МТМлар бола таълим-тарбиясида муҳим пойдевор

Ҳар гал туғилиб ўсган қишлоғимдаги болалигимнинг унутилмас дамлари кечган қадрдон боғчам ёнидан ўтганимда беғубор хотиралар кўз олдимда гавдаланади.

У вақтларда қишлоқда пастқам, лойсувоқли уйлар кўп бўлиб, севимли боғчамизнинг кенг ҳовлиси, дов-дарахт ва гулзорнинг гўзал манзараси кишини ўзига мафтун этарди. Ҳовлидаги майдончада эса болалар мириқиб ўйин ўйнар эди.

Яқинда яна қишлоққа бордим. Афсуски, хотирамда муҳрланган гўзал ва севимли масканимни кўриб, дилим хуфтон бўлди. Бино анча эски ҳолатга келган, ташқи деворлари ёғингарчилик сабаб, бироз чўккан, биз ўйнаб-яйраган болалар майдончаси эса ачинарли ҳолатда эди. Шундай бўлсада, МТМ ҳамон фаолиятини давом эттиряпти.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу борада қабул қилинган фармон ва қарорлар, шунингдек, Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши ёш авлод тарбияси йўлида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтарди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам жойларда мактабгача таълим муассасаларининг аҳволи, соҳадаги муаммолар танқидий кўриб чиқилиб, чуқур муҳокама қилинди.

Ушбу видеоселектор йиғилишида айрим чекка ҳудудларда болалар боғчаларининг йўқлиги, борлари ҳам етарли шароитларга эга эмаслиги ҳамда унда таълим-тарбиянинг кўнгилдагидек олиб борилмаётгани таъкидланди. Шунингдек, яқинда Президентимиз Бухоро вилоятига қилган ташрифида ҳам ушбу масалага яна бир бор эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг илк йилларида мамлакатимиз аҳолиси 22 миллион бўлиб, ўша пайтда мактабгача таълим муассасаларига 1,5 миллион бола боргани, ҳозир эса юртимиз аҳолиси сони 32 миллиондан ортганига қарамай, атига 500 минг бола боғчаларга қамраб олинганини афсус билан айтиб ўтди. Бу маълумотларнинг ўзиёқ, кўп болаларнинг маънан ва жисмонан ривожланиш даври фойдали машғулотлар билан эмас, аксинча уй шароитида ўтишини кўрсатмоқда. Шу сабаб ҳам Президентимиз бу борада жонкуярлик билан кўплаб ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлади.

 

Чиндан ҳам бугун аҳоли сонидан келиб чиқиб айтсак, республикамизда МТМлар сони жуда кам, – дейди Мактабгача таълим вазирлиги мутахассиси Гулбаҳор Парпиева. – Бунинг сабабларига келсак, аксарият чекка ҳудудларда ёки қишлоқ жойларда кўпгина МТМлар фаолияти йиллар ўтиб, ота-оналарнинг ўз фарзандларини ушбу муассасаларга бермай қўйиши оқибатида тугатилган. Эндиликда барча ҳудудларда учрайдиган бу каби камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш мақсадида давлатимиз томонидан катта маблағ ва ресурслар соҳага йўналтирилмоқда.

  2018 йил учун тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари рўйхатига мувофиқ, 771 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 60 та боғча янгидан қурилади, 295 таси реконструкция қилинади ва 176 таси мукаммал таъмирланади.

Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор қаратган масала – хусусий боғчалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Яъни, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришдир. Жорий йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, шундан 1 минг 200 таси янги қуриладиган бинода, 1 минг 360 таси эса мавжуд биноларда ҳамда 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади.

 

Яна ўқинг:  Ёш китобхон – зукко китобхон

Дарҳақиқат, фарзандларимиз бошланғич таълим-тарбияни ота-она кўмагида мактабгача таълим муассасаларида олади ва мустаҳкамлайди. Шундай экан, нега унда ота-оналар ўз фарзандларини МТМларга жалб қилмаяпти? Бунга сабаб нима?

 

Қишлоғимизда иккита боғча бор, – дейди Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Кўкдала қишлоғида истиқомат қилувчи Нозигул Муқимова. – Битта боғча кўпинча мавсумга қараб ишлайди. Яъни, экин-текин ойлари ва пахта йиғим-терими пайтида. Иккинчи боғчада барча шароитлар яратилган бўлиб, ҳозирда давлат идораларида ишлайдиган фуқароларнинг фарзандлари бу ерда тарбияланади. Бироқ, мен каби кўплаб қишлоқ аёллари уй юмушлари билан банд бўлиб, ишламаганлигимиз сабабли МТМга эҳтиёж сезмаймиз. Қолаверса, ушбу боғчанинг тўловини тўлаш бизга бироз оғирлик қилади.

 

Бундан кўриниб турибдики, ёш авлод тарбияси йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бериши учун ота-оналар ва мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Яъни, юртдошларимиз ўз фарзандлари тарбиясига бефарқ қараб турмасдан бу жараёнда фаол иштирок этишлари зарур.

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: