Муруват-ла дунё чароғон

Хаёл оғушига чўмган дарахтлар, ям-яшил арчалар сукунатини бузиб янграган қўшиқ оҳанггига мос хиром этаётган қизнинг бир текис майда ўримли узун сочлари кўрган кишининг ҳавасини келтиради. Эгнидаги атлас либоси ва бошидаги ироқи дўппи пайваста қошларига зеб бериб турибди.

Раққосанинг имконияти чекланган бўла туриб, мусиқа оҳангини ҳис этаётганига ҳайронлигимни сезган ҳамроҳим, Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Жиззах шаҳар минтақавий филиали директори Дилором Расулова арчазор тарафга имо қилди. Бир жуфт арча орасида устози берилиб хиром этиб, саҳнадаги шогирдига рақс ҳаракатларини ўргатиб турганини кўриб, беихтиёр лол қолдим. Қалбимда жўш урган меҳрни яширолмай, “устозингга минг раҳмат қизим, униб-ўсиб катта-катта саҳналарда хиром этиш сенга насиб этсин” дея пичирладим.

Куз эшик қоққан бўлсада, Жиззах вилояти Зарбдор тумани “Янги Бўстон” қўрғонидаги заиф эшитувчи болалар махсус мактаб-интернати ҳовлисида гуллар чамандек очилиб турибди. 180 ўринга мўлжалланган таълим маскани замонавий кўринишда қад ростлаган бўлиб, мавжуд учта ётоқхона, ошхона, кутубхона ўқувчилар ихтиёрида. “Обод турмуш йили” муносабати билан маҳаллий бюджетдан 150 миллион сўм маблағ ажратилиб, мактаб-интернат ётоқхонаси тўлиқ таъмирланмоқда. Таълим маскани раҳбари Низомиддин Тошбеков бошчилигида меҳнат қилаётган 83 нафар олий маълумотли ўқитувчилар, сурдопедагог ва малакали тарбиячилар эшитишда нуқсони бўлган ўқувчиларга таянч маълумот бериш билан бирга, уларни касб-ҳунарга йўллаш каби эзгу ишларни амалга ошириб келмоқдалар. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун таълим масканида “Ўз-ўзига хизмат”, “Миллий ўйинлар”, “Қувноқ стартлар”, “Байрамга тайёргарлик”, “Қўғирчоқ театри” каби машғулот ва тадбирлар ўтказилиши яхши анъанага айланган. Ушбу машғулотлар орқали ўқувчилар амалий меҳнатга, спорт билан мунтазам шуғулланишга ўргатилмоқда. Шунингдек, “Қўғирчоқ театри”да ўқувчилар тарбиячилари ёрдамида томошалар уюштирадилар.

Бундан ташқари мактаб-интернати қошида Наргиза Ҳасанова ҳамда Фахриддин Бердимуродов раҳбарлигида “Нилуфар” рақс дастаси ташкил этилган бўлиб, мазкур рақс дастаси ўзининг дастурлари билан вилоят миқёсида ўтказилаётган байрам тадбирларида фаол иштирок этиб келаётир.

Мактаб-интернатда иқтидорли ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Лолахон Ҳусанбоева ўз ўқувчилари билан биргаликда “Мафтункор ранглар жилоси” республика кўрик-танловида III ўринни қўлга киритган бўлса, Мўътабар Эркабоева Республика Болалар кутубхонасида бўлиб ўтган “Ўзбекистоннинг етти мўъжизаси” шиори остидаги республика кўрик-танловида “Амир Темур дарвозаси” дея номланган расми учун I ўринга сазовор бўлди. Рангтасвир уйғунлигини болалар қалбига сингдираётган тажрибали устоз Лолахон Ҳусанбоева ёшлар билан ишлашдаги самарали фаолияти учун Ўзбекистон Бадиий академияси ва яна бир қанча тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “Тасвирий санъат” ҳафталигининг дипломига сазовор бўлган.

Яна ўқинг:  Маънавият мезони ёки атроф-муҳитга муносабат ҳақида

Ҳа, байрам болаларники. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Жиззах шаҳар таянч маскани, Зарбдор ва Бахмал туман ҳокимликлари, Вилоят газ таминоти ва электр тармоқлари корхоналари, “Зарбдор” дон қабул қилиш ОАЖ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир орзулари осмон болажонларга бир олам шодлик улашди.

Биз эса ўз иқтидорини намойиш этишга интилаётган ўқувчилар ва уларнинг жонкуяр устозларининг келгуси ўқиш ва ишларида омадлар тилаб, улар билан хайрлашдик.

Ж.ЭРДОНОВА,

Жиззах вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: