Меҳр ва мурувват: дунёнинг қўш устуни

Касбимиз тақозоси билан кўплаб “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларида бўламиз. У ердаги инсонлар билан суҳбатлашиб, ҳаёт ҳақидаги қарашларимиз, тасаввурларимиз буткул ўзгаради.

Шу сабабданми бу галги сафар давомида кўнглимдан ҳар доимгидан-да бошқача туйғулар ўтди.

Табиатан эркак зоти кучли, ҳимоячи, оила қўрғонининг устуни сифатида яратилган. Аммо тақдирнинг турфа синов ва зарбалари туфайли уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтожлик сезсачи? Беморлар руҳан ва жисмонан ўзгаларнинг қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд бўлса атрофдаги соғлом фикрли одамлар ҳамиша кўмакка шай туришлари шарт ва зарур. Чунки, бу сизу бизнинг инсоний бурчимиздир.

Ҳа, азизлар атрофга боқиб дунёнинг туганмас ташвишлари учун елиб-югураётган, доимо яқинлари дийдорини кўришга вақт топа олмаётган одамларга қарата бир зумга тин олинг, дегимиз келади. Ортингизга боқинг. Ўзингиздан қандай из қолдираяпсиз? Ҳозир сизнинг ширин сўзингиз, меҳрингиз ва қўллаб-қувватлашингизга муҳтож ярим кўнгил инсон йўлингизга кўз тутаётгандир… Вақти келиб касаллик ёки кексалик туфайли сиз ҳам ёлғизланиб яқинларингиз меҳру муҳаббатига ташна бўлишингиз мумкин.

Бухоро шаҳридан 80 км олисда жойлашган Қоракўл тумани ногирон эркаклар “Мурувват уйи” 1962 йилда ташкил этилган бўлиб, 1984 йилда янги бинога кўчирилган эди. 1996 йилдан бошлаб ташкилот юқорида таъкидланган ном билан юритила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфидаги ушбу “Мурувват уйи”да айни пайтда 300 нафар руҳий хаста ногирон эркаклар яшайди.

“Мурувват уйи”да ногиронларнинг яшаши ва дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. “Обод турмуш йили” давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишида ҳам муассаса жамоаси фаол иштирок этмоқда. Ақлий жиҳатдан имконияти чекланган фуқаролар мавсумга мослаб тўлиқ кийим-бош, иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, бу масканда ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Муассаса биноси атрофида очилиб турган турфа хил кузги гуллар баҳри дилингизни очади. Дарахтларда мевалар, ишкомларда узумнинг кузги навлари ғарқ пишган. Бу ҳам дастурхон тўкинлигини таъминлайди.

“Мурувват уйи”га тегишли ёрдамчи хўжалик ерларидан бу йил ҳам картошка, пиёз ва бошқа полиз экинларидан мўл ҳосил олинди. Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган бир гектар ерга полиз экинлари ва турли сабзавотлар экилган бўлиб, ҳозирги кунда бу маҳсулотлар йиғиб-териб олинди ҳамда қишги мавсумга заҳира тайёрланмоқда. “Нур – 2000” фермер хўжалигида ғалладан бўшаган 5 гектар ер олиниб, бу майдонга ёрдамчи хўжаликда парвариш қилинаётган 3 бош қорамол, 11 бош қўй ва паррандалар учун озуқабоп ва бошқа экинлар экилиб, йиғиб олинмоқда. Шунингдек, муассаса жамоаси ушбу фермер хўжалигидан уч гектар ерни шартнома асосида олган. Бу ерда ҳар йили пахта етиштирилади. “Мурувват уйи”да йил давомида турли байрам саналарига бағишлаб ҳомийлар томонидан беморларга байрам дастурхонлари ёзилади.

Яна ўқинг:  Ёш фермернинг эзгу ниятлари

“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи”, “Қоракўл омухта ем” ОАЖ филиали, “Доктор Норқул Ҳусен” МЧЖ, “Олот пахта тозалаш заводи”, “Вилоят пахта саноат трести” каби ҳомий ташкилотлар ҳамда тумандаги мурувватли ва саховатпеша инсонлар ногиронлар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлишмоқда.

Шу ўринда ногиронликни келтириб чиқарувчи сабаблар хусусида қисқача тўхталиб ўтишни жоиз деб билдик. Яъни, ота-онанинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши, ичкиликбозлик, кашандалик, анемия (камқонлик) ва авитаминоз (витаминлар танқислиги) билан ҳомиладор аёлнинг оғриши, жинсий йўллар билан юқувчи турли инфекциялар оқибати ҳамда яқин қариндош-уруғларнинг оила қуриши, вояга етмаган ёшларнинг фарзанд кўриши, ирсий хасталиклар, ота-онанинг турли кимёвий моддалар билан заҳарланиши ҳамда онанинг ҳомиладорлик даврида турли юқумли касалликлар асоратини бошидан ўтказиши ва ҳакозо.

“Мурувват уйи”да яшовчи беморлар йилда икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрик (диспансеризация)дан ўтказилади. Аниқланган касалликлар бўйича ногиронлар соғломлаштирилади. Ушбу муассасани капитал таъмирлаш учун жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан 60 млн. сўм маблағ ажратилди. Ҳозирги кунгача қозонхона биноси, ётоқхоналар иситиш тизими ва 1-6 бўлим ётоқхоналари тўлиқ таъмирланди. Тоза ичимлик суви қувури тортиш ишлари тугатилди.

“Мурувват уйи”да ногиронларга жами 159 нафар ишчи-хизматчилар, шулардан 6 нафар шифокор, 21 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 75 нафар кичик тиббиёт ходимлари сидқидилдан, беғараз хизмат қилмоқдалар. Айниқса, тажрибали 1-тоифали психиатр Шосаид Абдуҳакимов, олий тоифали психиатр Ғайбулло Болтаев, терапевт Зарип Рўзиев, олий тоифали стоматолог Гулнора Шарипова, тери-таносил касалликлари шифокори Одилжон Эшонов, лор шифокори Олим Ишонов каби фидойи инсонларнинг меҳнати таҳсинга лойиқ.

Ҳаёт синовларида синалаётган инсонларга боқиб ўзимизга ато этилган неъматларга ҳамиша шукр қиламиз – дейди Қоракўл тумани ногирон эркаклар “Мурувват уйи” директори Баҳриддин Тешаев.

Халқимизда “Яхшилик қил дарёга сол, балиқ билади. Балиқ билмаса, Холиқ билади” деган мақол бор. “Мурувват уйи”да фаолият юритаётган барча инсонлар бу мақол замирида улкан маъно яширинганини дилдан ҳис этишади.

Гулчеҳра ШИРИНОВА,

Бухоро вилояти

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: