МТМни ЁҚТИРМАЙДИГАН БОЛА

Унинг хархашалари ўринлими?

Эрта тонгдан ҳар ким ўз манзили томон ошиқади. Катталар ишга, болалар мактабга, жажжи кичкинтойларимиз эса мактабгача таълим муассасаларига йўл олади. Баъзан эркатойларимиз МТМга бориш жараёнида ота-оналарини қийин вазиятга қўйишади. Турли хархашалар қилишади. Хўш, бунга сабаб нима? Тарбиячилар болалар билан етарлича шуғулланмаяптими? Ёки бунга уйдаги муҳит таъсир кўрсатадими?

Янги муҳитнинг хавотирлари

Бугун сиз фарзандингизни илк бор мактабгача таълим муассасасига олиб боряпсиз. Айнан шу пайтда болангиз учун аҳамиятсиздай туюлган ҳар бир нарсани эътибордан четда қолдирманг. Муҳитга мослаша олмаслигини сезсангиз, ёнида бироз қолинг. Бола ўзи ўрганган шароитдан чиқиб кетиши қийинроқ кечади. Ташқи кўринишидан ўйинқароқ, янги нарсаларга, саргузаштларга қизиқаётгандай туюлсада аслида кундалик ўрганган ҳаётида ўзини хотиржам ҳис этади. Кутилмаганда нотаниш аёлга топшириб кетишингиз, атрофидаги бир неча янги бегона дўстларининг пайдо бўлиши, ва яна онаси билан қайта кўришадими йўқми деган саволлар кичкинтойнинг хаёлида айлана бошлайди.

Кўпчилик мутахассисларнинг таъкидлашича, болалардаги тушкунлик ҳолатининг келиб чиқишига асосий сабаб одатга айланиб қолган ҳаётининг бир кунда ўзгариб кетишидир. Бола олдинлари доимо онаси ёки яқин бир оила аъзолари орасида бўлган. Барча диққат-эътибор унга қаратилган эди. Эндиликда эса муассасадаги барча нарсалар унга хавф солаётгандай туюлади. Ана шунда у МТМга бормаслик учун турли баҳоналарни ўйлаб топади.

МТМга боришга кўндириш чоралари

Боланинг мактабгача таълим муассасасига кўникиб кетиши учун вақт керак. Кўпчилик ота-оналар ўзининг фарзандини икки ёшга тўлгач МТМга беришади. Бола учун бу оғир қадам. Унга ҳам руҳий, ҳам жисмоний тарафлама қийин бўлади. Чунки мазкур даврда болага онанинг ғамхўрлиги жуда зарур ҳисобланади. Тўрт ёшдан сўнг эса бегона жамоага кўникиши анча осон кечади. Ўзининг эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларни бемалол айта олади. Тенгқурлари билан бемалол мулоқотга киришади.

Болани кундалик тартибга ўргатинг. Агар у кеч ётиб кеч туришга одатланган бўлса, эрта туриш бироз у учун қийинчилик туғдиради. Бу унчалик хавотирли ҳолат эмас, 3-4 кун ичида ҳаммасига кўникади. МТМга тайёрлаш жараёнида уни муассасага олиб борганингизда уйни эслатиб турувчи бирор буюм қолдириш керак. Бу қандайдир юмшоқ ўйинчоқ бўлиши ҳам мумкин. Масалан (у билан ухлаш ёқимли бўлган нарса). Ёки болангиз ёқтирган, устини ифлос қилмайдиган бирор егулик(олма ва сабзи) ва бошқалар каби.

Яна ўқинг:  MEHRIBON BOBOJONIM

Яна бир усули, “Агар мактабгача таълим муассасасига бормасанг у ердаги ўртоқларинг сени соғинади. Кўрмаса касал бўлиб қолади” каби баҳоналар билан қизиқтиришингиз ҳам мақсадга мувофиқдир.

– Боламни МТМга олиб бориш жараёнида уйдан вақтлироқ чиқамиз. – дейди ўқитувчи Умида Мамадалиева. – Кўчани сайр қилдириб, табиат билан таништираман, турли саволларига йўл-йўлакай жавоб бериб бораман. Кейинчалик фарзандим сайр қилишга қизиқиб ўзи эрта туришга одатланди.

Ҳақиқатдан ҳам болаларнинг дунёсига кириб борсангиз улар учун борлиқнинг ҳамма нарсаси қизиқарли туюлади ва барча саволларига жавоб топишга ҳаракат қилишади. Уларнинг қизиқувчанлигидан фойдаланиб МТМга хархаша қилмасдан боришга ўргатишимиз мумкин.

– Болаларни биринчи маротаба МТМга олиб бориш жараёнида йиғлаб, хархаша қилишини кўп кузатганмиз, – дейди болалар психологи Дилноза Авазова. – Бу табиий ҳолат. Уларни биринчи навбатда ота-онадан ажралиш хавотирга солади. Кўпчилик орасига қўшилиб, ўйнаб кетиши учун эса чалғитиш, хонани қизиқарли расмлар, боланинг эътиборини тортадиган ранглар, ўйинчоқлар билан безатиш керак. Унинг фелъ-атворига қараб муомала қилиш тарбиячиларнинг иқтидорига боғлиқ. Фарзандларимиз ҳар хил бўлгани каби уларнинг дунёқараши ҳам турлича. Баъзилари жуда шўх, бир жойда ўтира олмайди. Бунга сабаб улар жудаям ҳаракатчанлигидандир. Уларга кўпроқ ўтириб бажариладиган ўйинларни ўргатиш, ўриндиқда ўтирган ҳолда ўйнайдиган ўйинчоқлар билан банд қилиш мақсадга мувофиқ. Фарзандларимизнинг ичида тортинчоқ, юмшоқ тоифадагилари ҳам бор. Ундайларига эса гуруҳ бўлиб ўйнайдиган машқларни бажартириш, дўстларга ўрганишини секинлик билан амалга ошириш зарур. Бу ҳам, албатта тарбиячи педагогларимизнинг қанчалик маҳоратга эга эканлигига боғлиқ.

Бу ҳолатда МТМ педагогик ходимлари қандай ёндАшмоғи лозим?

Аслида муассасада фаолият юритадиган педагог МТМга келаётган болаларнинг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, чалғитиб олиб қолиш чораларини кўриши керак. Бундай вазиятда улар махсус тайёргарликдан ўтган, педагогик маҳоратга эга эканлиги намоён бўлади.

Бола МТМга бормаслигига асосий сабаб у ва тарбиячи ўртасидаги келишмовчилик ҳисобланади. Бундай ҳолатларда тарбиячи билан фарзандингиз ҳақида гаплашиб олинг. Нуридийдангизга алоҳида эътибор зурурлиги, унда ҳозир мослашиш жараёни кечаётганини муассаса тарбиячиси тушуниши лозим. Кичкинтойингизга эса ўзини яхши тутиши, МТМда ақлли ва одобли бола бўлиб юришини ўргатинг.

Ҳар бир боланинг ўзига яраша дунёқараши бор. Баъзи болалар оиладаги акаси билан бўладиган келишмовчиликларни кўнглига яқин олмайди. У бундай муносабатга кўниккан бўлади. Айрим болаларга эса овозингизни баландлатиб гапириш, унинг кўнгли синишига кифоя қилади. Бундай пайтда бола тарбиячига ҳеч нарса демаслиги мумкин, лекин бу МТМ билан боғлиқ бўлган хафагарчилик унинг беозор қалбида йиғилиб бораверади.

Яна ўқинг:  TIKUVCHI QIZ tadbirkorlikni yo‘lga qo‘ydi

Болаларнинг ўз тарбиячисини қанчалик яхши кўришини, МТМга хархаша қилмасдан келишидан ҳам кузатса бўлади. Демакки, тарбиячи-педагоглар ҳар томонлама билимдон ва меҳрибон бўлмоғи лозим.

Чарос ХУШВАҚТОВА,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: