлмас,

Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Умуман олганда, ҳазрат Алишер Навоий асарларидаги бош масалалардан бири айнан кўнгил ободлиги, юрт фаровонлиги масаласи ҳисобланади. “Ҳайрат ул-аброр”­нинг мақолатлари, “Хамса”нинг деярли барча достонларида одил шоҳ орзусининг баён этилганлиги, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Вақфия”, “Муншаот” асарларидаги фалсафий ўгитлар, халқ ҳаёти, ижтимоий табақалар хусусидаги қарашлар буюк шоирнинг Ватан равнақи, эл фаровонлиги учун нечоғлик жон куйдирганлигини билдиради.

Яна ўқинг:  Табиат инсонга ҳаёт тортиқ этиб, дард тортяпти

Бугунги кунда – халқимиз эрк булоғидан баҳраманд бўлиб яшаётган бир паллада буюк бобомизнинг орзулари амалга ошаётганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Хусусан, жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилинганлиги, улкан бунёдкорлик ишлари, барча жабҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, юртимизда ёш оилаларга ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги, фарзандларнинг камолоти учун, уларнинг саломатлиги, таълим олиши, касб-ҳунар танлаши йўлида яратилган кенг имкониятлар буюк бобокалонимиз Алишер Навоий асарларидаги эзгу ғоялар боқийлигини, халқимиз ҳаётининг ажралмас бўлаги сифатида мангу яшаб қолаверишини яна бир карра исботлайди.

Дилнавоз Юсупова,

филология фанлари номзоди, доцент,

Акром Малик,

ЎзМУ талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: