Меҳнатнинг баҳоси қадр, мукофоти ишонч ва рағбат

Бу йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан юртдошларимиздан бир гуруҳи турли давлат мукофотларига сазовор бўлишди. Улар қаторида Ҳукуматга қарашли бўлмаган «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жам­ғармасининг Хоразм вилояти Урганч тумани таянч маскани директори Зуммарат опа Бекчанованинг «Дўстлик» ордени билан мукофотланганлиги унинг яқинлари ва жамоа аъзолари қалбида фахр ва ғурур туйғуларини уйғотди.

– Бизнинг халқимиз ўзининг болажонлиги, меҳмондўстлигию, меҳнаткашлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Оила тинчлиги, фарзанд камоли, унинг саломатлиги барча юмушлардан-да устун. Бизнинг жамоамиз ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам бериб келмоқда. «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси томонидан ажратилган дори-дармонлар ва санитария-гигиена воситалари кам таъминланган ва кўп болали оилалар фарзандлари, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексаларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ишига йўналтирилган. Жумладан, ўтган икки йил мобайнида 1230 нафар аёллар ва болалар «Соғлом авлод учун» хал­қаро хайрия жамғармаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Лаб-танглай нуқсони мавжуд уч нафар бола операция қилиниб, буткул соғайиб кетишди. Ана шундай ижобий натижага эришганимизда қалбимизда ўз ишимиздан мамнунлик ҳис этамиз.

– Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллик байрами арафасида «Дўстлик» ордени билан тақдирланишим бу, албатта давлатимиз раҳбарининг биз аёлларга ва барча нодавлат ва нотижорат ташкилотларига бўлган юксак эътибори деб биламан. Менга ва жамоамизга билдирилган ишончга чин дилдан миннатдорчилигимни билдирар эканман, келажак авлод соғлиғини таъминлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами соғлиғини муҳофаза қилишда жамоамиз билан куч ва ғайратимизни аямаймиз, – дейди фахр билан З.Бекчанова.

Аҳолини соғломлаштириш лойиҳасида мунтазам равишда маҳаллалар, мактаблар, коллежларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилда эҳтиёжманд аҳолига ҳомийлар ёрдамида 10 млн. сўмдан зиёд дори-дармон тарқатилди. Йод танқислигига барҳам бериш учун туман умумтаълим мактаблари ўқувчиларига керакли дармондорилар бепул тарқатилди. Ёшлар ўртасида миллий қадриятларимизга нисбатан чуқур ҳурмат, юртга садоқат туйғуларини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида «Соғ­лом она – соғлом бола», «Маҳалла обод – юрт обод», «ОИВ ва ОИТС нима?», «Эрта турмушнинг салбий оқибатлари» каби юздан зиёд мавзуларда тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Яна ўқинг:  Ёш оилалар учун турар жой олишга имтиёзлар

Қирқ йилдан буён Урганч туман Тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасида фаолият олиб бораётган Зуммарат опа кўпчиликнинг ишончини қозонган шифокорлардан. Фаолияти давомида ўзининг ташкилотчилик қобилияти билан бош­қалардан ажралиб турадиган бу меҳнаткаш ва фидойи шифокорга Тиббиёт бирлашмаси хотин-қизлар кенгаши ҳамда Халқ демократик партияси бошланғич ташкилоти раислиги вазифасини ҳам ишониб топширишди. Шунингдек, у 2007 йилдан бери «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармасининг Урганч тумани таянч маскани директори вазифасида ҳам сидқидилдан фаолият олиб бормоқда. Аҳоли ўртасида саломатликка доир тарғибот ва ташвиқот ишларини ўтказишда жамоа билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Эндокринолог-шифокор Зуммарат опа турмуш ўртоғи билан тўрт нафар фарзандини меҳнатсевар, билимга чанқоқ этиб тарбияладилар. Айниқса, оиладаги соғлом муҳит ва тартиб, ўзаро ҳурмат ўғил-қизларнинг келажагига ижобий таъсир кўрсатди. Улар эл-юртига нафи тегадиган инсонлар бўлиб вояга етишди. Бугунги кунда улар ҳам ўз фарзандларини ана шу эзгу мақсад йўлида тарбиялашмоқда. Қизи Шоира туғруқхона бўлимида, Шоҳиста тумандаги қишлоқ врачлик пунктида ишлашади. Ўғли Умидбек вилоят Алоқа бўлимида фаолият юритади. Қизи Наргиза Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Урганч филиалини тугатиб, коллежда ўқитувчи бўлиб ишлаяпти.

Она-юртига, оиласига меҳр ва садоқат, эзгу мақсадлар йўлида изланувчанлик, фидойилик мужассам бу қалб эгаси учун керакли бахт мезонлари ана шу бўлса, не ажаб. «Юртинг тинч – сен тинч». Ана шу сўзларни ўзига шиор қилиб, фаолият олиб бораётган меҳнатсевар Зуммарат опага омад ҳамиша ёр бўлсин!

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: