Коррупция: жамоатчилик назорати фақат муҳокама қилишдан иборат эмас

Тараққиётнинг бугунги янги босқичида давлат идоралари ходимлари, мансабдор шахслар зиммасига замонга мос вазифалар юкланмоқда.

Айни пайтда уларга шунга яраша катта ишонч ҳам билдирилаётгани бежиз эмас. албатта. Зеро, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар кўзланган ҳолда шундай иш тутилаяпти. Кўплаб раҳбар ходимлар ана шу ишонч туфайли астойдил меҳнат қилаяпти, десам янглишмайман.

Аммо, аччиқ бўлса-да тан олиш керак, бугунги ислоҳотлар моҳиятини англамаган, эгаллаб турган лавозимидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб қолиш учун ваколатларини суистеъмол қилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Хўш, нега шундай бўлмоқда? Нима, улар коррупция учун жазо муқаррарлигини билишмайдими? Ёки қонунларимиз мўртми? Келинг, шу ўринда бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада қатъий позиция белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг Президент сифатида имзолаган илк қонун ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлгани бежиз эмас. Яна бир муҳим омил шуки, юртимизда давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси ислоҳ қилинмоқда. Бу борада ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш йўли билан мансабдор шахсларнинг давлат хизматидан фойдаланувчилар билан бевосита алоқага киришини қисқартириш чоралари кўрилмоқда. Бироқ, коррупцияга қарши курашишда фақат давлат назоратини ўрнатиш билан масала ҳал бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Чунончи, муайян давлат органи устидан назоратни фақатгина яна бошқа бир давлат органи эмас, балки бевосита жамоатчиликнинг ўзи ҳам олиб бориши кўпроқ самара беради, деб ўйлайман.

Тан олиш керак, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали айрим давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилиб борилмоқда. Жамоатчилик назорати, албатта, фақат муайян мансабдор шахснинг оммавий тарзда содир этадиган хатти-ҳаракатини муҳокама қилишдан иборат эмас. Бу борада мансабдор шахсларнинг кўзга кўринмайдиган, қонунга хилоф ишларини фош этишга қодир бўлган профессионал нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам иштироки муҳим. Улар нафақат аҳоли ўртасида тарғибот олиб бориши, балки чуқур таҳлиллари орқали “яширин иқтисодиёт” ва “коррупция”ни очиб бериши, унинг олдини олишда ҳар томонлама кўмаклашиши зарур.

2018 йилда қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришнинг 8 та шакли белгилаб қўйилган. Аммо жамоатчилик назоратининг асосий субъектлари бўлмиш нодавлат нотижорат ташкилотлари қонуний ваколати бўлса-да, “давлат органларига сўровлар”, “давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш”, “Жамоатчилик мониторинги” каби назорат шаклларидан самарали фойдаланмаяпти. Эҳтимол, уларнинг бу борадаги фаоллиги сустлигига бошқа омиллар сабаб бўлаётгандир?

Яна ўқинг:  Зўравонлик қурбонига айланган аёлларни реабилитация қилиш маркази иш бошлади

Назаримда, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш учун устав мақсадлари доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганда солиқ имтиёзлари бериш, керак бўлса, маҳаллий бюжетлардан ҳам ҳар йили маблағ ажратилишини қонуний мустаҳкамлаш ҳар томонлама фойдалидир.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, эндиликда депутатлик корпуси томонидан ижро ҳокимияти устидан лозим даражада вакиллик назорати йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ. Шунда ҳокимларнинг халқ вакиллари олдида ҳисоб бериши амалда таъминланади ва ҳар хил коррупцион фаолиятларнинг олди олинади.

 

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: