Реклама

Оилавий ажримлар: “рақам”ларнинг изидан қувиш эмас, аниқ ишларни амалга ошириш лозим

Жамиятда тарозини тенг тутган – доимо ҳақ. Бу даражага етиш учун эса кишидан йиллаб меҳнат ва уйқусиз тунлар талаб этилади. Ана шундай фидойи ва ўз касбининг устаси Гулнора Раҳмонова ҳам одилликни ажрим қилувчи касбни танлади. Кўп йиллар оилаларнинг бахтли бўлишида ўзининг меҳнатини аямаган, Фуқаролик ишлари судида судьялик қилган Гулнора Раҳмонова фикрлари билан ўртоқлашдик.

Бугун маҳаллаларда сайёр суд мажлислари, тарғиботлар ўтказиляпти. Бироқ, менимча, айрим фуқаролик ишларини омма олдида муҳокама қилиш керак эмас. Чунки оиланинг маҳалла-кўй билиши керак бўлмаган сирлари ҳам бўлади. Эр-хотин муаммосини маҳаллага чиқариб, муҳокама қилиш эмас, балки босиқлик билан ўзаро ҳал қилиниши тўғри бўлади.

Мана бир мисол, пойтахтда ўқиган бир йигит шароити тўғри келмагани учун аёлини шаҳарга олиб келолмаган. Ўқиши тугагач, уйга қайтиб боришини, аёлидан озгина сабр қилиб туришини сўраган. Аммо келин кўнмаган ва бу гапни маҳаллага чиқарган. Келин ҳатто, Халқ қабулхонасигача мурожаат қилган. Бу воқеадан йигитнинг орияти келиб, “Оиламнинг сирини бутун оммага ошкор қилган аёл билан яшамайман”, деб туриб олади. Шу сабаб айрим оилавий масалаларни судья ёпиқ тарзда ўтказиши лозим.

 

Судья – тарозини тенг ушлаши керак

Чамаси, ўн беш йиллар олдин ёш оиланинг ажрим ишини кўрганман. Аёл турмуш ўртоғи билан ажрашиш учун даъво аризаси билан мурожаат қилган. Сабаб жуда арзимас – эрининг ишдан кеч келиши, рашк ва шунга ўхшаш майда важлар. Уларнинг икки нафар ёш боласи бор эди. Ярашиш учун эса уч ой муддат берилди. Аммо шу вақтдан сўнг ишни анча чигаллашган ҳолда кўрдим. Аёл икки боласи билан ота уйида, йигит эса шаърий никоҳ билан уйланиб олган экан. Судга йигитнинг шаърий-ноқонуний аёли ҳам келган, ташқарида кутиб турарди. Даъво аризаси билан чиққан аёл “ажратасиз”, деб туриб олди. Йигитни чақириб “Нега ярашиш ўрнига ноқонуний уйландингиз?”, деган саволимга “Хотиним мени тушунмай кетиб қолди, ноилож, шу қизга уйландим”, деган жавобни берди. Қайнона-қайнота эса “Келинимиз яхши, лекин ўғлим билан келишолмаса биз нима ҳам қила олардик”, дея гувоҳлик беришди. Аёлнинг онаси ажратмасликни илтимос қилди. Отаси бўлса “Сиз судьясиз, ажратиш-ажратмаслик сизнинг ихтиёрингиз. Қарорингиз – қонун. Аммо мен қизимни ажратиб олмайман. Агар ажратсангиз ҳам мен қизимни уйга киргизмайман”, деди ва қудасига қарата “Болаларимиз бахтсиз бўлиб, невараларимиз тирик етимга айланишяпти, сиз жим ўтираверасизми?”, дея танбеҳ берди. Келин эса “Кундош билан бир уйда яшамайман, ажратасиз”, дея ўз гапида туриб олди.

Яна ўқинг:  ЯШАШНИ ЎРГАТГАН ШЕЪРИЯТ

Бундай пайтда ҳар қандай одам қарор қабул қилишга иккиланади. Ўшанда ички сезгимга таяниб, уларни ажратмадим. Тахминан бир йиллар ўтиб, эр-хотин қўлида чақалоғи билан олдимга келишди. Билишимча, келинни отаси икки фарзанди билан куёвникига олиб бориб қўйган. У эса бир ой кундоши билан яшашга мажбур бўлган ва фарзандларининг ҳаққига хиёнат қилишдек хатодан отаси асраб қолганини тушуниб етган. Кундош ҳам бу нотўғри никоҳ эканини англаб, ўз оиласига қайтган. Қарангки, отанинг заковати оилаларни, фарзандларни асраб қолди. Жамиятимизда ана шундай оталар кўпайса, оилалар орасида ажрим бўлмасди.

 

Тарғибот номигагина ўтказилмасин

Маҳаллаларда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш учун тарғиботлар ўтказилиши керак, албатта. Уларда кўпроқ фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш учун имзоланаётган қарорлар, фармонлар, фармойишлар ҳақида, пенсия таъминоти, қарз-олди бердиси каби масалалар хусусида сўз юритилиши лозим. Фақат ҳужжатда “бажарилди” деган ёзув учун ишламаслиги керак. Афсуски, ҳозирда шундай ҳолатлар учрамоқда. Ахир, Президентимиз бугун “рақам”ларнинг изидан қувиш эмас, аниқ ишларни амалга ошириш тўғрисида гапираётганида, бундай вазиятлар юз бераётганлигини қандай баҳолаш мумкин, билмадим.

 

Тарбия – ҳаёт-мамот масаласи

Донишмандлардан бири “Агар сен бирор мамлакатни кучсизлантирмоқчи бўлсанг, унда ўша жой хотин-қизларларнинг тарбиясини издан чиқар. Агар мамлакатингни гуллаб-яшнатмоқчи бўлсанг, унда уларни тарбия қил”, деган экан. Бу ҳикматнинг мағзида катта маъно бор. Чунки оналар келажакни дунёга келтиради. Улар маънавиятли, билимли, зийрак, меҳнаткаш ва сабрли бўлишса, оиладаги мувозанат йўқолмайди. Айтмоқчимизки, жамиятимиз бенуқсон бўлиши учун аёлларимизга кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор.

 

Гўзал МАТЁҚУБОВА ёзиб олди.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: