Мактаб – юрагингда гуллаётган боғ

Мактаб… Бу сўз ҳамиша юракка янгича шукуҳ, руҳ, орзу ва умидлар билан кириб келади. Ҳар гал унинг остонасига қадам қўйганимизда ўтган йиллар ичида нималарга эришдигу, қандай мақсадлар билан яшаётганимизга бир қур кўз ташлаб оламиз. Бу бир қарашда одатий сарҳисобдай кўринса-да, аслида, ҳар биримиз учун ўйлаб кўришга арзийдиган умр йўлларидир.

– Туманимиз вилоятда ҳар бир соҳада салмоқли, салоҳиятли ҳудудлардан, – дейди Самарқанд вилояти Пайариқ туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Ўктам Наримонов. – Хусусан, таълим тармоғи ўзининг чуқур тарихий илдизлари ва келгуси равнақ йўллари билан умидли ёшларимизга билим беришда, тарбиялашда мавжуд имконият ва куч-ғайратини ишга солмоқда. Айни пайтда туманимизда умумтаълим мактаблари сони 99 та, уларда 36 минг 456 нафар ўқувчи-ёшлар таълим-тарбия олмоқда. Малакали, тажрибали, турли тоифадаги мутахассисларимиз доимий изланишда, ўрганишда. Туман, вилоят ва республика миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловлар, беллашувларда ўқитувчи ва ўқувчиларимиз фаол иштирок этишмоқда.

Бугунги кунда туманда замонавий мактаблар сони 74та, мослаштирилганлари 20 та, таъмирга муҳтожлари 5 та. Бу борадаги ишларимиз тўхтагани йўқ, аксинча, босқичма-босқич, навбатма-навбат амалга оширилмоқда. Давлат умумдастури бўйича 4 та янги мактаб биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Кўплаб мактаблар капитал ва жорий таъмирланди.

Ўқитувчилар ҳақида қанча гапирсак шунча шарафли бўлгани каби ўқувчиларнинг ютуқларидан бошимиз кўкка етади. Чунки, бу муваффақиятларда устозларнинг меҳнати, ҳукуматимизнинг таълим-тарбияга қаратаётган эътибори яққол намоён бўлади.

– Муассасамизда 538 нафар ўқувчига 47 нафар олий ва ўрта махсус маълумотли ўқитувчи сабоқ бермоқда, – дейди 72-умумтаълим мактаб директори Лобар Абдураҳмонова. – Мактабимизда 19 та синфхона, фан хоналари замон талаблари асосида жиҳозланган. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда эълон қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Малакали инглиз тили ўқитувчилари бошланғич синфларда дарсларни интерактив усулларда қизиқарли ўйин тарзида олиб боришмоқда. Бу эса ўз навбатида болаларда тил ўрганишга бўлган интилишини уйғотмоқда. Инглиз тили фан хоналари замонавий ўқув қуроллари билан тўлиқ таъминланган. Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида ҳам инглиз тили билан шуғулланишларини таъминлаш мақсадида турли фан ва ҳунар тўгараклари очилган. Бундан ташқари болалар дарс жараёнида замонавий ахборот-технологиялардан ҳам фойдаланишмоқда.

Яна ўқинг:  NAFOSATNING QUVONCHI

– Юртбошимизнинг 2006 йилдаги “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори аҳолини шиддат билан ўсиб бораётган техника янгиликлари ва ахборот тизимидан хабардор этишни таъминлаш, анъанавий кутубхоналарни ривожланган давлат кутубхоналари даражасига етказиш, тенглаштириш, улар билан ижобий рақобатлашиш имкониятларини яратади, – дейди туман Ахборот ресурс маркази директори Муҳаббат Каримова. – 2006 йил декабрь ойида тумандаги 24-умумтаълим мактаби биносида турли соҳаларга оид 7 мингга яқин адабиётлар, қўлланмалар билан фаолиятини бошлаган ахборот-ресуррс марказимиз бугунги кунда 10 минг 600 китоб фондига эга. Бундан ташқари, электрон ёзувлар, 500 га яқин электрон услубий қўлланмалар мавжуд.

Ҳозириги кунда туман марказий биносига кўчган марказимиз ходимлари турли кўргазма ва тадбирлар устида қизғин иш олиб бормоқда. “Йилнинг энг яхши кутубхоначиси”, “Йилнинг энг яхши АРМ ходими” танловлари, “Мактаб-оила-кутубхона-жамоат ташкилотлари” хайрия тадбирлари, “Китобсеварлар” кўрик-танловларида мактаб ва коллежлар ўқувчилари ҳамда китобхонларимиз ҳам катта қизиқиш билан иштирок этмоқда. Бу шубҳасиз, китобхонлик савиясини ўстиради.

Ҳа, мактаб – фидойилар маскани, билимлар даргоҳи. Уни боққа қиёслагим, тоғларга менгзагим, дарёларга ўхшатгим келади. Бари – оз, бариси кам. Шунинг учун умр бўйи кўнглингни эзгу туйғулар билан яшнатиб , нурлантириб турган иссиқ ва меҳрли бағирни “Она мактаб” деб атайсан. Чиндан-да мактаб – онадай мўътабар! Мактаб деганда юрагингда боғлар гуркираб турсин, азиз ўқувчим!

Ойгул СУЮНДИҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: