Маънавият мезони ёки атроф-муҳитга муносабат ҳақида

Театр ёнидаги хиёбон. Ўртадаги фаввора атрофга сув сочиб, кўзни қувнатади. Ҳайбатли монитордан гўзал манзара акс этган лавҳа намойиш қилинаяпти. Ўриндиқлар одамлар билан тўла. Ҳамма оқшом салқинида эмин-эркин ҳордиқ чиқараяпти.

Биздан сал наридаги ўриндиқда ўтирган аёл бир муддат тараддудланиб турди-да, қўлидаги сув идишини манзарали дарахт тагига улоқтирди. Матоҳ ўлгур у истаган ерга бориб тушмади чоғи, оёғи билан бир тепиб, кўздан пана қилиб қўйди…

Ҳамроҳларимдан бири “Опа, илтимос, сув идишни ерга эмас, махсус қутига ташланг!” дея аёлни огоҳлантиргач, у истар-истамас талабни бажарди. Бизнинг суҳбатимиз эса шу мавзуга бурилди. Ҳаммамизда ўз-ўзидан саволлар туғила бошлаганди:

– Нега чиқиндини сал нарида – икки-уч қадамча узоқликда турган қутига ташлашга эринамиз?

– Бу лоқайдликми ёки…?

 

“Нима бўпти?!”

Бир мультфильм қаҳрамони – бегемотча атрофидаги ҳар қандай воқеага бефарқ қарайди, на ҳайратланади, на ғазабланади, на пинагини бузади. Доимий гапи битта: нима бўпти?!

Орамизда дунёқараши кенг, атроф-муҳит мусаффолигига ўзини масъул деб биладиганлар кўпчилик. Аммо, “Беш қўл баробар эмас”… Ҳамроҳларимдан бири айримларнинг бундай ножоиз хатти-ҳаракатига махсус чиқинди қутиларининг бир-биридан узоқроқ масофага қўйилганини сабаб деб билди. Уларни имкон қадар ҳар бир ўриндиқ ёнига қўйиб чиқиш керакмикин? Ўтириб, монитордан лавҳа томоша қилаётган ёки суҳбатдоши билан берилиб суҳбатлашаётган одам ўрнидан қимирлагиси келмаслиги мумкин.

Бошқа биров эса айбни уларнинг ўзига ағдарди:

– Минг гапир, минг огоҳлантир, истамаган одам барибир амал қилмайди. Ёнига қўйсангиз ҳам шу аҳвол. Тушунишни истамайди, агар “Бу ишинг нотўғри, шундай чиройли жойни ифлос қилаяпсан”, десангиз, айримлар пинагини бузмай “Ифлос бўлса, сенга нима?” дейди. Дарҳақиқат, уларнинг наздида, дам олиш жойлари, хиёбон ва истироҳат боғлари ҳамманики, ҳар ким истаганича фойдаланиши, ўзини хоҳлаганича тутиши мумкин. Лекин жамоат жойларида ҳар ким ўз юриш-туришига эътиборли бўлишни унутмаслиги лозим.

 

Шаҳар кимники?

Саранжом-саришталик – маданиятнинг муҳим мезонларидан бири. Шу боис, ўзимиз яшайдиган хонадонда шу мезон ўлчовларига хос ҳаракат қилишга одатланганмиз. Чунки, ўзимизники-да. Остона ҳатлаб, кўчага чиққач эса бу қонун-қоидаларни буткул унутиб қўямиз.

Бу ерда бир жиҳатдан кўз юмиб бўлмайди: шу юрт, шу табиатни ўзиники деб билмаслик, инсонда шукрона туйғусининг йўқлигидандир. Агар ўз уйини тоза сақлашга ҳаракат қилинса, миллионлаб-миллиардлаб маблағ эвазига бунёд этилган гўзал масканларга ҳам зарар етказилмас эди.

Яна ўқинг:  Экологик тарбия – оиладан бошланади

Озода бўлмаган уйга меҳмон келса, қанчалик хижолат тортсак, ўзимиз истиқомат қилаётган шаҳару қишлоқларимиз учун ҳам шундай ҳисни туйишимиз керак: яшаб турган ҳудудимиз қаровсиз ҳолда бўлса, ўзимиз уятга қоламиз!

Одатда қонунни бузгани, йўл ҳаракати қоидасига амал қилмагани учун ҳар бир шахс муайян жазога тортилади. Бу чорани нега гўзал масканларни ифлослантираётганларга қарши қўллаш мумкин эмас? Аҳоли дам олиш гўшаларида махсус назоратчилар қўйилиши, улар тозаликка риоя қилмаган одамларни огоҳлантириб, лозим бўлса, жаримага тортиши, устига-устак ташлаган чиқиндисини олиб, махсус жойга элтиб ташлашга мажбур қилиши лозим. Тўғри, бундай жойларга одамлар ҳордиқ чиқариш, табиатдан баҳра олиш учун боради, қаттиқ танбеҳ уларнинг кайфиятини бузиши мумкин, ҳарҳолда, озодалик қоидасига бефарқ қарайдиганларда кўникма пайдо бўлади-ку!

Атроф-муҳитга муносабат инсоннинг қай даражада маданиятли эканини ҳам белгилайди. Бундай инсон юртимиз кундан кун чирой очиб бораётгани, кўркам масканлар сони кўпаяётганини чуқур англайди, онгли равишда бу жойларни асраб-авайлашга ҳаракат қилади.

 Худди ўз уйини тоза-ораста сақлагани каби жамоат жойида ҳам тартибга, озодаликка қатъий амал қилади. Ҳарҳолда, булар – бизнинг ўйлаганларимиз, кўрганларимиз ҳақидаги мулоҳазаларимиз. Атроф-муҳитга муносабатни эса ҳар бир шахс ўз билими, дунёқараши, маданиятидан келиб чиққан ҳолда белгилайди.

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: