Мамлакатимиз тараққиёти инновацион ғоялар, фан ва технологияларга боғлиқ

0
35
марта кўрилган.

“2018 йил мамлакатимиз тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади”, дея таъкидлади Юртбошимиз. Дарҳақиқат, жорий йилда амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг салмоғи сезиларли даражада ортиши кутилмоқда. Бунда эса фан ва технологияларнинг тараққиёти муҳим аҳамиятга эга. Хўш, ушбу соҳада қандай ишлар бошлаб юборилди? Уларнинг кўлами ва мамлакатимиз равнақига қўшадиган ҳиссаси қандай бўлади? Шу каби саволлар атрофида фикр юритиш учун Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари Олим Тўйчиевни суҳбатга тортдик.

 

– Президентимиз тавсияси билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутадиган Фан ва технологиялар агентлигига бош директор ўринбосари этиб тайинланганингиз нафақат сизга, балки барча юртимиз ёшларига улкан ишончнинг намунасидир. Айни ўша лавозимга тайинланаётган вақтда жонажон Ўзбекистонимизнинг фарзанди сифатида кўнглингиздан нималар кечди?

 

– Биласизми, чет мамлакатларда кўп бўлганман. Бирор давлатда юртимиздагидек ёшларга эътибор қаратилмайди. Бир инсоннинг мансаб поғоналарида кўтарилиб бориши қийин жараён. Хорижда аксари лавозимда ўтирган ёшлар мерос ҳуқуқи асосидагина хусусий корпорацияларни бошқаришади. Бизда эса умуман бошқача. Иқтидорли ёшлар ҳукуматимизнинг, Президентимизнинг доимий эътиборида. Ўтган йили 30 июнь куни бўлган “Камолот” қурултойида Юртбошимиз оталарча меҳр кўрсатиб, биз ёшларга қатор имкониятлар эшигини очиб берди. Бундан унумли фойдаланиш эса бизнинг вазифамиз, она Ватан, муқаддас халқимиз олдидаги юксак бурчимизга айланиши зарур. Ўша қурултойда Президентимиз менга, мен орқали бутун Ўзбекистон ёшларига юксак ишонч билдирди. Фан ва технологиялар агентлигига бош директор ўринбосари лавозимига тайинландим.

Биласизми, ўша лаҳзаларда фақат ва фақат масъулиятни ҳис этдим. Бу юксак вазифани кўнгилдагидек адо қилиш ҳақида ўйладим. Шунингдек, қувондим ҳам. Боиси, фан ва технологиялар, ихтиролар менинг ҳаётим. Мен ихтироларсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман. Олимлар, ихтирочилар ичида бўлиш эса менга ҳамиша завқ бағишлаган.

 

Айтингчи, Фан ва технологиялар агентлигининг асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Агентлик томонидан амалга оширилаётган ва амалга оширилиши керак бўлган ишлар мамлакатимиз равнақи учун қанчалик муҳим?

 

Ҳеч бир ихтиро устида шунчаки ишланмайди. У ҳам илҳом манбаи. Тасодифий кузатишлар орқали оламшумул техникалар яратилгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

Хўш, бугун қандай ихтироларга эҳтиёж катта? Мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган, келажакда маълум йўналишда лидерликни таъминловчи йўналишлар қайси? Хорижий давлатларни кузатарканмиз, улар ўзининг стратегик мақсадларидан келиб чиққани маълум бўлади. Хусусан, Европа мамлакатларида биотехнологиялар, нанотехнологиялар, АКТ, Жанубий Кореяда – микроэлектроника, Японияда – микроэлектроника ва робототехника айнан фан ва технологиялар тараққиётининг устувор йўналишлари асосида қўллаб-қувватланади ва алоҳида молиялаштирилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда фан ва технологиялар тараққиётининг устувор йўналишларини белгилашда янги ёндашув таклиф этилди.

Бунга кўра “Демократик давлатни ва ҳуқуқий жамиятни маънавий-ахлоқий ва маданий ривожлантириш, инновацион иқтисодиётни шакллантириш” биринчи йўналиш, амалдаги “Энергетика, энергия ва ресурстежамкорлик” ҳамда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш” йўналишлари бирлаштирилиб, Давлат илмий-техника дастурларининг иккинчи “Энергетика” йўналиши ташкил этилди.

Давлат илмий-техника дастурларининг учинчи йўналиши – “Ахборотлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш”дир. “Қишлоқ хўжалиги, биотехнология, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” деб номланган устувор йўналиш негизида Давлат илмий-техника дастурларининг тўртинчи “Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш” йўналиши ташкил этилди.

Президентимиз аҳоли саломатлигини сақлаш, касалликларни аниқлаш, олдини олиш ва даволашнинг янги, замонавий усулларини татбиқ этиш лозимлиги тўғрисида қайта-қайта, жон куйдириб таъкидлаб келмоқда. Давлат илмий-техника дастурларининг қўшимча “Тиббиёт ва фармакология” йўналишининг асосий вазифалари этиб оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, даволаш ва ташхисларнинг янги усул ва технологияларини ишлаб чиқиш, юқумли ва паразитар касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг янги усулларини, диагностика техникасининг янги турларини яратиш, маҳаллий табиий хомашё асосида янги дори-дармонлар ишлаб чиқаришнинг самарадор технологияларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Яна бир амалдаги устуворлик “Кимё технологиялари ва нанотехнологиялар” бўлиб, улардан бири “Кимё технологиялари”ни Давлат илмий-техника дастурларининг йўналишларида қолдирилди.

Сўнгги йўналиш – “Ер тўғрисидаги фанлар” доирасида минерал хом ашё ресурсларини излаш, қидириш, қазиб олиш, баҳолаш ва комплекс қайта ишлаш, сейсмология, янги қурилиш, композицион ва бошқа материаллар яратиш каби долзарб йўналишларда тадқиқотлар ташкил этилади.

 

Яна ўқинг:  Бахтдан масрур кўнгиллар

Маълумки, Юртбошимиз томонидан 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб агентлик томонидан қандай илмий тадқиқотлар олиб борилади? Қандай инновациялар ҳаётга татбиқ этилиши режалаштирилган?

 

Агентлик томонидан жорий йилда биотехнологиялар соҳасида – хусусиятлари олдиндан белгиланган пахта, буғдой ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини яратиш, кимёвий қўшимчаларсиз, маҳаллий доривор ўсимликлар асосида “Яшил фармацевтика” дастурини ишлаб чиқиш, хужайра ва бошқа технологиялар асосида қишлоқ хўжалик экинларини кўпайтириш ва самарадорлигини ошириш йўналишлари бўйича тадқиқотлар олиб борилади. Айни вақтда “Ўзбекистон – Хитой” ҳамкорликдаги илмий-техника лойиҳалари доирасида, доричилик биотехнологиялари соҳасида 6 та инновацион платформани ташкил этиш юзасидан лойиҳалар бажарилмоқда.

Шунингдек, янги материаллар йўналишида ноанъанавий энергия манбаларини яратиш, робототехника ва мехатроникани ривожлантириш каби соҳаларда фаолият олиб борилмоқда. Ҳозирда “Ўзбекистон – АҚШ” ҳамкорлик илмий лойиҳалари доирасида Катта Қуёш сандонида олиб борилган тадқиқотлар натижасида ўта ўтказувчан янги материал олинган. Унинг синовлари АҚШ ва Грузияда ташкил этилмоқда. Ушбу дастур натижасида Олмалиқ ТМК чиқиндилари таркибида мавжуд бўлган кадмий теллуриди асосида Қуёш энергетикаси учун кремнийдан 100 баробар арзон бўлган ўта юпқа плёнкалар олинган. 2017 йилда эълон қилинган “Ўзбекистон – Россия” ҳамкорлик лойиҳалари танлови топшириқларига Қуёш лазерини яратиш, янги энерготежамкор материаллар каби йўналишлар киритилган.

Нанотехнологиялар соҳасида Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Ўзбекистон Миллий университети, Юқори технологиялар маркази, Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги “Фан ва тараққиёт” илмий-технологик комплекси олимлари иш олиб бормоқдалар. Олимларимиз сувни ўта нозик тозалаш учун нанофильтрлар, нанокатализаторлар, матоларга нанозаррачалар бириктириш ва кукун металлургияси соҳаларида салоҳиятга эга.

 

Бугун сиз каби иқтидорли ёшлар нималар ихтироси билан банд? Уларнинг ишланмалари мамлакатимиз ва халқаро миқёсда қанчалик аҳамиятга эга? Уларни рағбатлантириш, истеъдодини қўллаб-қувватлаш ишлари қай даражада?

 

Ҳозирги кунда умумий қиймати 5,6 миллиард сўмга тенг бўлган 165 та ёш олимларнинг фундаментал ва амалий тадқиқотлари бажарилмоқда. Ундан ташқари, республика ҳудудларида фаннинг маълум бир соҳасида илмий тадқиқот ишлари олиб бораётган ёш олимларга марказий олий таълим ёки илмий муассасаларда самарали ишлаб турган энг замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланиб, ўз тадқиқотларини ўтказишга, илмий малакаларини оширишларига кўмаклашиш мақсадида “Ёш олимларнинг академик ҳаракатчанлиги” дастури шакллантирилди. Ҳозирда ушбу дастур бўйича умумий қиймати 268 млн. сўмга тенг бўлган 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Вилоятларда фаолият юритаётган 17 нафар ёш олим давлат бюджети маблағлари ҳисобига пойтахтдаги замонавий лабораторияларда илмий изланишларини давом эттирмоқда.

 

Яна ўқинг:  Бетакрор юртнинг бебаҳо обидалари

Баҳодир ҲАЛИМОВ суҳбатлашди.

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.