Музей ва таълим ҳамкорлиги

Юртимиздаги маданий-маърифий муассасалар ичида музейлар алоҳида аҳамиятга эга. Музейлар ўз фаолиятида халқимизнинг тарихи, маданий ҳаёти, табиатига оид экспонатларни сақлаш ва уларни намойиш этиш баробарида, аҳолини, хусусан, ёш авлодни миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Шу мақсадда, республикамизда фаолият юритаётган музейлар ва таълим муассасалари ҳамкорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг маънавий-маърифий, маданий дунёқарашини бойитишда ўқувчи-ёшлар билан музейларга экскурсиялар уюштириш яхши самара беради.

Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан барча давлат музейлари ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)га республика давлат музейларига бепул кириш кунлари этиб белгиланди. Бу эса музейлар фаолиятини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш учун хизмат қилмоқда.

Ўз фаолият йўналиши бўйича республикамизда ягона ҳисобланган Ўзбекистон Давлат табиат музейи бой коллекцияси ва қизиқарли экспозициялари билан ажралиб туради. Ушбу маскан экспозицияларида умумтаълим мактабларида ўтиладиган табиий фанлар, жумладан, биология, география, физика ва бошқа шу каби фанларга оид экспонатлар, қизиқарли маълумотлар ўрин олган. Бу ерда экскурсия дарсларини ташкил қилиб, унда ўқувчилар билан фанларга оид ўтилган мавзуларни мустаҳкамлаш, билимларини бойитиб, янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Музей илмий ходимлари томонидан олиб бориладиган экскурсияларда мавжуд экспонатларга оид илмий асосланган маълумотлар етказилади. Шунингдек, маълумот ва тушунчалар ўқувчиларнинг ёш тоифасига мос тарзда берилади.

Музейда ботаника фанига оид маданий экинлар ҳақида маълумотлар, диорамалар, зоология фани учун 350 мингдан ортиқ намунадан иборат ноёб ҳашаротлар коллекцияси, умуртқали ҳайвонларнинг 4 мингдан ортиқ тулумлари, турли ҳайвонларнинг ички тузилиши ва ривожланиши акс этган ҳўл препаратлар, умумий биология фанига оид экспонат ва диорамалар, шунингдек, география фанидан фойдали қазилмалар, конлар тасвирланган диорамалар ва шу каби бошқа кўплаб экспонатлар мавжуд. Бундан ташқари, бу ерга ташриф буюрувчилар экскурсия давомида Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, табиатни асраш ва муҳофаза қилиш масалаларига оид қонунлар ва қонуности хужжатлари, юртимиздаги муҳофаза остига олинган ҳудудлар ва қўриқхоналар ҳақида ҳам зарур билимларга эга бўладилар.

Яна ўқинг:  Ҳушёрлик – хавфсизлик кафолати

Экскурсия дарслари ўқувчиларга нафақат фанга оид билимларини мустаҳкамлашда ёрдам беради, балки тарбиявий жиҳатдан ҳам ўз ўрнига эга.

Хулоса қилиб айтганда музей ва таълим ҳамкорлигидаги амалга ошириладиган шу каби ишлар ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини баркамол шахс бўлиб вояга етишида муҳим аҳамиятга эга.

Шаҳзода ЖАЛИЛОВА,

Ўзбекистон Давлат табиат музейи илмий ходими,

Нигора ЖЎРАЕВА,

журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: