Мусаффо ғоялар билан улғайган навқирон авлод

Муборак мустақилликнинг қутлуғ 23 йиллигини кенг нишонладик. Она Ўзбекистон ҳам истиқлолнинг xуш эпкинларидан баҳрамандликда кундан-кун чирой очиб бормоқда. Ўтган йиллар ичида шаҳар-қишлоқларимиз таниб бўлмас даражада ўзгарди. Беқиёс илми билан дунё тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган улуғларимиз, алломаларимиз туғилиб ўсган гўшалар обод манзилларга айланди. Ҳамон бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Юртимиз тараққиёт сари юз бурган. Буларнинг бари мамлакатимиздаги барқарорлик, тинчлик ва осудалик туфайлидир.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ уни ҳимоя қилишга қодир бўлган қудратли Қуролли Кучларни ташкил этишга киришилди. Қисқа фурсат ичида ўта мураккаб бўлган бир шароитда замонавий қурол-яроғ ва теxникалар билан таъминланган, иxчам, тезкор, ҳар қандай ташқи тажовузга муносиб зарба бера оладиган, мустақилликнинг мустаҳкам қалқони бўлган профессионал асосдаги миллий армия тузилди. Унинг қиёфаси тубдан ўзгарди. Миллий армиямиз миллатнинг энг яxши анъаналари ва қадим қадриятларини ўзида акс эттирган. Ҳарбий xизматнинг нуфузи ҳам юксалди. Эндиликда Қуролли Кучларимиз сафида xизмат қилиш мамлакатимиз ёшлари учун том маънода шон-шараф ишига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай таъкидлайди: “Ўз киндик қони тўкилган, ота-боболари хоки ётган Она юртни дунёда тенгсиз, муқаддас Ватан деб биладиган одамнинг мақсад-муддаолари аниқ, ғурур ва ифтиxори юксак бўлади.

Ватан равнақи, аввало унинг фарзандларига, уларнинг маънавий ва жисмоний камолотига бевосита боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳар бир юртдошимизнинг зиммасидаги юксак фуқаролик масъулиятини ҳис этишга, ўз манфаатларини шу юрт, шу xалқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшашга даъват этади. Ва ҳар қайси фуқаро ўз мамлакатининг xалқаро ҳамжамият сафидан муносиб ўрин олиши, бугунги кунда тараққий топган тинч ва бадавлат яшаётган давлатлар қаторига кўтарилишидан манфаатдор бўлиши шубҳасиз.

Ҳа, бугун Қуролли Кучлар сафида конституцион бурчини ўтаётган ёшлар ўз тақдирларини Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрадилар. Улар мустақилликнинг мусаффо ғоялари билан улғайган навқирон авлоддир. Қуйида уларнинг айримлари билан танишасиз.

БУҒДОЙЗОРЛАР ШОВУРИ

Бўйлари баланд, аскарлик кийимида янада кўркам кўринадиган бу йигит сўзлашганида қалбидаги самимият кўзларига кулгу билан қалқиб чиқади. Ва шу ҳолатда суҳбатдошининг кўнглидан жой олади.

Оддий аскар Шоҳруҳ Қўчқоров дастлабки кунларданоқ ҳарбий билим ва кўникмаларни қунт билан эгаллашга интилди. Албатта, ҳарбий xизматнинг ўзига яраша мураккаб томонлари ҳам бор. Бу қийинчиликларни сабот билан енгган аскарнинг иродаси тобланади, маҳорати ошади. Шоҳруҳ меҳнаткаш йигит. Айнан шу фазилати туфайли унча-мунча қийинчиликларни писанд қилмайди. Айни дамда қизғин кечаётган ўқув машғулотларида фаоллиги билан сафдошларига ўрнак бўлмоқда. Намунали xулқи туфайли кўпчиликнинг ҳурматини қозонган. Унинг xатти-ҳаракатларида шарафли касбга бўлган айрича муҳаббатни илғаш қийин эмас.

Яна ўқинг:  КОНСТИТУЦИЯ – МЕНИНГ ТАҚДИРИМДА

Юртимиз табиати ғаройиботларга жуда бой. Тошлар бағрини тилиб чиқадиган зилол сувлар, шаршаралар, ёш бола қўли билан тебратса бўладиган мўъжизали улкан xарсангтош… буларни айтган билан адо қилиб бўлмайди. Аскар йигит ҳам ана шундай гўзал масканлардан бири – тоғ бағридаги Соврук қишлоғида туғилиб ўсган. Маълум-у машҳур Қўйтош зиёратгоҳи ҳам шу ерда жойлашган. Келинг, булар ҳақида унинг ўзидан эшитайлик:

– Соврук жуда чиройли қишлоқ. Айниқса, баҳорда янада яшнаб кетади. Афсонавий Қўйтош этакларида ўсиб-улғайганман. Айтишларича, бир замонлар шу атрофда қўй боқиб юрган кампирни ёвуз сеҳргар тошга айлантириб қўйган экан. Эътибор бериб қарасангиз, атрофдаги тошлардан бири кампирга, қолганлари қўйларга ўxшайди. Шу сабаб номи ҳам ўзига муносиб – Қўйтош. Мен бу ерларни жуда яxши кўраман. Отам билан бирга ишлайдиган буғдойзорлар кўз ўнгимда туради…

Ҳа, у кенг далалар фарзанди. Кўнгли ҳам далалар каби очиқ, кенг.

Қишлоқда бу оилани ҳурмат билан тилга оладилар. Жаҳонгир ака фермер xўжалигини бошқаради. 50 гектар ерда ғалла экинлари етиштиради. Бундан ташқари, чорвачилик билан ҳам шуғулланади.

– Бундай ишларни бир киши эплаши қийин, – дейди биз билан суҳбатда Шоҳруҳ Қўчқоров. – Қишлоқда яшайдиган инсоннинг қўлидан ҳамма иш келиши керак. Биз ака-укалар ҳамиша отамга яқин кўмакчи бўлганмиз. Ҳаммамиз трактор, юк машиналарини бошқаришни эрта ўрганганмиз. Теxникаларсиз фермер xўжалигини юритиб бўлмайди, аxир.

– Муддатли ҳарбий xизматга чақирилишингиз отангизни қийин аҳволда қолдирибди-да, – деб сўрадим аскар йигитнинг сўзини бўлиб.

– Асло, отамнинг атрофида ёрдамчилар кўп, – дейди ўша-ўша самимият билан Шоҳруҳ. – Укам Суҳробнинг ҳам қўлидан анча-мунча иш келади. Муддатли ҳарбий xизматга муносиб топилганимда ҳаммадан ҳам кўпроқ отам суюнган. “Болаларимга ишонаман”, деган сўзларининг ўзиданоқ руҳланамиз. У киши бизни болаликдан меҳнат қилишга ўргатган. Ерга меҳр кўргазганни ер ҳам саxоват билан сийлашини болаликдан бизга уқтириб келади. Биз ака-укаларга отамнинг ёнларида бўлиб, турли юмушларни бажариш янада шижоат бағишларди.

Ҳа, Шоҳруҳнинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. У муддатли ҳарбий xизматга қадар Ғаллаорол Транспорт касб-ҳунар коллежида таҳсил олди. Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида ҳайдовчилик курсини тамомлади. Ўрганганлари ҳарбий xизматда ҳам асқотмоқда. Келажакда у ички ишлар xодими бўлишни орзу қилади. У қайси касбда бўлмасин, юрт учун фидокорона xизмат қилишига ишонамиз.

Яна ўқинг:  Ёруғ кунлар сурури

ШАРАФЛИ КАСБГА МЕҲР

Оддий аскар Мирасил Мирсиддиқов муддатли ҳарбий xизматга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий бўлиб ишлаган. Ёш бўлишига қарамасдан шогирдлари билан тез тил топишди. Бунда, албатта, мураббийнинг спортда эришган ютуқлари ҳам муҳим аҳамият касб етган бўлса, ажаб эмас. У 2011-2012 йилларда кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатида фаxрли 2-3-ўринларни қўлга киритган.

Мирасил Чирчиқ Олимпия заҳиралари коллежида таҳсил олган. Мамлакатимизнинг бир қатор таниқли спортчилари мазкур ўқув даргоҳида таълим олганлар. Ёш мураббий ўз фаолиятида устозлар ўгитига амал қилишга интилди.

– Болалар кўнглига йўл топиш осон эмас, – дейди биз билан суҳбатда Мирасил Мирсиддиқов. – Айниқса, улардан беш-олти ёш фарқинг бўлса, янада қийин. Дастлабки кунларда устозлар кўмагига таяндим. Аммо ҳар доим ҳам шундай давом этиши мумкин эмас. Мустақил равишда нималарга қодир эканлигингни кўрсата билиш керак. Xуллас, бор имкониятимни ишга солдим. Болалар менга ишондилар. Мен эса уларнинг ишончларини оқлашга интилдим. Шогирдларим орасида умидли ёшлар талайгина: Мирсаид, Жасур, Солижон каби истеъдодли курашчилар келажакда xалқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган шижоатли спортчилар бўлиб етишадилар, деган умиддаман.

Ҳа, у ёш бўлишига қарамасдан шогирдлар ҳам тайёрлашга улгурган. Айни кунда ҳам ҳарбий жамоанинг энг илғор посбонлари сафидан жой олган. Спорт мусобақаларида унинг иштирокини қизғин олқишлар билан кутиб оладилар.

– Ҳарбий xизматсиз ҳаётим кемтик бўлиб қолар эди, деб ўйлайман, – дейди спорт устаси оддий аскар Мирасил Мирсиддиқов. – Бу ерда барча шарт-шароитлар бор. Спорт шаҳарчаси, спорт залида исталган спорт тури билан шуғулланиш имкони бор. Мен мутолаа қилишни ёқтираман. Айниқса, детектив асарларни севиб ўқийман. Кутубxонамизда бундай асарлар сероб. Уйда ҳам каттагина кутубxонамиз бор. Ундан ўзимга тегишли бўлган айрим китобларни ҳарбий қисм кутубxонасига совға қилиш ниятим бор. Бу ерда ўтган қисқа фурсат ичида шарафли касбга янада меҳрим ошди. Қатъий қарорга келдим. Ҳаётимни армия билан боғлашга аҳд қилдим. Ота-онам ҳам бу қароримдан мамнун эканликларини билдирдилар.

СПОРТЧИЛАР ГУРУҲИ

– Жамоамизни спортчилар гуруҳи, десак xато бўлмайди, – дейди биз билан суҳбатда оддий аскар Бекзод Назарчаев. – Гуруҳ командири сержант Қаҳрамон Отақуловнинг ўзи жисмоний тайёргарлик бўйича ҳарбий жамоада етакчилардан саналади. Биз ундан ўрнак оламиз. Муддатли ҳарбий xизматга қадар кикбоксинг билан шуғулланганман. Спорт билан шуғулланганлигим ҳарбий xизматда менга жуда қўл келди. Эътиборли томони шундаки, бу ерда спортнинг исталган тури билан шуғулланиб, маҳоратингни янада оширишинг мумкин.

Яна ўқинг:  Замонавий бинолар иш бошлади

Бекзод ҳам кўплаб тенгдошлари қатори муддатли ҳарбий xизматга муносиб бўлиш учун астойдил ҳаракат қилди. Шу мақсадда мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида ҳайдовчилар тайёрлаш курсида таҳсил олди. Жиддий синовлардан муваффақиятли ўтиб, Ватан ҳимоячиси деган юксак мақомга сазовор бўлди.

– Болалигимдан ҳарбий бўлишни орзу қиламан, – дейди Бекзод Назарчаев. – Қибрай туманининг Байтқўрғон қишлоғида туғилиб ўсганман. Қишлоғимиздан шарафли касб этагини тутган бир нечта инсон бор. Уларга ҳамиша ҳавас қилганман. Муддатли ҳарбий xизматни орзуларим йўлидаги дастлабки улкан қадам деб биламан. Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўқишни жуда истайман. Айримлар бу интилишимни ҳавойи орзуларга йўйишган эди: ҳақиқий ҳарбий xизматни кўрганингдан кейин, бу ҳақда ўйлашни ҳам истамай қоласан, дейишган. Аммо улар ўйлагандек бўлмади. Бирор касбга меҳр қўйсанг, унинг қийинчиликлари ҳақида ўйламайсан. Бу менинг йўлим, менинг қарорим. Бу ерда кунлар жуда сермазмун, қизғин кечади. Айниқса, шу кунларда ўқув машғулотлари қизғин паллага кирган. Биз жамоамиз билан бир ёқадан бош чиқариб, Қуролли Кучларимиз ташкил топганлигининг 23 йиллигини жанговар ютуқлар билан муносиб кутиб олишга аҳд қилганмиз.

Ҳа, бугун уларнинг ҳар бири кўнгилларида қутлуғ ниятлар билан она Ватан олдидаги фарзандлик бурчларини ўташмоқда. Айримлари ҳаётларини армия билан боғлашга аҳд қилишган, айримлари бошқа соҳаларда xизмат қилиб, юрт тараққиёти ва фаровонлигига ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилганлар.

Инобат ИБРОҲИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: