Малакали тиббий хизмат – соғлом ҳаёт кафолати

Тиббиётнинг олий мақсади – инсон саломатлигини таъминлашдан иборат. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг замирида ҳам аввало, инсон саломатлигини сақлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек эзгу мақсад мужассам. Шу боис мамлакатимизда янгидан-янги замонавий тиббиёт масканлари, поликлиника ва ҚВПлар, шифохоналар ва тиббиёт шохобчалари қад кўтарди. Мутахассис кадрлар ва малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш, уларнинг билим ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказида фаолият кўрсатаётган 600 нафардан зиёд малакали шифокор-мутахассисларнинг 93 нафарини олий, 252 нафарини эса малакали ўрта тиббиёт ходимлари ташкил этади.

– Ҳар йили жами ўнг минг нафарга яқин беморлар даволаниб, ўз саломатликларини тиклаб қайтаётган бўлсалар, уларнинг уч минг нафардан зиёдини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади ва уларга ордер тизимида юз фоиз бепул тиббий хизмат кўрсатилади. Муассасамизда беморларнинг сифатли даволанишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд бўлиб, замон талаблари даражасидаги илғор техника ва технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган, – дейди муассасанинг даволаш ишлари бўйича директор ўринбосари Қодир Мўминов. – Янгиликлардан яна бири ўтган йилда марказимизда замонавий юқори технологиялар билан таъминланган-интервенционал кардиология бўлимининг ишга туширилганидир. Бўлимга келтирилган ангиограф тиббий ускунаси ёрдамида юрак қон-томир касалликлари билан оғриган беморларни замонавий ва энг илғор даволаш усуллари асосида тўлиқ даволашга эришилмоқда.

Ҳа, бугунги кунда гастроэнтерология, кардиоцеребрал патология, гепатоблиар, кардиология, ревматология, пульмонология, кардиореаблитация, интервенционал кардиология ҳамда бир нечта бўлимдан ташкил топган “Болалар бирлашмаси” бўлимларида тажрибали тиббиёт ходимлари аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган марказда 20 фоиз беморларга ордер асосида имтиёзли, 80 фоиз беморларга пуллик тиббий хизмат кўрсатиш кенг йўлга қўйилган. Шу сабабли ходимларнинг муомала маданияти, малака ва тажрибаларини доимий ошириш, уларни замонавий даволаш усулларидан бохабар қилиб бориш ишларига етарлича аҳамият қаратилган. Жумладан, олий маълумотли шифокор-мутахассислар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун Тошкент Врачлар малакасини ошириш институти, илмий-амалий тиббиёт марказлари билан шартномалар тузилган. Ўрта тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш махсус тузилган комиссиянинг танлови асосида амалга оширилади. Беморлар учун уч маҳал парҳез таомлардан иборат таомнома тузилган. 250 ўринли замонавий ошхона, даволаниш, маданий-маиший хизмат кўрсатиш хоналари беморларнинг ихтиёрида.

Яна ўқинг:  Фарзандликка олишнинг қонуний тартиби

Консерватив даволаш усуллари қўлланиладиган ушбу илмий-амалий тиббиёт марказида физиотерапевтик муолажалар билан даволаш муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис физиотерапия, бальнеология (шифобахш балчиқ ва минераллар билан даволаш) ҳамда сув билан даволаш муолажалари бўлимларининг фаолияти кенг йўлга қўйилган. Бу ерга ўз саломатликларини тиклаш мақсадида келган фуқароларнинг табиий усулда тез ва самарали шифо топишларини таъминламоқда. Муҳими, нуфузли бу муассаса замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Ушбу марказ ўтган йилда яна замонавий текширув ва даволаш аппаратлари-ангиограф, эзофагогастродуоденоскоп, УТТ, электронейрограф, замонавий рентген тиббий ускунаси ва шу каби бошқа энг сўнгги русумдаги тиббий технологиялар билан таъминланди. Ўз навбатида бу имкониятлар тиббий хизмат кўрсатиш даражасининиг йил сайин ошиб бораётганининг яққол ифодасидир.

Эътиборли томони марказдаги касаллик тарихи ва муолажаларнинг беморларга электрон хизмат орқали етказилишидир. Бу ортиқча вақт ва югур-югурларга чек қўйиш, таҳлилларни ўз вақтида тўғри ва аниқлигини таъминлайди. Маъмурият, қабулхона, поликлиника ва функционал диагностика бўлимларининг янги бинога кўчирилиши эса нафақат шифокорлар, балки беморлар учун ҳам янада катта қулайликлар яратди. Бундан ташқари жорий йил охиригача бўғимларни кўриш ва текшириш учун янги – артроскопия бўлимининг ишга туширилиши режалаштирилган.

Марказнинг бир гуруҳ малакали мутахассислари ҳар йили вилоятларда бўлиб, аҳолини чуқур тиббий кўрикдан ўтказиб, улар ўртасида давра суҳбатлари ўтказишмоқда. Бу каби чора-тадбирлар аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишда ўзига хос ўринга эга бўлмоқда.

Марям АҲМЕДОВА


Хизматлар лицензияланган.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: