Мактаб қурган муаллим

Янгиариқлик муаллим Отабой ака Жуманиёзов хонадонига кириб борар экансиз гўзал ва мафтункор манзарага дуч келасиз. Чор-атрофдаги гулларга қараб кўзингиз қувнайди. Боғда ғарқ пишган мевалар, узумлар, полизда етилиб, думалаб ётган ширин-шакар қовунларнинг ёқимли ҳиди димоғингизга урилади. Инсон қўли гул. Хонадон ободлиги, гуллаб-яшнаши аввало унда умргузаронлик қилаётган инсонларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббатига, қолаверса меҳнатига боғлиқ.

Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги Қармиш қиш­лоғининг “Шеробод” маҳалласида дунёга келган Отабой ака ёшлигидан билимга чанқоқ, зукко бўлиб вояга етди. У аниқ фанларга қизиқар, мактабдаги устозларига ҳавас қиларди. Шу боис 1957 йили мактабни аъло баҳоларга тамомлаган йигитча, орзулар қанотида қадимий ва гўзал Бухоро томон йўл олди.

Бухоро давлат университетининг физика-математика факультетини муваффақиятли тамомлаб педагогик фаолиятини ўз қишлоғидаги 25-умумтаълим мактабида бошлади. О.Жуманиёзов “Боланинг бегонаси бўлмайди” деган шиорга амал қиларди. Тажрибали устоз 1979 йилдан шу мактабда ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари, икки йил ўтиб директор вазифасида фаолият кўрсатди. Раҳбарлик йилларида янгидан барпо этилаётган 624 ўринли мактаб биноси қурилишига бош-қош бўлди.

Янги мактабни замон талаблари асосида жиҳозлаш, унда мевали ва манзарали боғ, гулзор яратишда Отабой ака ўзининг нафақат меҳнаткаш, фидойи инсонлигини, балки ишбилармонлик, ташкилотчилик қобилиятини ҳам намойиш этди.

Отабой Жуманиёзовнинг кўп йиллик меҳнатлари вақти келиб муносиб тақдирланди. Устозга “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди. Шогирдлари орасидан олим ва олималар етишиб чиқди. Бугунги кунда улар она Ватанимиз равнақи йўлида сид­қидилдан хизмат қилиб келмоқдалар.

Отабой ака синфдоши, оқила аёл, раҳматлик Шукуржон опа билан 42 йил бахтли ва тотув турмуш кечирди. Ўн нафар ўғил-қизни оқ ювиб, оқ тараб, оқил инсонлар қилиб вояга етказдилар.

Бугунга келиб набиралар ҳам бобоси изидан бориб, олийгоҳларни тамомлаб халқ хизматига камарбасталар. Отабой ака эл-юрт ҳурматидаги, фарзандлар, неваралар бахту саодатига эришган пиру бадавлат отахон. Суҳбатимиз охирида бугунги озод ва обод юртимизнинг кундан-кунга ривожланиб, тараққиёт сари одимлаётгани, бугунги бахтиёр ёшлар унинг қадрига етишлари лозимлигини таъкидлар экан, 30 нафар невара, ўнга яқин чеваралар бахту иқболидан баҳраманд бўлаётганига шук­роналар айтади отахон.

М. ХЎЖАМУРОДОВА,

Хоразм вилояти

Яна ўқинг:  Дунёда муваффақият қозонган янгилик энди Ўзбекистонда

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: