Муқаддас ришта: уни асрашга барчамиз масъулмиз

Бир йигит ёш қизга уйланибди. Эртасига бозордан қўй гўшти олиб келиб, келинчакнинг қўлига тутқазибди. Келин ундан шўрва қилмоқчи эканини айтса, йигит қозон кабоб пиширишни тайинлабди. Келин эса бу таомни тайёрлашни билмаскан. Бундан йигитнинг жаҳли чиқиб, аёлини отасининг уйига олиб бориб қўйибди. “Мана қизингиз. Қачон гўштни тобида қовуришни ўрганса, олиб кетаман”.

Орадан икки ой вақт ўтгач, йигит келинчакни олиб кетгани келибди. Қараса, супадаги хонтахта турли хил таомларга тўла экан. Шунда келин буларнинг барини ўзи пиширганини айтибди. Йигит мамнун бўлиб, ортга қайтишга ҳозирланибди. Шу пайт қайнотаси бир қўйни етаклаб келиб: “Қани куёв, мана бу қўйни сўйиб беринг, қизим қовурдоқ пишириб беради. Мазза қилиб еймиз, қудамларга ҳам олиб кетасиз” дебди. Йигит бир зум каловланиб қолибди ва: “Мен қўй сўйишни билмайман”, дея айбини тан олибди…

Воқеани шу жойда тўхтатаман. Қолгани сизга ҳам маълум. Аслида эр ва хотин бир-бирининг камчиликларини тўлдириб, бир бутун ҳаёт кечириши лозим. Оила аталмиш муқаддас қўрғон ана шу бутунликдан бунёд бўлади. Араванинг боши икки томонга тортилса, унинг девори нураши тайин.

Оила мавзусига бежиз тўхталмадик. Бу борада кўп ва хўп гапирилган бўлса-да замон ўзгариши билан янгича қарашлар пайдо бўлади. Онгу шууримизга сингган оила тушунчаси эса баъзи сабабларга кўра ўзгариб бормоқда?

 

Музаямхон ФАРМОНОВА,

Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими:

Яқинда бир тадбирда қайнона келини билан бўлган воқеани сўзлаб берди. Олий маълумотли келинчак таътил олиб, тўйдан кейинги кунларда қайнона-қайнотасининг хизматини қилади. Таътили тугагач, ишга қайтмоқчи эканини айтади. Қайнона: “Еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, мен сизни ишлатмайман”, дея қаршилик қилади. Келин дардини ташқарига чиқармай, жим қолади. Бироздан сўнг қайнона: “Ҳа, келинпошша, индамайсиз, сизни ишлатмай бошимга ёстиқ қиламанми, албатта, ишлайсиз-да”, дейди. Бу вазиятда сукут сақлагани келиннинг ютуғи эди. Агар шартакилик қилганида борми, қайнонаси билан ўртада келишмовчилик бошланарди. Шунинг учун муомалада мулоҳазали бўлиш, ҳар бир гапни айтишдан аввал ўйлаш, катталар гапирганда охиригача тинглаш жуда муҳимдир.

“Оилавий ажримларда йигитларнинг ҳам айби бор”, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун марказимиз мутахассислари фақат қизларни эмас, балки йигитларни ҳам оилага тайёрлашга ҳаракат қилаяпти.

 

Яна ўқинг:  Боланинг оиладаги ҳуқуқлари

Р. МАМАТҚУЛОВ,

Бахмал тумани бош имом-хатиби:

Мўътабар манбалардан ҳисобланган “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ фасли” бўлимида шундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто, жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошининг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”. Мана шу аҳдлашувга биноан, маънавий жиҳатдан баркамол бўлган эр ва хотин бир-бирларини қаттиқ ҳурмат қилиши, ҳар бири ўз вазифасини мукаммал адо этиши ҳамда оила деган қўрғонни ташқи кучлардан ҳимоя қилишда баравар ҳаракат қилишлари лозим бўлади.

 

Дарҳақиқат, ваъда вафоси билан гўзал. Оилада ҳар ким ўз ўрнига мос равишда иш тутса, ўртада ортиқча муаммолар юзага келмайди. Баъзан “қиз тараф куёвни кийинтиришга бозорга олиб кетибди” деган гапларни эшитиб қоламиз. Ўзингиз ўйланг, бундан кейин оилада эркакнинг мавқеи, ўрни қандай бўлади? Афсуски, ушбу нозик масалага ҳамма йигитлар ҳам бирдек эътибор бермайди. Қолаверса, бугун асосий тўй харажатлари қиз томонга юкланаётганлиги турли нохушликларни юзага келишига замин яратмоқда. Оила деган қўрғон қурилмасданоқ, унинг пойдевори дарз кетмоқда.

Оилаларнинг мустаҳкамлигини сақлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тўйларни ихчамлаштириш бўйича чиқарилган фармон бу борада айни муддао бўлди. Эндиликда сарф-харажатларни эмас, муносабатларни ҳам мустаҳкамлашга эътибор қаратилса, хонадонларимиздан тотувлик ва аҳиллик аримайди.

 

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: