Муҳаддиснинг мероси

Тарихий манбалар Кешда катта ҳадис мактаби бўлганини тасдиқлайди. Хусусан, Имом Кеший, Имом Бухорий ва Имом Доримий Кешда бир муддат яшаб, ҳамкорликда фаолият олиб боргани ва шу даврда турли манзиллардан илм талабида бўлганлар келиб, шу ерни манзил тутгани фикримизни исботлайди. Имом Муслим ибн Ҳажжож ҳам шу пайтда Кешда яшаб, мазкур муҳаддислардан таълим олгани маълум.

Мазкур тўрт машҳур муҳаддис Кешда бир вақтда жам бўлиб, фаолият юритганининг ўзиёқ бу ерда илм-фан, маданият ниҳоятда ривожлангани, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва бошқа фанлардан мукаммал таълим берадиган катта илмий мактаб яратилганидан далолатдир. Мазкур муҳаддисларнинг буюк хизматлари натижасида дунё аҳли бу воҳага юксак баҳо бериб, Кешни “Қуббатул илм вал-адаб” (илм ва адаб гумбази) деб эътироф этишган. Бу таърифнинг айнан шу даврда берилганини “Зафарнома” асари тасдиқлайди.

VIII-X асрларда Мовароуннаҳрнинг Шош, Кеш, Самарқанд, Насаф, Бухоро, Термиз ва бошқа шаҳарлари илм-маърифат марказлари бўлган. Хусусан, Абдулҳамид Кешийнинг ўғли Муҳаммад ибн Абддан Ҳусайн ибн Исмоил ушбу маълумотни эшитганини келтириб ўтади:

Қутайба ибн Саъд: “Агар Термизга борсангиз Аҳмад ибн ал-Ҳасандан, Кешга борсангиз Абд ибн Ҳумайд Кешийдан, Самарқандга борсангиз Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ва Шошга борсангиз Абдуллоҳ ибн Абу Аробадан ҳадис ўрганингизлар”, дедилар.

Мазкур манбада номи келтирилган кишиларнинг барчаси етук муҳаддислар силсиласига оиддир. Бу қайд муҳаддисларнинг ҳадис илмида тенги йўқ эканини эътироф этиш билан бирга, айнан манбада зикр қилинган маконлар ўша даврдаги илм-маърифат марказига айланганига манбавий асос бўлади.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, ислом динининг асосий манбаларидан саналган ҳадис илми ва муҳаддислар ҳаётини тарих ва манбашунослик нуқтаи назаридан чуқур ўрганиш муҳим вазифалардан биридир. Шу маънода жорий йилнинг июнь ойида Шаҳрисабзда “Кеш – буюк алломалар юрти” мавзусида ўтказилиши мўлжалланган Республика илмий-амалий анжумани бу борада муҳим қадам бўлади, десак адашмаймиз.

 

Шукурилло УМАРОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази директори ўринбосари

Яна ўқинг:  Осиё ва Оврўпани боғлаган кўҳна кент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: