Офтоб каби мангу – эзгулик

1940 йил… Совуқ уруш қамчиси бутун дунё бўйлаб изғийди. Поездларда одам кўплигидан эшиклари очиқ ҳолда Тошкентга кириб келади…

Бу галги оломон ичида 4 ёшли Ольга ҳам бор эди. У Беларусь юртидан бир ўзи келган. Жажжи жуссасида мадор йўқ, маъюс нигоҳларига эса саргардонликнинг алами сингган. Қизалоқ одамлар оқими билан олдинга ҳаракатланаркан, қорин тўйдириш дардида атрофга аланглайди. Ерга йиқилса-да, даст ўрнидан туриб, йўлида давом этади…

Йўл нозирлари уни “Меҳрибонлик” уйига олиб келди. Бу ерга ҳар куни бағрикенг, сахий одамлар келиб, қалби ўксик болаларни ўзлари билан бирга олиб кетишарди.

Ана шундай кунларнинг бирида муассасага юзлари нурли бир аёл кириб келди. Ольгани қаттиқ қучоқлаб, бағрига босди, қош-кўзларидан ўпди. Бошидаги оқ рўмолини қизалоққа ўраб, “Менга қиз бўласанми?” – деди табассум билан.

Ўшанда дунёга келганимдан буён менга кимдир илк бор кулиб қараганди. Бу инсон Баҳри аям Шомаҳмудова эди. Ўшанда ҳайрон бўлдим. Табассумининг маъносини англамасам-да, аммо бу менга жуда ёққанди. Аямни маҳкам қучиб олдим. Илк учрашувдаёқ мен у кишига қаттиқ боғланиб қолдим. Меҳрибонлик уйи дарвозасидан чиқаётиб, уларнинг қўлларини маҳкам тутиб олдим. Чунки, бу меҳрибон инсонни йўқотиб қўйишдан қўрқардим.

Биз бироз йўл юриб, пахса деворли уйга етиб келдик. Ичгарига кирганимизда болалар ҳовлида шовқин-сурон билан қувлашмачоқ ўйнашарди. Сўрида ўтирган ўрта ёшли одам уларнинг ҳаракатларини мароқ билан кузатарди. Мени кўриб, болалар зумда атрофимни ўраб олди. Сўридаги забардаст одам ёнимга келиб, мени даст кўтариб, айлантирди. Ўшанда илк марта”қиқирлаб” кулдим!

Бу сени отанг, мен аянгман, булар эса ака ва опаларинг”, деб аям мени ҳамма билан таништирди. Бир зумда акаларим ва опаларим билан қувлашмачоқ ўйнашга киришиб кетдим. Кейинчалик менга Холида деб исм беришган. Ҳозиргача яқинларим, маҳалладагилар Холида ая деб чақиришади, – дейди суҳбатдошимиз.

Дарҳақиқат, ўзбек халқи азалдан болажон. Бунга тарих гувоҳ. Урушда етим қолган болаларнинг 200 минг нафари Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Ўша оғир ва синовли йилларда Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, Ҳ. Самадовлар оиласи – 12, М. Жўраева ва Ашурхўжаевлар оиласи эса 8 нафардан турли миллатга мансуб кўнгли ўксик болани ўз тарбиясига олди. 1943 йил охирига келиб шаҳарларда 4 минг 672 нафар бола, қишлоқларда эса 870 нафар бола ўзбек оилалари томонидан тарбиялаш учун олиниб, уларга хақиқий инсонпарварлик ва меҳр-шафқат намунаси кўрсатилди.

Яна ўқинг:  Олам офтобидек мангусан

– Янги оиламда 14 нафар бола бирга яшардик, – деб хотирлайди Холида ая Шомаҳмудова. – Ота-онам бир сўзни доим такрорларди: ака-сингиллар, опа-укалар бир-бирларига меҳрли бўлиши лозим. Бу сўз қалбимизга сингган. Қалбимиз ҳам, қадриятларимиз ҳам, ҳатто, исмимиз ҳам ўзбекона бўлган.

Отам нонни дўкондан олишни ёқтирмасди. Шунинг учун ишлаб топган пулларига буғдой сотиб оларди. Ҳокимиятдан ер сўраб олганди. Эрта баҳорда шу ерга буғдой экардик. Уни йиғиб олгач, тегирмонда ун қилдирардик. Аям тонг саҳардан иссиқ нон ёпарди. Оиланинг энг кичкина қизи бўлганим учун менга кулчанон ёпиб берарди.

Одамлар уруш даврини эслаб, қайғуга ботишади. Мен эса уруш даҳшатини деярли ҳис қилмаганман. Чунки отам ва онам бизларга болалик қувончини берган, ҳаётнинг ғам-ташвишларидан асраган. Хонадонимизда доим хурсандчилик бўлишига ҳаракат қилган. Ота-онамнинг ўз фарзанди йўқ эди. Мен буни 19 ёшга кирганимда билганман. Улар бизни бегона билишмасди, ҳаммамизга ўз фарзандидек меҳр кўрсатишган. Барча болалар ана шу меҳрдан озуқа олиб, оқибатли бўлиб улғайдик.

Бир куни ҳовлини супираётсам, томда кимнингдир мўралаб ўтирганини кўриб қолдим. Аямни чақирдим. Улар келгунича ўша одам томдан сакраб, қочиб кетди. Аям эса унинг ортидан жилмайиб қараб қолди. Кечки маҳал отамга бўлган воқеани айтиб берди. Эртаси куни ўша одамни яна том устида кўрдим. Аҳамият бериб қарасам, у бўйлари узун ўсмир ёшидаги бола экан. Шу пайт қўлида иссиқ нон билан аям ошхонадан чиқиб келди. “Самад, кел болам пастга туш. Иссиқ нон егин”, деб чақирди. Бола нарвондан тушиб, қўрқиброқ аямга яқинлашди. Нонни олгач, шоша-пиша ейишни бошлади. Унга қараб турганимни кўрган аям мени ошхонага олиб кирди. “Ая, нега бегона болага нон бердик?” – десам, у киши “Бу бола бегона эмас, қўшнимиз Эсон амакингни ўғли. Унинг онаси ҳозир касал. Болаларига қарай олмайди. Пуллари ҳам дори-дармонга кетаётгандир”, деди ачиниб.

Ҳовлига чиқсам, қўшни бола аллақачон кетиб бўлган эди. Кейинчалик билсам, у Эсон амакининг асраб олган фарзандларидан бири экан. Менинг аям ана шундай бағрикенг инсон эди.

Холида ая ўзининг бахтли болалиги ҳақида гапиришдан чарчамайди. У ҳали ҳам олам қувончи мужассам бўлган ота уйида яшаб келмоқда. Онасининг рўмолини бошга ўраб, “Аямдек инсон бўлсам, қани эди!” дейди табассум билан.

Яна ўқинг:  Мардлик, бурч ва садоқат

Шомаҳмудовлар оиласи томонидан кўрсатилган инсонпарварлик намунаси барчага ибрат. Уларнинг саховати, меҳр-оқибатини келгуси авлодга етказиш мақсадида пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” майдонида ёдгорлик ўрнатилган эди. Бироз вақт “Дўстлик” истироҳат боғига кўчирилган ушбу хотира ансамбли куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан яна ўз жойига қайтарилди.

“Ер юзида жуда камдан-кам давлат ва миллат бундай юксак инсоний фазилатлар билан ғурурланиши мумкин. Вақт ўтгани сари Шомаҳмудовлар оиласи кўрсатган бу қаҳрамонликнинг аҳамияти ва қадри тобора ошиб бормоқда.

Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун, Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган, “Халқлар дўстлиги” деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтарсак, адолатли бўлади”, дея таъкидлади Президентимиз.

Оилам акс этган ёдгорликни илк бор кўрганимда қанчалик хурсанд бўлган бўлсам, уни асл ўрнига қайтарганларини эшитиб, ўзимни янада бахтли ҳис этяпман, – дейди Холида ая кўзда ёш билан. – Ота-онамга ўхшаган инсонлар яхшиликнинг мангу тимсолидир.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: