Нафосат маликаси

у меҳрибон она, жонкуяр устоз

Юртимизда хотин-қизларни спортга кенг жалб қилиш, хусусан, улар орасида гимнастика спорт турларини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли йил сайин спортчиларимизнинг натижалари юқори бўлмоқда.

Ўтган давр мобайнида терма жамоамиз аъзолари ёзги Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этишди, Осиё ўйинлари ҳамда қитъа биринчиликларидатенгсиз эканликларини исботлашди. Спортчилик фаолиятини якунлаб, ҳозирда ёш авлодга мураббийлик қилиб келаётган Жамила РАҲМАТОВА билан аёллар байрами арафасида дилдан суҳбатлашдик.

Болаликда шоҳсупага чиқишни, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаришни, мадҳиямиз янграшини орзу қилганман. 2010 йил жамоамиз билан Осиё ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлганимизда “Тўрт йилдан кейин, албатта, биринчи бўлишимиз керак, деган мақсадни ўз олдимга қўйгандим. Қилинган саъй-ҳаракатлар туфайли ана шу орзуим амалга ошди. 2014 йилда Инчеонда ўтказилган Осиё ўйинларида жамоамиз билан олтин медални қўлга киритдик. Мустақиллик байрами арафасида Биринчи Президентимиз мени “Шуҳрат” медали билан тақдирлади. Ана шу йили “Эътироф” мукофотининг “Спортимиз маликаси” йўналишида ғолиб бўлдим.

Спортдаги фаолиятини якунлагач Жамила Раҳматова ўзининг бадиий гимнастика мактабини очди. Бор маҳоратини жажжи қизалоқларга ўргатиш учун мураббийлик қила бошлади.

Спорт инсонни тарбиялайди. Уни кучли, иродали, сабр-тоқатли, меҳнаткаш бўлишга ўргатади. Бу хусусиятлар қизларни катта ҳаётга тайёрлайди. Спортнинг машаққатларига бардош берган гимнастикачилар мустақил ҳаётга қадам қўйгач, муқаддас даргоҳ – оиланинг қадрига етадилар.

Ўзимдан мисол қиладиган бўлсам, спорт ва ота-онам берган тарбиялари туфайли болаликдан мустақил бўлишни ўргандим. Очиғини айтсам, спортчи бўлганимда менга оила давраси, яқинларини меҳри етишмасди. Доимий ўқув-йиғин машғулотлар, хориж сафарлари пайтида ота-онамни соғинардим. Ўша кезларда юрагимнинг туб-тубида мустақил оила қуриб, кўп болаларим бўлишини орзу қилардим. Спортдаги фаолиятимни тугатгач, турмуш қурдим. Бир йил ўтгач, ширингина қизим дунёга келди. Шунда мен ҳаётда энг қадрли, энг азиз нарса бу-оила эканлигини тушундим.

Жамила Раҳматова болаликдан спортга ошно бўлиб, соғлом, руҳан тетик бўлиб улғайди, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлди. Буларнинг бари юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини юксалтириш йўлида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижасидир.

Барча қизларга, спорт билан шуғулланишларини тавсия қилган бўлардим. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотин-қизлар спортини ривожлантиришга катта эътибор берган эди. И. Каримов доимо “Қизлар спорт билан албатта шуғулланишлари керак. Улар бўлажак оналар, баркамол авлод яратувчилари”, деган ғояни ҳаётга татбиқ қилганди. Шунинг учун биз бу инсондан бир умр миннатдормиз.

Бадиий гимнастика билан жиддий машқ қилганларнинг мусиқий дидлари шаклланади, санъат ва гўзалликка ошуфта бўлиб, вояга етадилар. Балки шунинг учун уларни кўриб, беихтиёр, “Оламни гўзаллик асрайди”, дерсиз. Олам гўзаллигини эса гулларсиз тасаввур қилиб бўлмайди…

Яна ўқинг:  Аёл – бахтнинг дояси

Барча қизлар, аёллар, оналар, бувижонлар учун гуллар энг яхши совға бўла олади, деб ўйлайман. Уни ҳадя қилувчи инсон ўзининг ички ҳиссиётларини гуллар орқали ифода этади.

Терма жамоа сафида халқаро мусобақаларда шоҳсупага кўтарилганимизда барча ғолибларга медаль билан бирга, гуллар совға қилишади. Ўзим ҳам ота-онамга, яқинларимга байрамларда гул совға қилишни яхши кўраман.

Ҳозир она бўлдим, мураббийман. Шогирдларимдан гулдасталар қабул қиламан. Уларнинг эътибори кўнглимни тоғдек кўтаради. Бундай совға ёдимда узоқ сақланади. Ранглар ичида мовий тусга яқин бўлганларини ёқтираман. Барча хотин-қизларга доим уларнинг ёнида гулдасталар совға қиладиган азиз инсонлари бўлишини тилайман.

Инсоният минг йиллар давомида тўплаган барча жавоҳирлар-у, бебаҳо илмий дурдоналари китобда жамлангандир. Китоб мутолаа қилиш асносида ҳар бир киши ана шу бойликдан баҳраманд бўлади. Китобларда яширинган маънавий қадриятлар бизни комил инсон бўлишга ундайди.

Спортчиларнинг одатда вақти зиқ бўлади. Кунига икки маҳал машғулот, мунтазам ўқув йиғинлари, чет давлатларига сафарлар… Аммо атлетлар юқори натижаларга эришишлари учун фақат жисмоний етук бўлишнинг ўзи камлик қилади.

Қай бир чемпион спортчини суҳбатга тортмайлик, улар китоб мутолааси учун доимо вақт ажрата олганликларини айтишмоқда.

Китоблар инсонни тарбиялайди. Спортчилик пайтимда ҳам бўш вақтим бўлди, дегунча китоб ўқирдим. Аэропортда, самолётда учиш пайтида… Мусобақаларнинг орасида ҳам мутолаа қилишга ҳаракат қилардим.

Мен учун китоб мутолааси жуда қизиқарли жараён. Китобнинг “ичига кириб кетиб”, атрофдаги барча майда нарсаларни унутаман. Бу жуда муҳим деб ўйлайман. Менимча, ота-оналарнинг ўзлари бу борада фарзандларига ўрнак бўлиб, китоб ўқишлари зарур. Фарзандлар ота-оналарнинг акси, деб бежиз айтишмаса керак.

Мураббий сифатида ҳам болалар – га китоб ўқишларини тавсия қилардим. Чунки, бугунги кунда, жаҳонда жисмоний қобилияти юқори бўлган гимнастикачи эмас, балки тезкор фикрлай оладиган, мулоҳазали атлетлар кўпроқ қадрланади, ғолиб бўла олади.

Болаларни тарбиялаш жараёнида биз катталар улар билан бирга улғаямиз… Кичкинтойлардан ҳаётнинг, биз йиллар давомида унутаёзган, энг инжу ҳақиқатларни ўрганамиз… Бу ўргатиш ва ўрганиш жараёнида, беихтиёр бахт ҳиссини туямиз.

Ҳозирда беғубор болалар билан ишлаётганимдан жуда бахтиёрман. “Бахт – болаларда” деган нақлни авваллари англамаган эканман. Айни пайтда улардан жуда кўп нарса ўрганяпман. Болалардан сизга ижобий ҳиссиётлар ўтади. Улар ҳаётга оддий ва самимий нигоҳ билан қарашади. Дакки эшитсалар хафа бўлишмайди. Бунга жавобан доим табассум қилишади. Мен барча инсонларни ҳаётга болажонлар нигоҳи билан қарашларини истайман.

Бадиий гимнастика бўйича Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндори бўлган Жамила Раҳматова бугун мураббий сифатида бор маҳоратини шогирдларига ўргатмоқда. Ўзбекистонимизнинг бир бахтли аёли сифатида унинг кўнгил тубидаги барча орзулари амалга ошишига тилакдошмиз.

Яна ўқинг:  ТЎҒРИЛИК ИБРАТИ

Юлдуз ОРТИҚОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: