Реклама

Мавсум муаммолари ёхуд ис гази билан боғлиқ масалага ижобий ечим топилди(ми?)

Яқинда қишлоқдаги қўшним уйимизга меҳмонга келди. У билан дастурхон устида узоқ суҳбатлашдик. Сўнг таом тайёрлаш мақсадида сабзи-пиёз тўғрашга уннадим. Қўшним эса ёнимга келиб, аста гап бошлади:

– Шаҳарга кўчиб келиб яхши иш қилдинглар-да. Бу ерда ҳамма шароит муҳайё. Биз буруқсиган тутунда олов ёқиб, овқат пиширамиз. Шу десангиз, яқинда ис газидан заҳарланишимга бир баҳя қолди. Ўша куни тунда уйқуга ётдик. Орадан қанча вақт ўтганини билмайман. Кўзимни очиб қарасам, ташқари ҳовлимизда ётибман. Бироз ўзимга келгач, шифохонага бордик. Шифокорларнинг айтишига қараганда бир отнинг нархига сотиб олган кўмиримизнинг сифати пастлиги сабаб ўзидан зарарли ис гази чиқараётган экан. Ўша бизни карахт қилибди. Яхшики, шу куни хўжайиним уйга кеч қайтганди. Акс ҳолда…

Маълумки, қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши оқибатида фуқароларимиз ўз хонадонларини иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, иситиш ва газ ускуналаридан кенг фойдаланади. Айрим инсонларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги, техника воситаларига беэътибор бўлиши оқибатида турли кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлади. Энг ачинарлиси, жойларда олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот тадбирларига қарамасдан аҳоли орасида табиий ва ис газидан заҳарланиш, турли хилдаги тан жароҳатлари олиш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар тез-тез учрамоқда.

“Ўзтрансгаз” АЖ маълумотларига қараганда жорий йилда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича корхона, ташкилот, хусусий тадбиркорлик субъектларида 10 минг 219 та, бозорларда 651 та, умумтаълим, ўрта-махсус ва олий таълим муассасаларида 3 минг 703 та, ҳовли-жойларда 2 млн.га яқин, кўпқаватли уйларда эса 278 минг 648 та тарғибот тадбирлари ўтказилган. Аҳолига 476 мингдан ортиқ эслатмалар, баннерлар тайёрланиб, тарқатилган, 120 мингга яқин суҳбат ва семинарлар ўтказилган.

Профилактик тадбирларга қарамай, газдан фойдаланиш жараёнида фуқароларнинг тан жароҳати олиши, ҳалок бўлиши, ёнғин каби салбий ҳолатлар тез-тез учрамоқда. Ўзбекистон Рес­публикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича 2018 йил 15 ноябригача мамлакатимизда ис гази билан боғлиқ жами 31 та  нохуш ҳолат қайд этилган. Ушбу салбий воқеаларда 101 нафар фуқаро жабр чеккан, 48 нафари вафот этган. Бу кўрсатгич ўтган йилгига нисбатан бироз камайган. 2017 йилда мамлакатимиз бўйича 81 та ис газидан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, унда 83 та фуқаро вафот этган, яна 110 киши жабрланган.

– Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этади, – дейди терапевт Шаҳноза Холдорова. – Ушбу газ гемоглабин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма – карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, гипоксияга, оғир ҳолатларда эса – аноксия ва ўлимга олиб келиши мумкин. Хона ҳавосидаги ис газининг атиги 0,1% концентрацияси инсон организми учун ўлим даражасида хавфли ҳисобланади. Ис газидан заҳарланган одамга биринчи ёрдам кўрсатиш учун аввало, уни зудлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш зарур. Юзаки нафас олишда ёки нафас олиш тўхтаб қолганида беморга сунъий нафас олдириш лозим. Агар у ҳушида бўлса, тананинг юқориси қисиб турувчи кийимлардан бўшатилади. Беморга иссиқ чой ва қаҳва ичирилади. Шунинг­дек, “Тез тиббий ёрдам”га, газ таъминоти хизмати ҳамда 1050 телефон рақами орқали “Қутқарув хизмати”га мурожаат қилиш зарур.

Юртимизнинг табиий газ етиб бормаган ҳудудларида яшовчи аҳоли газ балонлари, кўмир каби ёқилғи маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминланади. Афсуски, ушбу маҳсулотларни етказиб беришда айрим виждонсиз кимсалар ўз манфаати йўлида ватандошларининг ҳақига хиёнат қилмоқда. Баъзи вилоятларда кўмирни кесакка аралаштириб сотилаётгани, газ балонлари хонадонларга ўз вақтида етказиб берилмаётганини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бунинг натижасида аҳоли ўз ҳовлисидаги дарахтларни кесиб ёқишга, чўллардаги саксовулларни олиб кетишга, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бу эса инсон ва она табиат учун жиддий хавфни юзага келтирмоқда. Нафс сабаб ўзгалар ҳақига чанг солаётган кимсалар содир бўлаётган фожеалардан ўзлари учун тегишли хулоса чиқарса, айни муддао бўларди.

Яна ўқинг:  Профилактика – саломатлик омили

Ҳукуматимиз томонидан бу борадаги аянчли вазиятларни камайтириш, ис газидан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Масалага ечим сифатида Наманган шаҳрида ҳавода ис гази ва табиий газ миқдорини аниқлайдиган махсус мослама ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса мавсум муаммоларини бартараф этишда яна бир самарали ечим бўлиши кутилмоқда.

“Аҳолини ис газидан заҳарланиш ва ёнғиннинг олдини олиш” МЧЖ раҳбари Ҳусанбой Юнусовнинг айтишича, хорижда аҳоли бу турдаги аппаратлардан кенг фойдаланади. Ўзбекистонга эса ҳали ушбу инновация кириб келмаган эди. Мавжудлари ҳам чет элдан қиммат нархда импорт қилинади. Шунинг учун халқимизда бу каби қурилмалар ҳақида деярли тушунча йўқ. “HOME GS” деб аталувчи маиший универсал ҳимоя газосигнализатори  ёнувчи метан, пропан ва заҳарли ис газларини автоматик равишда сезади ва белгиланган миқдордан ортиб кетганда махсус клапан орқали газни тармоқдан узиб қўяди. Қурилма сизиб чиқаётган газ хавфи бартараф этилгунга қадар огоҳлантирувчи овозли сигнал бериб туради. Мослама яна бир афзаллиги шундаки, у 12 соат мустақил электр энергиясиз узлуксиз ишлай олади.

“HOME GS” газосигнализаторидан аҳоли яшаш уйлари, барча ижтимоий-иқтисодий объектлар,  кўп қаватли уйлар, иссиқлик станциялари, саноат корхоналари ҳамда барча газ қурилмаларидан фойдаланадиган  объектларда кенг фойдаланиш мумкин.

Дилдора ФАЙЗИЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: