Контрафакт – чўнтакка фойда, соғлиққа зарар

Интеллектуал мулк соҳаси амалиётида муаллиф рухсатисиз унинг асарини кўпайтириш, қайта босиш, қайта нашр этиш, сохталаштириш ва тарқатиш қонунчиликка кўра ўғирликка тенглаштирилган иқтисодий жиноят ҳисобланади. Ачинарлиси, ушбу маҳсулотларнинг истеъмоли инсонлар саломатлиги ва ҳаётига, шу билан бирга, давлат ва жамият тинчлиги, фаровонлигига хавф солади. Контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши ҳам ишлаб чиқарувчига (интеллектуал мулк эгаси), ҳам истеъмолчига зарар етказади.

 

Лазиз ТАНГРИЕВ,

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори:

– Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаачилик, ахборот-кутубхона тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 10 дан зиёд қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Соҳага замонавий технологиялар киритилиб, инновацион ғояларнинг татбиқ этилаётгани қувонарлидир. Аммо соҳада етарлича хато ва камчилик­ларга йўл қўйилаётганлиги ачинарли ҳол. Хусусан, контрафакт маҳсулотлари сонининг ортиб бораётгани болалар, фуқаролар соғлиғига зарар етказмоқда. Оқибатда давлатимиз иқтисодиёти бундан катта зиён кўрмоқда. Уларга қарши курашда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ёлғизланиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам бу жараёнда ноширлар, матбаачилар, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар биргаликда ҳаракат қилиши, мақсадга мувофиқ. Шундагина аниқ ва самарали натижага эришишимиз мумкин.

 

Янада аниқроқ тушунтирсак, ўзга ишлаб чиқарувчи ёки муаллифнинг асарини унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда қайта чоп эттириб, муаллифлик ҳуқуқини бузиш ёки адабий асарни сохталаштириб чиқариш орқали нафақат қонун бузилиши юз беради, балки унинг ортидан инсонлар саломатлигига ҳам жиддий зарар етади. Яъни, бундай маҳсулотларнинг сифатсизлиги, давлат стандартларига жавоб бермаслиги билан соғлиқ учун муайян хавф туғдиради. Бундан ташқари контрафакт туфайли ва бундай маҳсулотлар орқали қонуний фаолият олиб борувчи матбаа корхоналари ва савдо шахобчалари ҳам иқтисодий зарар кўради.

Маълумотларга қараганда агентлик томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида ўндан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Навоий вилоятида якка тартибдаги тадбиркор Г. Исаева “Баёз” нашриёти грифи остида чоп этилган қалбаки китоб савдоси билан шуғулланган. Қашқадарё вилояти Қамаши шаҳрида жойлашган “Китоблар дурдонаси” дўконида эса қўлбола усулда тайёрланган мактаб дарсликлари сотилаётгани аниқланган. Ёки “Smart Brain” OK, “Sun Trade Group”, “Brok class servis” ва “Qog‘oz Kapital Biznes” МЧЖлари томонидан давлат стандартларига зид равишда ишлаб чиқарилган 12 ҳамда 48 варақли дафтарлар пойтахт бозорларида сотувга чиқарилган. Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозори атрофида жойлашган савдо дўконлари ва расталарида, Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган “Илм шуъласи” улгуржи бозорида ҳам бир қатор фактлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юборилган.

Яна ўқинг:  Mustahkam bilim asosi qulay sharoit va ilg‘or tajribada

Кўрилаётган чораларга қарамай, бозор ва савдо растларида турли хилдаги сифатсиз, миллий маънавиятимизга зид, “оммавий маданият”ни тарғиб этувчи маҳсулотлар савдоси камаймаётгани кузатилмоқда. Айниқса, мактаб бозорларида хорижий мамлакатлардан келтирилаётган маҳсулотлар келажак авлод онги ва руҳиятига, таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши билан ташвишлидир.

Бундай ҳолатларнинг юзага келиши, аввало, айрим олғир “тадбиркорлар”нинг нафсга қул бўлиб, яширин цехларда ўзганинг маҳсулотидан нусха кўчириб, солиқдан қочиб, савдо қилаётганлиги, кўпроқ фойда олиш учун стандартда белгилангандан кўра, енгил ва сифатсиз қоғозни ишлатаётганлиги, турли қинғир йўллар билан хориждан миллий стандартларимизга зид маҳсулотлар кириб келаётганлиги билан боғлиқ.

 

Илёр ЭРГАШЕВ,

Давлат солиқ қўмитаси бош инспектори:

– Агентликда бу соҳада етарлича мутахассислар мавжудлигини ҳисобга олиб, улар томонидан ўтказилган текширишларда Давлат солиқ қўмитаси ходимлари фаол иштирок этади ва аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли чораларни кўради. Контрафакт маҳсулотларни ишлаб чиқариш, уларнинг савдоси билан шуғулланганлик учун “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга кўра, фуқароларга – энг кам ойлик иш ҳақининг1 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши белгилаб қўйилган. Контрафакт матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сотиш Ўзбекистон Респуб­ликаси қонунлари билан тақиқланади.

 

Ачинарлиси, биз контрафакт маҳсулотларини сотиб олиб, бу каби қинғир йўл билан фойда кўраётган “тадбиркорлар”нинг гуллаб-яшнашига, уларнинг корхоналарини молиялаштиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Натижада ёзса бўялиб, чизса йиртилиб кетадиган, муқовасида “оммавий маданият“ни тарғиб қилувчи суратлар туширилган, дафтардаги ҳошиялар аниқ бўлмаган арзон маҳсулотни фарзандаримизга харид қилиб, ўзимизча чўнтакка фойда қилган бўламизу, соғлик учун зиёни ҳақида унутамиз. Шифокорлар томонидан берилган маълумотларга кўра контрафакт матбаа маҳсулотларидан фойдаланиш натижасида болаларда аллергик касалликлар – хусусан, коньюктивит, ринит, дерматит хасталиклари келиб чиқмоқда. Бу касалликлар ўз вақтида даволанмаса, олди олинмаса, оғирроқ асоратларга, хусусан, астма хасталигига сабаб бўлиши мумкин.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган матбаа корхоналарининг умумий сони 1718 ташкил этади. Шулардан 82 таси китоб ва дарсликлар, 294 таси даврий босма нашрлар, 51 таси дафтар, 91 таси канцелярия ва бланкалар, 385 таси реклама, 815 таси эса бошқа йўналишдаги матбаа маҳсулотларини чоп этишга ихтисослашган.

 

Яна ўқинг:  Қутлуғ фазилатнинг йўли саодатли бўлади

Айтиш керакки, бугун тадбиркорлик – давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан ишбилармонларга кенг имкониятлар эшиги очилди. Уларнинг фаолиятига аралашиш, турли текширувлар ўтказиш тақиқланган. Аммо, бу ишонч, имконият ва имтиёзлар истаган нарсани амалга ошириш, амалдаги қонунларни оёқости қилиш мумкин дегани эмас. Улар ўзларининг номақбул фаолиятини тадбиркорлик, дея хаспўшлашга ҳаққи йўқ.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: