“КОРОЧЕ” ҳақида батафсил

«Оммавий маданият» бугун ўзининг чўққисига кўтарилаётган ва кўпгина халқлар қадриятига салбий таъсирини ўтказаётган бир пайтда, уни билиб-билмай ривожлантириб юбориш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, миллий тил меъёрларига мос келмай, унинг талабларини қўпол равишда бузиши, нутқ маданиятига ёт ибораларнинг кириб келиши фикримизга тасдиқ бўла олади.

Маълумки, глобаллашув жараёнида оммавий ахборот воситалари, хусусан, интернетнинг роли ниҳоятда ошиб бораверади. Чунки, глобаллашув ахборот майдонининг кенгайиши ва ундан чексиз фойдаланиш имкониятларини беради. Радио, телевидение бошловчилари, журналистлар нутқининг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлиши ёшларнинг саводхонлиги, нутқ маданиятига ижобий таъсир қилади. Афсуски, радиоканалларда эшиттириш олиб борувчиларнинг нутқида ноўрин ишлатилаётган русча сўз ва бирикмалар, шева элементлари давлат тилининг ижтимоий нуфузи, мавқеига озми-кўпми салбий таъсир этади. Масалан: «Стоп», «молодец», «конечно», «ҳазиллашвоман», «ўқийди-де», «ўқишлар кетвоттими», «радио тинглавопман».

Ачинарлиси, бундай ҳолатларни бадиий фильмларда ҳам учратиш мумкин. «Бир келиб кетинг қишлоғимизга» номли кинофильмнинг қишлоқ ҳаётига боғлиқлиги аён, лекин унда «братан» сўзининг ноўрин ишлатилиши, «борларинг, кўрвоман, бўтта» каби шева талаффузлари ёки қиз боланинг ўз сингилларига «ишларингни қилсаларинг ўласанларми?», «йўқол кўзимдан» каби қўпол оҳангдаги муомаласи ёшларнинг тилга беэътибор бўлиб бориши, одоб-ахлоқ қоидаларини унутиб қўйишига сабаб бўлиши мумкин. «Етти ҳайкал, битта кал» фильмида эса қаҳрамон нутқида «юрагим слабий, так что, ладно, хочеш, импортний», «криминал йўқ», «слушай, подводит қилдинг» каби тилимиз, миллатимиз шаънига тўғри келмайдиган сўз ва ибораларга дуч келамиз.

«Оммавий маданият» таъсири натижасида она тилига муносабат айрим ёшларда сусайиши, уларда лоқайдлик кайфияти пайдо бўлиши мумкин. Асосий эътибор тилдан оқилона, ўрни билан фойдаланиб, уларда юқори нутқ ва муомала маданиятини тарбиялаш лозим.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни талабларини тўла бажариш асосида глобаллашув даврида давлат тилининг мавқеини янада кўтариш, ёшларнинг тил ва нутқ маданиятини ошириш мумкин. Бунинг учун ўзбек адабий тили, унинг қонун-қоидаларини мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида пухта ўрганишни ташкил этиш зарур. Таълим-тарбия жарёнини саводхонлик, етук маданият, ёзма ва оғзаки нутқ маҳорати, нотиқликни эгаллаш тизими доирасида ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир. «Она тилим — жону дилим», «Нотиқлик маҳорати», «Нутқ маданиятини эгаллаш – давр талаби», «Тилга эътибор – элга эътибор» мавзуларида суҳбат, учрашув ва семинарларни доимий уюштириш яхши натижа беради. Ўқитувчиларнинг нутқ маданияти ва маҳоратини тинмай ошириб боришларига эришиш, уларнинг тилдан фойдаланишда намуна бўладиган фазилатларни эгаллашларини таъминлаш ҳам долзарб вазифалардан саналади. Оммавий ахборот воситалари (радио, телевидение, матбуот)да эшиттириш, кўрсатувлар ва материалларни ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилган ҳолда, юқори савияда тайёрлаш, бошловчилар, журналистларнинг нутқ маданиятини ошириш бевосита она тилининг ривожланишига хизмат қилади. Бу борада рекламаларнинг равон ва мазмунли тилда ёзилишини таъминлаш, пешлавҳалар давлат тили қонуни талаблари асосида тайёрланишига эришиш, оила, маҳалла, кўча-кўйда юқори тил маданияти ва маънавияти, муомала маданиятини тарғиб этиш, Интернет материалларининг юқори саводхонлик асосида ёритилишини таъминлаш зарурдир. Жамоат жойларидаги лавҳа ва ёзувларни ёки идора ва хизмат кўрсатиш тармоқларини (масалан, «дорихона – dorihona», меҳмонхона – «mexmonxona», халқ банки –»halq banki») имло қоидаларига зид равишда ёзган юридик ва жисмоний шахсларни жаримага тортиш; турли халқаро анжуманлар, суҳбатлар, учрашувларни, имкон даражасида, давлат тилида олиб боришни йўлга қўйиш ўз самарасини беради.

Яна ўқинг:  Жаҳон чемпиони – БИЗНИНГ ЧЕМПИОН

Бу борада оила мактаб қатори оммавий ахборот воситаларининг роли катта. Лекин, афсуски айрим телекўрсатув ва радио эшиттиришларнинг савияси ёшларнинг мулоқот маданиятига тескари таъсир қилмоқда. Турмуш чорраҳаларида учраётган айрим оилавий можароларнинг турли жанжаллар, бақир-чақирлар, ҳақоратли сўзлар билан берилиши ёшларнинг нутқ маданияти, мулоқот жараёнига салбий таъсир этмасдан қолмайди.

Кейинги пайтларда бозорларда, айрим жамоат жойларида баъзи кишиларнинг қўпол муомалада бўлаётганига гувоҳ бўламиз. Албатта, тарбия оиладан бошланади, умумтаълим мактаби, ўрта махсус таълим, олий таълим тизимида маънавий тарбия юқори бос­қичга кўтарилади. Ёшларни «оммавий маданият» хуружларидан асрашнинг кўргазмали ва таъсирчан воситаларидан бири ҳам оммавий ахборот воситаларидир. Уларда берилаётган материалларнинг савияси, мазмуни, ютуқ ва камчиликлари таҳлили, бу соҳада огоҳликка даъват этиш каби вазифалар ёшларнинг маънавий тарбиясида жуда муҳим саналади.

Президентимиз таъкидлаганидек, «…ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур.

… Барчамиз яхши биламизки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади».

Демак, глобаллашув жараёнида «оммавий маданият»га қарши курашда тил маънавияти ва нутқ маданиятига муносабат ҳам «ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур»га асосланиши, ўзбек тилининг юртимизда ва жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонишига қаратилиши лозим. Шу жиҳатдан сўз ва матбуот эркинлигини қоғозда эмас, балки амалда таъминлаш ҳозирги тараққиётимизнинг энг муҳим устивор йўналишларидан бири сифатида ғоят катта ижтимоий-сиёсий маънога эга. Зеро, ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштириш — ҳозирги замон талаби, фуқаролик жамияти асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир.

Ҳумоюн АЗИМОВ,

ЎзМТДП Тошкент вилояти Кенгаши Ижроия Қўмитаси етакчи мутахассиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: