МУСТАҲКАМ ИРОДА ҒАЛАБАГА ЕТАКЛАЙДИ

Бу йил мамлакатимизда садоқат ва вафо куйчиси шоира Зулфияхонимнинг 100 йиллик таваллуд айёми кенг тарзда нишонланди. Анъанавий тарзда кўплаб соҳаларда ўз иқтидорларини намоён этиб келаётган истеъдодли қизларимиздан бир гуруҳи Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

Совриндорлар орасида навоийлик Ирода Жумановани кўриб қолдим. Аввал болалар спорти тўғрисида мақола тайёрлаш жараёнида ҳам Ирода ҳақида, унинг иқтидори ҳақида кўп эшитгандим.

Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилган спортчи қиз “Лочин” спорт комплексида дюз-до, самбо ва кураш турлари билан шуғулланиб келади. Ирода даставвал, вилоят миқёсида дзю-до бўйича ўтказилган мусобақаларда бир неча бора ғолибликни қўлга киритган. Шундан сўнг, 2012 йил Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб Учқудуқ туманида ўтказилган кураш бўйича республика турнирида иштирок этиб 1-ўринни эгаллади. Бу ғалаба кейинги зафарларга тамал тошини қўйди, десак муболаға бўлмайди.

2013 йил Зарафшон шаҳрида ўтказилган вилоят очиқ биринчилигида 1-даражали диплом билан тақдирланди. 2014 йил кураш бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида муносиб иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди.

Қалбида чексиз орзулар билан меҳнат қилишдан, машғулотлардан тўхтамаган Ирода шу йили самбо бўйича ҳам Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни эгаллади.

– Ҳар сафар майдонга чиқишдан олдин ота-онам, устозларим, ортимдан қўллаб турган тенгдошларим ва маҳалладошларимни ёдга оламан, – дейди қаҳрамонимиз.

– Улар менинг ғалабамга ишонади ва мен бу ишончни оқлаш учун ҳаракат қиламан. Келгусида жаҳон майдонларида ҳам мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, байроғимизни юксакларга кўтаришга ҳаракат қиламан.

Ўз устида ишлашни канда қилмайдиган Ирода 2014 йили Ўзбекистон дзю-до федерацияси томонидан Чирчиқ шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб Осиё чемпиони деган юксак номга сазовор бўлди. У ҳозирда спортнинг дзю-до тури бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзоси.

Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари саҳнада саф тортиб турганини кўриб уларнинг барчаси ҳам бу мукофотга муносиб эканликларига амин бўлдим. Хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган мамлакат ўз келажагининг ҳам буюк бўлишини таъминлайди.

Шоира ШАРИПОВА,

Навоий вилояти

Яна ўқинг:  Эзгуликдан баҳраманд нуронийлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: