Китобни танлаб ўқийсизми?

Кишининг маданияти, маънавияти унинг қандай китоб ўқишида акс этади. Шу маънода бугунги кунда китоб ўқиш ва унга муносабат бир қадар сусайгандек. Чунки ёшлар кўпроқ кино, видео, телевидение, компьютер, интернетга берилиб кетди. Ҳозирги кунда кўпгина хонадонларга компьютер кириб келган. Исталган янгилиг-у ахборотни у орқали истаганча олиш мумкин.

Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, кино ёки видеофильм бадиий асар ўрнини боса олмайди. Масалан, таниқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида ишланган фильм қанчалик маҳорат билан тасвирга олинган бўлмасин, асарнинг таъсири, жозибасини тўлақонли ифодалаб беролмайди. Китобхонлик оиладаги муҳитга ҳам боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга эътибор фарзандлар тарбиясида муҳим роль ўйнайди. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган.

Зеро, фикр доираси кенг, маънавиятли кишилар жамиятнинг чинакам бойлиги ҳисобланади.

Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ мевасидир.

Ҳар қандай янгилик бир кун эскиради. Бироқ, инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган ақлий ҳамда фикрий дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло қимматини йўқотмайди. Бинобарин, у ҳамиша илм-маърифат, адаб ва ахлоқ манбаи бўлиб келган. Тарихдан маълумки, инсон тараққиёти йўлида эришган даражасидан ҳеч қачон қайтган эмас. Қадим аждодларимиз ҳатто, тасаввур ҳам қилолмаган ғаройиботлар ҳозир кўз ўнгимизда содир бўляпти. Демак, инсоният имкониятларининг чеки, орзу-умидларнинг адоғи йўқ. Китобхонлик ижодий иш ва у доимий шуғулланишни тақозо қилади. Сиз бадиий асар ўқишга эндигина киришаётган бўлсангиз, дастлабки пайтларда воқеалар оқимини қизиқиб кузатасиз. Бу эса аста-секин ўша ҳодисалар тасвиридан тегишли хулоса чиқаришга бошлайди. Асарда тасвирланган сюжет билан ҳаёт воқелигини фарқлаш жонли мулоқот натижасидир. Китобхон уларни таққослаш учун бош қотиради – ўйлашга мажбур бўлади. Шу жараёнда асар воқелигини хаёлида қайта жонлантиради, қаҳрамонларнинг ўрнига ўзини қўйиб кўради, муайян хулосалар чиқаради. Кўринадики, у ҳам ўзига хос ижод қилади. Китобхоннинг ижодкорлиги ёзувчи маҳоратига, яна ҳам тўғрироғи, бадиий асар савиясига боғлиқ. Шундай экан мутолаа билан кўпроқ банд бўлиш, маънавиятимизни бойитишга хизмат қиладиган китобларни танлаб олмоғимиз керак.

 

З. НАЗАРОВА,

Кармана саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Яна ўқинг:  QUYOSH OLMISH HARORATIN YUZINGIZDAN, USTOZLAR!

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: