Мактабгача таълим тизимига янгича бошқарув тамойилларини киритиш керакми?

Пойтахтимизда “Болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун инновацион ўқиш муҳитининг ўрни” деб номланган халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Жаҳон банки ва Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Россия, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси, Буюк Британиядан келган халқаро экспертлар, маҳаллий мутахассислар ҳамда Европа Кенгаши Тараққиёт банки, Жаҳон банки, ЮНИСЕФ ва бош­қа тегиш­ли вазирлик ва идоралар вакиллари шаҳар ва қишлоқ жойларида мактабгача таълим инфратузилмасини қуриш ва янгилаш, замонавийлаштириш борасида ўзаро фикр ва тажриба алмашди.

Хусусан, 2019 йилда Жаҳон банки мамлакатимиз бўйлаб болаларни сифатли мактабгача таълим олишини таъминлашга қаратилган лойиҳа учун 55 млн. АҚШ доллари ажратади. Ушбу маб­лағлар шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида жойлашган МТМлардаги таълим муҳити сифатини оширишга йўналтирилади.

2017 йил Мактабгача таълим вазирлиги томонидан 2000 оила ўртасида ўтказган сўровга кўра таълим инфратузилмаси Ўзбекистоннинг мактабгача таълим тизими учун айниқса, долзарбдир. Ота-оналар қониқарсиз шарт-шароит ушбу соҳа ривожи учун асосий тўсиқлардан бири эканлигини қайд этишди.

Шу сабабли анжуман қатнашчилари ҳукуматнинг кейинги ўн йил давомида минглаб мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ҳақидаги режаларини олқишлади. Улар болаларнинг жисмоний, руҳий ва ақлий ривожланишини таъминлаш учун самарали ўқиш муҳити ғоясини ушбу жараёнларга жорий этилиши зарурлигини эътироф этишди.

Конференция давомида қатнашчилар томонидан шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида болалар учун самарали ўқиш муҳитини шакллантиришдаги қийинчиликлар, таълим инфратузилмаси ва синф­хоналар тузилишининг ўқувчилар ўзлаштиришига таъсири, болалар учун дўстона ва ёшга мувофиқ замонавий ускуналар ва мебель анжомлари ҳамда ўқув материалларини жорий этиш каби қатор мавзулар кенг муҳокама қилинди.

Агриппина ШИН,

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири:

– Рақобатбардош мактабгача таълим тизимини яратиш учун унга янгича бош­қарув тамойилларини киритиш лозим. Яъни, бунда ахборот, кадрлар, бошқарув ва молиявий ресурсларининг интеграциялашуви ва ҳамкорлигига асосланган тамойилларни жорий этиш талаб этилади. Мактабгача таълим соҳасидаги ўқув муҳитини яратиш ва шакллантиришнинг самарали механизмларини жорий етиш нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини яхшилаш ва соғлом рақобат муҳитини имкони борича тезроқ шакллантиришга ёрдам беради.

Маълумот ўрнида

Яна ўқинг:  ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЮРТ ФАРОВОНЛИГИ

2021 йилгача мамлакатимиздаги 6-7 ёшдаги болаларнинг 100 фоизи мактабгача таълим соҳасига қамраб олиниши режалаштирилган.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: