Мураббо мавсуми мулоҳазалари: шакарни неча сўмдан сотиб оляпсиз?

Пишиқчилик даври бошланиши билан шакар маҳсулотига эҳтиёж янада ортади. Чунки, айни шу паллада аксарият уй бекалари сархил мевалардан мураббо ва бошқа консерва маҳсулотларини тайёрлашга киришади.

Бироқ, шакарга талаб ортиши туфайли нарх-навода тафоввутлар юзага кела бошлайди. Бу эса кўпчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлади. Бу борада қонунбузилишларига йўл қўйилмаслиги учун ҳукуматимиз томонидан ушбу маҳсулотга нисбатан давлат нархи белгиланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 апрелдаги қарорига асосан 1 килограмм шакар маҳсулотини улгуржи савдо ташкилотлари 4 750 сўм, чакана савдо ташкилотлари томонидан 5 200 сўм нархларда сотилиши белгиланган.

Давлат рақобат қўмитаси берган маълумотлар қараганда бу йил шакарга бўлган талабни қондириш мақсадида Тошкент шаҳридаги барча марказий деҳқон бозорларидаги махсус расталарда ушбу маҳсулотнинг 1 килограмми 5 200 сўмдан сотилиши ташкил қилинган. Аммо шунга қарамай барча савдо шохобчаларида ҳам шакарни белгиланган нархда сотиш ҳолатлари кузатилмаяпти. Аксарият ҳолларда тадбиркорлар томонидан қонун бузилишларига йўл қўйилмоқда.

– Яқинда шакар сотиб олиш учун “Қўйлиқ” деҳқон бозорига бордим, – дейди уй бекаси Хуршида Ражабова. – Чунки, ушбу бозорда олмоқчи бўлган маҳсулотим давлат нархида сотилади. Лекин бу гал харид қилган шакаримнинг оғирлиги менда шубҳа уйғотди. Сотувчидан: “Тўғри тортдингизми, роппа-роса уч киломи?” деб сўрадим. У ҳам “Нега ишонмайсиз келинойи, тарозимиз тўғри” дея зардали жавоб берди. Шундай бўлсада, шакарни назорат тарозисида тортиб кўрдим. Афсуски, сотувчи 3 кг. деб сотган маҳсулот роппа-роса 2 кг. 200 гр. тош босди. Қайтиб борганимда эса сотувчи “800 гр. маҳсулот 4800 сўмдан” деб ёзиб қўйганмиз-ку, деб мени чалғитишга уринди. Бироқ, шундай бўлган тақдирда ҳам шакардан 200 гр. кам чиқаётган эди.

Бундан ташқари кўпчилик дўконларда қонунда белгиланганидан фарқли ўлароқ ушбу маҳсулотни юқори нархда сотилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Жумладан, Миробод туманидаги супермаркетлардан бирига борганимизда 900 гр. шакар 4 минг 990 сўм, 1 кг. шакар эса 5500 сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

Тошкент вилояти, Ангрен шаҳридаги вазият пойтахтдаги ҳолат билан жуда ўхшаш. Бу ерда ушбу маҳсулот 1 кг. нақд пулга 5300 сўм, пластик карточкага эса 5600 сўмдан сотилмоқда.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин, бироқ ушбу ўринда кимларнидир айбдор қилишдан йироқмиз. Шунчаки бундай ҳолатларнинг авж олиб кетмаслиги учун истеъмолчилар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини билсалар муаммолар вақтида бартараф бўлар эди.

Яна ўқинг:  ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРГА ИЖТИМОИЙ-ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Давлат рақобат қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралар томонидан шакар ва бошқа маҳсулотлар нарх-навосини асоссиз ошириш ва бошқа ўзаро келишувлар асосида маҳсулотларнинг сунъий тақчиллигини келтириб чиқариш ҳолатлари аниқланган тақдирда уларга нисбатан антимонопол иш қўзғатилиб, қонун асосида қатъий чоралар кўрилади. Шунингдек, қўмитанинг билдиришича шакар маҳсулотини чакана савдо корхоналарида 5 200 сўмдан юқори нархда сотиш ҳолатлари аниқланган тақдирда сиз тегишли тартибда Давлат солиқ қўмитаси ёки Давлат рақобат қўмитаси ва уларнинг ҳудудий органларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Майна ҲАСАНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: