Миллий ўйинлар – тарбия воситаси

Ўзбек халқ миллий ўйинлари ўзининг узоқ ўтмиши, бой тарихига эга бўлган, аждодлардан авлодларга мерос сифатида ўтиб келаётган, маънавий бойлигимиз, қадриятларимиздан саналади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб, миллий қадриятларимиз, анъана-ю удумларимиз, шу жумладан, халқ ўйинларини қайта тиклашга катта эътибор қаратилди.

Бугун юртимизда ёшларни спортга, миллий халқ ўйинларига кенг жалб қилиш соғ­лом авлодни вояга етказишнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда. Дарҳақиқат, соғ­лом авлодни шакллантиришда миллий халқ ўйинлари муҳим аҳамиятга эга.

Барчамизга маълумки, бутун ер юзида ҳар бир халқ миллат сифатида шаклланибдики, улар ўзининг миллийлигига эгадир, шу қаторда ўзбек халқининг миллий урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари ва шу билан биргаликда миллий ўйинлари шакл­ланиб борди. Шу ўринда савол туғилади, аждодларимиз нима сабабдан ўйинлар ўйнашган, «Ўйин» ўзи нима?

Ўйинлар – халқнинг табиий ва тарихий эҳтиёжи сифатида шаклланган, яъни ҳар бир шахс ўйинга нисбатан ўзида яхши эҳтиёж сезган. Шу боисдан инсонлар ўз машғулотларидан, меҳнатидан, яшаш шароитидан ҳамда ижтимоий муҳитдан келиб чиққан ҳолда ўйинларни яратишган. Шунингдек, халқ ўйинлари аждодлар турмуши, меҳнати, тарбияси, ютуқларини ўзида акс эттирган. Улар соғлом авлодни шакллантирувчи тарбия воситаси ва болаларни ижтимоий-руҳий, ақлий ривожланишига хизмат қилувчи муҳим омил ҳисобланган.

Халқ ўйинлари инсон ҳаётидаги бўшлиқни тўлдирадиган, танасидаги ортиқча кучни сарфлашга, етмаганини эса тўплашга ёрдам берувчи восита ҳисобланган. Бундан ташқари болалар ўйинлар орқали ҳаётга тайёргарлик кўришган, турмушдаги қийинчиликларни енгиб ўтишга, иш ва курашда ғалаба қозонишни ўрганишган.

Юқоридаги изоҳлардан келиб чиққан ҳолда миллий ўйинларга қуйидагича таъриф беришимиз мумкин:

Миллий ўйинлар – бўш вақтни унумли ва мароқли ўтказишга қаратилган, ҳар бир шахсни ақлан расо ва жисмонан соғлом бўлишга ундайдиган, кўтаринки руҳ ҳамда кайфият улашувчи, мардликка, эпчилликка, чаққонликка қолаверса, эзгуликка чорловчи тарбия воситасидир.

Бизгача етиб келган халқ миллий ўйинлари ҳақида бир нечта олим-у мутафаккирларимиз қимматли маълумотлар ёзиб қолдиришган. Хусусан, Маҳмуд Қошғарий ўзининг «Девони луғоти-турк» асарида халқ ўйинларнинг 150га яқинини тилга олиб, улардан 20 тасига таъриф беради.

Бундан ташқари «Авесто»да ҳам бир қанча олов ўйинлари ҳақида маълумот берилган. Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Кайковуснинг «Қобусонма» асарларида ҳам миллий ўйинлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган.

Яна ўқинг:  Эл саломатлиги эътиборида

Миллий халқ ўйинларининг соғлом авлод тарбиясидаги аҳамиятини қуйидаги тартибда кўриб чиқамиз:

– Педагогик;

– психологик;

– тарбиявий;

– жисмоний ва

соғломлаштирувчи.

Педагогик аҳамияти – ўйин ҳар бир шахснинг ҳис-туйғусини, тасаввурини, дунёқарашини бойитиб боради. Яна уларнинг кузатувчанлигини, зийраклигини, зеҳнини таҳлил қилиб, билимини оширади. Ўйинлар орқали ёшларга маданиятимиз ва урф-одатларимиз таништирилади.

Психологик аҳамияти – ўйинлар шахснинг руҳияти ва кайфиятини кўтаришга хизмат қилади.

Тарбиявий аҳамияти– ёшларни иродали, сабр-тоқатли, ҳаёт қийинчиликларини енгадиган, ғалаба қозонишга интиладиган, чаққон, эпчил, мард қилиб тарбиялайди.

Жисмоний ва соғломлаштирувчи аҳамияти – миллий ўйинлар ўйналганда организм тизимлари ва нафас олиш, мушак, юрак қон томирларга самарали таъсир қилади. Ўйинлар очиқ ҳавода ўйналганда қон кислород билан тўйинади ва бу модда алмашинувини кучайтиради. Бу эса организмга ижобий таъсир кўрсатади ва барча ҳужайралар уйғонади. Ўйин ўйнаган ҳар бир шахс жисмонан соғлом ва бақувват бўлиб вояга етади.

Аммо шундай бўлишига қарамай бугунги кунда миллий ўйинларимизга бўлган талаб анчайин камайган. Айрим ёшлар ўзларининг бўш вақтларини интернет кафеларда маънавиятимизга зид бўлган компьютер «ўйин»ларини ўйнаш билан ўтказишмоқда. Шу ўринда Президентимиз Ислом Каримовнинг сўзларини тилга олмасдан иложимиз йўқ: «Бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади».

Шундай экан, болаларимизнинг онгида маънавий бўшлиқ қолдирмасдан, уларни ҳам маънан ҳам жисмонан баркамол қилиб вояга етказишимиз лозим.

Ваҳобжон Ўразматов,

Ўзбекистон Давлат Маданият ва санъат институти талабаси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: