Мавсум тамаддихоналардан саришталик талаб этади

Машҳур латифа бор. Хўранданинг овқатидан пашша чиқади. Бу ҳақда официантга айтганда “ахир бу пиёз-ку” деб олиб еб қўяди. Сўнг ошпазнинг олдига бориб: “Аблаҳ, қозонингга қарасанг бўлмайдими? Бугун сени деб тўртта пашша едим” дейди.

Бу латифани бежиз эсламадим. Яқинда умумий овқатланиш шохобчаларидан бирига тушлик қилиш учун кирдик. Ҳамма ўзига ёққан таомни буюртма қилди. “Оёғи енгил” официантнинг қадамини пойлаш баҳонасида бу жойда овқатни яхши тайёрлаши, таъми оғизда қолиши, доимий мижозлари талайгина экани ҳақида ўзаро суҳбатлашиб ўтирдик.

Официант буюртмани олиб келгач ҳамма иштаҳа билан тановулга чоғланди. Кўп ўтмай шеригимнинг идишидан масаллиқларга қўшиб қовурилган қумурсқа чиқди.

– Кечирасиз, мана бу ҳашарот овқатда нима қиляпти? – официантга савол берди у.

– Ака, шуни олиб ташлай қолинг, – хотиржамлик билан жавоб берди официант.

Унинг бу вазиятга беэътибор қарашини кўриб, мазкур ҳолат биринчи марта бўлмаётганини англадим.

Энг ачинарлиси, улар бунга шунчаки одатий ҳолдек қараб, вазиятни табиий қабул қилишмоқда. Ахир, ошпаз қозонга назар ташлаганда аввало унинг тозалигига эътибор бериши ва ўзи ҳам бир бора бўлсин қозонни чайиб олиши керак эмасми?! Қандай қилиб овқат тайёрлаш жараёнида унга ҳар турли ҳашаротларни ҳам қўшиб қовурилишини кўрмаслик мумкин?

Шу билан бир қаторда маҳсулотларнинг сифатига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Ёз фасли келиши билан озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш тартиби ҳам ўзгаради. Зеро, иссиқ кунларда уларнинг истеъмолга яроқсиз ҳолатга келиб қолиш эҳтимоли ортади. Бундай яроқсиз маҳсулотларни тановул қилиш эса инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Дисбактериоз (нотўғри овқатланиш, овқатдан заҳарланиш ёки антибиотикларни пала-партиш ичиш натижасида ичаклардаги ижобий микрофлоранинг бузилиши), гастрит (меъда шиллиқ қаватининг ялиғланиши) ботулизм (овқатдан заҳарланиш) ҳамда диарея (ичкетар) сингари касалликлар эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.

– Ботулизм овқатдан кучли заҳарланишдир, – дейди Чилонзор тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси Мунира Зупарова. – Бу касалликни бактериялар, сальмонеллалар ботулизм таёқчалари келтириб чиқаради. Улар қолиб кетган озиқ-овқат маҳсулотларида, сифатсиз ишлов берилган консерва гўшт ҳамда гўшт маҳсулотлари ва қайнатилмаган сувда тез кўпайиш хусусиятига эга.

Бу хасталикнинг хавфли жиҳати шундаки, баъзан ботулизм қўзғатувчиси билан заҳарланган маҳсулотларнинг таъми ва сифати ўзгаришсиз ҳам бўлади. Овқат токсикоинфекцияларининг ўзига хос хусусияти – касалликнинг бемор кишидан соғ одамга ўтмаслигидир. Хасталик йил давомида учрайди, лекин ёз ва куз мавсумларида кўпроқ кузатилади. Чунки бу даврда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш қийинроқ бўлиб, бактерияларнинг кўпайиши ва тўпланиши учун қулай шароит яратилади. Овқат токсикоинфекцияси эпидемияларнинг ўзига хос хусусияти – касаллик тўсатдан бошланиши ва бир хил овқат маҳсулотини истеъмол қилган кишиларда оммавий равишда юзага келишидир.

Яна ўқинг:  Onam duosi

Бу касалликнинг яширин даври анча қисқа бўлиб, 30 дақиқадан 12 соатгача, жуда чўзилса, 24 соатгача боради. Бемор тўсатдан кўнгли айниб, қайт қилади. Кўпинча қусиш кетма-кет қайтарилиб, беморни ҳолдан тойдиради. Кейин ич кетиши бошланади. Беморнинг қорни қаттиқ бураб оғрийди, кетма-кет қайт қилади. Ўзи бўшашиб қолади, карахт ҳолда ётади. Ҳарорати кўтарилади. Беморнинг ранги кўкариб, оёқ-қўллари музлайди. Қорни пайпаслаб кўрилганда, меъда оғрийди. Пульс тез, суст уради ва қон босими пасаяди. Қусиши ва ич кетиши натижасида бемор организмида сувсизланиш кузатилади. Жигар ва талоқ катталашади, беморнинг аҳволи оғирлашади.

Овқатдан заҳарланиш аломатлари кузатилганда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Шу билан бир қаторда хасталик бошланганидан бир неча соат, ёки кун ўтгач, асаб тизимининг жароҳатланиши кузатилади. Беморнинг кўриш қобилияти пасаяди. Атрофдаги нарсалар яққол кўринмайди, худди кўзга парда тушгандек туюлади, бирор нарсани ўқиш қийинлашади. Мускуллар бўшашиши – миостения ҳам ботулизмнинг ўзига хос белгиларидан ҳисобланади. Дармонсизликдан бемор оёғида тик тура олмайди. Токсин юрак қон-томир тизимига ҳам кучли таъсир кўрсатади. Юрак уриши секинлашади. Ботулизм хасталигини даволаш узоқ муддатга, тахминан 20-30 кунга чўзилиши мумкин. Бунда бемор шартли равишда шифохонада, шифокорлар назорати остида даволаниши шарт. Хасталик қачон бошланганидан қатъи назар, беморнинг меъдаси яхшилаб ювилиб, ичаги тозаланади. Ботулизм даволанишида асосий қўлланиладиган восита бу – ботулизмга қарши зардобни организмга юборишдан иборатдир.

Шу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан мазкур соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган.

1992 йил 3 июлда қабул қилинган “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги ҳамда, 1997 йил 30 августда қабул қилинган “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда кўплаб самарали ишлар амалга оширилди. Бунинг натижаси ўлароқ, барча ҳудудларда аҳоли сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва малакали тиббий хизмат ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган маиший воситалар билан таъминланмоқда.

Аммо “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, кундалик ҳаётимизда юқоридаги каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай кўнгилсизликларнинг олдини олиш эса ўз-ўзидан ҳар бир фуқаронинг вазифасидир.

Шу билан бирга иссиқ кунларда Давлат санитария эпидемиология назорат марказлари ҳам ўз вазифаларига янада эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз.

Яна ўқинг:  МТМни ЁҚТИРМАЙДИГАН БОЛА

Фарҳод ТОЛИПОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: