Ном ва атамалар

улар ўзбекона бўлса яна яхши

Зарурат юзасидан таксига чиқишга тўғри келди. Олд ўриндиқда ўтирган қирқ ёшлар атрофидаги киши билан ҳайдовчининг суҳбатига қулоқ солиб манзилга етиб келганимни ҳам унутаёзибман. Ҳар иккисининг сўзида ҳам жон бордай эди. Бири пойтахтнинг гавжум жойидан кафе очганини, аммо юритолмаганини айтса, иккинчиси унинг тадбиркорлик фаолиятидаги камчиликларини топиб чарчамасди.

– Кафенинг номи нима эди, ака, – қизиқиб сўрайди ҳайдовчи.

– “Боғишамол”, – бепарво жавоб беради омадсиз тадбиркор.

– Ишни бошлашдан хато қилибсиз ака, ҳозир ўзбекча номласангиз биров кафега келмайди. Мана, пештоқида хорижий номлар ёпиштирилган тамаддихоналарни кўринг, доим гавжум.

Бу гапдан таажжубланаман. “Боғишамол” чиройли ном-ку. Унинг ҳам ўзига яраша тарихи, салобати бор. Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур бобомиз Самарқанд шаҳрида бунёд этган беш боғидан бирини айнан шу ном билан атаган. У боғнинг таровати, гўзаллиги ҳақида ўша даврнинг саёҳатчилари, жаҳон тарихчилари кўп ва хўп ёзишган. Очиғи, дунёга машҳур “Боғишамол”ни айрим юртдошларимиз қабул қилолмаслиги, гўё шу ном билан фирма ёки хизмат кўрсатиш шохобчаси ташкил қилса, омади чопмаслиги ачинарли ҳолат эмасми?!

 

Қора мушук ёки “Black cat”

“Angel’s food”. Ойбек метро бекати ёнидаги ушбу кафе анчайин машҳур. Унга пойтахтимизнинг кўпгина ҳудудларидан келиб тамадди қилиш урфга айланган. Гўё шу жойда тушлик қилиш, дўстлар ё дугоналар бирга “чақчақлашиш” фахр. Мақтаниш учун яхши восита. Аслида, инглиз тилидан олинган ушбу атаманинг маъноси нима? “Angel’s food” – “Фаришталар овқати!” Бундай номли хизмат кўрсатиш ва сервис марказларини пойтахтда кўплаб учратиш мумкин. Хусусан, Сергели туманидаги “Black cat” кафеси, Шайхонтоҳур туманидаги “Эзидиёр” тўйхонаси, Яшнобод тумани Султонали Машҳадий кўчасидаги “У Лили”дўкони шулар жумласидандир. Қолаверса, “Smurfland”, “Florense”, “Na nebe”, “Chaykof”, “Bibigon” каби атамалар ҳам аллақачон худди ўзбек тилидаги сўзлардек муомала воситасига айланиб улгурган. Хўш, бу номлар хорижий тиллардан олинган, аммо баъзи она тилимизда номланган кафелар ҳам борки, беихтиёр ўқиса ёки эшитса киши юзида истеҳзоли кулги югуради. “Қувноқ жўжалар”, “Ла Шакар”, “Икки панжа”, “Беш панжа”. Бу рўйхатни ҳам узоқ давом эттириш мумкин.

Яна ўқинг:  “ГУЛ” СОМСА

Ҳамкорликда чет эл корхона ва муассасалари билан асос солинаётган, фаолияти йўлга қўйилаётган қўшма корхоналар номини тушунса бўлар. Уларнинг номи халқаро талабларга мос, ҳар икки мамлакат фуқаролари, харидорлари учун бирдай тушунарли бўлиши шарт. Лекин маҳалланинг ичида қурилган дўконча пештоқига шапалоқдай қилиб ажнабий ном битиб қўйилишига нима дейсиз?

 

Қонун доирасида ишлаш – юксак маданият ифодаси

Тил – миллат кўзгуси. Шунингдек, у тарбия воситаси ҳамдир. Зеро, Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “Гавҳару дурни қулоқ озори бил, Сўзни қулоқнинг дури шаҳвори бил”. Шундай экан, ҳар бир болани Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг бурчимиздир. “Кўрга ҳасса қилиб қўйилган” пештоқдаги тилимизга ёт сўзлар эса миллий менталитетимиз ривожига салбий таъсир кўрсатмаслигига ким кафолат беради?!

 

Шу ўринда табиий савол туғилади. Хўш, бу борада тегишли ташкилот ва муассасалар қандай ишларни олиб бормоқда? Президентимизнинг 2011 йил 12 майдаги “Тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2006 йилда қабул қилинган “Фирма номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ва бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар бу борадаги ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтсак. Ўзбекистонда “Фирма номларини заҳирага қўйишнинг электрон тизими” жорий этилган даврдан бошлаб, 2015 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра “Фирма номлари тўғрисида”ги қонуннинг талабларига мос келган 234 мингдан ортиқ фирма номлари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси заҳирасига олинган.

Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокимининг шаҳардаги кафе-ресторанлар, маиший хизмат уйлари номларини тилимизга, маънавий қадриятларимизга мос келмайдиган атамалар, чет тилларидаги сўз ва терминлар билан номланишининг олдини олиш, мавжудларини ўзгартириш бўйича қарори қабул қилинган. Шу қарор асосида эса махсус комиссия фаолият юритиб келмоқда. Пойтахтдаги кўпгина маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кафе-рес­торанлар номи ўзгарганининг гувоҳи бўлсакда, бу борада ҳали қилиниши керак зарур ишлар талайгина эканини ҳар бир киши кун давомида кузатиб, амин бўлиб бораётир. Фикримиз исботи сифатида чет тилларидан кириб келган, юқорида номлари санаб ўтилган айрим кафе-ресторанлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Биз замонавийликка, давр билан ҳамнафас яшашга қарши эмасмиз. Лекин, ўзимизнинг, қадим ва улуғвор она тилимизда минглаб чиройли сўзлар бўла туриб, кўр-кўрона халқимиз учун умуман ёт бўлган атамаларни муомалага олиб киришни ҳам оқлаб бўлмайди. Миллий маданият, тил, маънавиятимизни асраш мана шундай кичик “хавф”ларни бартараф этишдан бошланса, ажабмас.

Яна ўқинг:  Малакали тиббий хизмат халқ саломатлигини сақлашда муҳим омилдир

Ўзбек тили ўзининг сўз бойлиги, ҳар бир сўзнинг ўнлаб, юзлаб маъно касб этиши билан ҳам жаҳон тиллари ичида ўз ўрни, мавқеига эга. Биргина ўтган асрнинг саксонинчи йилларида чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да олтмиш мингга яқин сўз келтирилган бўлса, истиқлол йилларида нашр қилинган янги таҳриридан саксон беш мингдан зиёд сўз ўрин олган.

Юқорида санаб ўтилган айрим ўзбек тилидаги, номи киши юзига истеҳзоли кулги югуришига сабаб бўладиган аҳолига хизмат кўрсатиш уйларига ўхшаш номлар ҳам бой она тилимиз меъёрларини бузишдир. Шу ўринда дилни қувнатувчи айрим номларга ҳам тўхталиб ўтишни жоиз билдик. “Хон атлас”, “Самарқанд дарвоза”, “Мароқанда”, “Навбаҳор”, “Ҳувайдо”, “Чархпалак”, “Мулла Дўст”. Албатта, бундай номларнинг кўпайиши, уларнинг жажжи авлодни она тилига ҳурмат, асрий қадриятларимизга садоқат, миллий урф-одатларимизга муҳаббат руҳида камол топтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Зеро, маънавиятли халқгина дунёда ўзининг муносиб ўрнини топа олишини бугун барчамиз яхши англаб етдик. Юртбошимиз айтганидек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли бўлишлари учун интилиш, ёниб яшаш ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу эса биринчи навбатда ўз она тилимизга бўлган ҳурматда акс этади.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: