Китоб ўқиганлар “Спарк” минаяпти, “Спарк” минаётганлар ҳам китоб ўқияптимикин?

Ўрни топиб айтилган ушбу қиёсламани бир cуҳбатда иқтидорли журналист иним Нуриддин Эгамов ишлатган эди. Сир эмас, яқин ўтмишда турмуш-тарзимизни яхшилаш учун билим эмас, “йўли”ни топиш тақозо этилгани, китоб, китобхонлик нуфузи анча тушишига туртки берганди.

Аксаримиз кўчада қўй ёки эчки етаклаб бораётган, зил-замбил бозор тўрвасини аранг кўтариб кетаётган кишига кўзимиз тушса, оддий воқелик сифатида эътибор қаратмай, бир даста китобни қўлтиқлаб олган кимсага антиқа томошага дуч келгандек ғалати назар ташлаб, “тавба, шу замонда ҳам китоб ўқийдиган киши бор экан-да” қабилидаги хаёлларга борардик. Аслида эса халқимиз саводхон кишига давраларнинг тўридан жой берганлиги, қадрини баланд тутганлиги кексаларнинг гурунгидан бизга яхши таниш.

Қишлоғимизда Ражаб чўпон, Олти шоир деган кишилар яшарди (охиратлари обод бўлсин). Улар умрини сурув изидан юриб, яйловда ўтказишган бўлса-да, Махтумқули, Машраб, Яссавий девонларидан ёд олган ғазаллари хиргойисига туннинг сарҳадлари торлик қиларди. Тағин ҳар бир ғазалнинг ҳар бир мисрасини бекаму кўст изоҳлаб беришларини кўриб, тан олишдан бошқа чора тополмасди, киши.

Узоққа бормайлик, яқин-яқинларгача ҳам умрларининг энг сара даври сабоқхоналар ўрнига, пахта даласида ўтган талабалар кўкка ўрлаган гулхан ёруғида туннинг сочи оқаргунча баҳри-байт (байт-барак ҳам дейишади) ўйнаб, шеър ўқишгани эртак эмас, айнан ҳақиқат. Баҳорги, ёзги таътил кунлари уч-тўрт шахсий сигирларини яйловга ўрлатган болаларнинг қўйнида китоб бўларди. Ўтлоққа ёнбошлаб қилинган мутолаадан сўнг уч-тўрт тенгқур ўзи ўқиган китоби-ю, севимли қаҳрамонлари ҳақида мунозарага киришарди.

Ҳўш, бугунчи? Бугун ахборот оқими шу даражада кенгайдики, энди одамларни китобга, китобхонликка қайтариш учун анча тер тўкишимизга, керак бўлса, уларни яхшигина рағбатлантиришга тўғри келаяпти.

Шу йилнинг февраль ойи охири, мартнинг бошида қарийб ўн кун катта-ю кичикнинг эътибори “Ёшлар” телеканалида жамланди. Йўқ, одатга айланган севги саҳналарига, ур-йиқитларга бой навбатдаги чет эл сериалини томоша қилиш учун эмас, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловининг навбатдаги кунига бағишланган ҳисоботдан баҳраманд бўлиш учун. Қизиқиш шу даражада кучли бўлдики, қайси даврага борманг, гурунг шу мавзу атрофида айланди. Айниқса, мусобақанинг мутлақ ғолибига Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси берилиши катта мунозараларга, танловнинг қизғин тус олишига сабаб бўлди:

Яна ўқинг:  Чекка ҳудуд аҳолиси эътибордан мамнун

– Қаранг-а, китоб ўқиганга машина совға қилинар эмиш.

– Қайси иштирокчини энг зукко деб ҳисоблайсиз?

– Мен хоразмлик йигитчага қойил қолдим. Кўзи ожиз бўлса ҳам тўрт мучаси соғлар билан тенг баҳслашаяпти…

Айтиш мумкинки, икки ёш тоифаси – 14-19 ва 20-30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасидаги танловдан кўзланган асосий мақсад ёшлар орасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёшларнинг билим, маънавият ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни адабиётнинг сеҳрли оламига етаклаб киришдан иборат эди. Қувонарлиси, бу эзгу мақсадга тўла-тўкис эришилди. Масалан, иккинчи – “Бадиий китоблар билимдони” шартида иштирокчилар актёрлар томонидан ижро этилган эпизод ёки монолог қайси асардан олингани, унинг мазмун-моҳияти, ғоя ва аҳамиятини изоҳлаб беришган бўлса, “Мен севган адиб” деб номланган яна бир шартда мониторда кўрсатилган 50 та рақам ортида яширинган жаҳон адабиёти, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти вакиллари орасидан ўзи танлаган ижодкорнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида уч дақиқа мобайнида маълумотлар келтиришди. Финал босқичи иштирокчилари бирдан йигирмагача бўлган рақамлар ортида яширинган маънавий-маърифий, тарихий соҳага оид китобларни танлаб, улар ҳақида ўз мулоҳазаларини ўртоқлашишдан бошланган бўлса, беллашув “Шеърият” шарти билан якун топди. Биз бурро жавоблардан нақадар завқ олган бўлсак, айрим ҳолларда ўзбек насри буюк намоёндаси Шукур Ҳолмирзаев, XX аср жаҳон адабиётининг энг ёрқин вакиллари Франц Кафка, Альбер Камью, Габриэль Гарсиа Маркес ҳаёти ва ижоди ҳақидаги саволлар жавобсиз қолганидан ранжидик. Ҳатто, бир иштирокчи Нобель мукофоти совриндори, америкалик буюк ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол” романи ҳақидаги саволга:

– Бизга адибнинг “Чол ва денгиз” қиссаси берилган эди, бу романни ўқиганим йўқ, – деган жавоби бироз ҳафсаламизни пир қилди.

Тағин бир иштирокчининг:

– Махтумқули қаерда яшаган, – деган оддий саволга.

– Тошкентда бўлса керак, – деган мужмал жавоби кўпчиликнинг заҳархандасига сабаб бўлгани ҳам рост.

Гап у ёки бу иштирокчи саволларга қай даражада мукаммал жавоб берганида эмас. Бу борада иштирокчиларнинг ёшлиги, айримлари адабиёт оламига эндигина тетапоя қилиб кира бошлагани, бутун мамлакат диққат марказида туриш салобати босганлигини ҳам инобатга олиш керак. Баъзан киши ўзи билган оддийгина савол жавобидан ҳам адашиб кетиши мумкин. Муҳими, бугун танловда ғолиб бўлган Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи оддийгина қишлоқ қизи Моҳинисо Шомуродова ҳамда Қўқон давлат педагогика институти талабаси Шарофат Исмоиловани деярли ҳамма танийди. Нафақат танийди, балки фарзандининг уларга ўхшашини астойдил ҳавас қилишади.

“Ўзбекнинг орзуси нима?” деган саволга ҳар биримиз сира иккиланиб ўтирмай:

– Фарзандининг камолини кўриш, – деб жавоб қайтаришимиз шубҳасиз.

Шу орзу-ҳавас йўлида ўғил-қизимизни бир қарич ёшидан оқ ювиб, оқ тараймиз, кўнгли ўксимасин, дея истаган нарсасини муҳайё қилишга интиламиз, пешона теримизни сарфлаб топганимизни тўкиб-сочиб, уларнинг туғилган кунларини, тўйларини данғиллама қилиб ўтказамиз. Ҳали турмуш оғир енгилини англаб етмаган чоғида оёғи тагига машина олиб бераётганларнинг сони нечта. Аммо аксаримиз фарзандимизга бир дона китоб совға қилишга келганда феъли торлик қиламиз. Бундан атиги беш-олти йил муқаддам бир топарман-тутармон танишимга:

– Айтингчи, Сиз бирон маротаба фарзандингизга китоб совға қилганмисиз, – деб савол берганимда, у киши юзимга истеҳзоли тикилиб:

– Қўйинг домла, китоб ҳам совға бўлармиди, – деган эди.

Негаки, ўша пайти оддий қишлоқ қизи кўп китоб ўқиганлиги учун машина эгаси бўлади, деса ҳеч ким ишонмасди, ишонолмасди. Танловни кўриб, деярли барчамиз бунга ишондик ва ҳайратландик.

Яна ўқинг:  Кумушбиби шифокор бўлмоқчи

Яқинда мактабда ўтказилган китоб ярмаркасини кузатиб, кўзим қувнади. Хабарни эшитган ота-оналар “гуррос-гуррос” мактабга келишиб, фарзандларига китоб харид қилишди.

Барча ютуқларнинг калити билим ва бадиий тафаккурда. Китобга ошно кишидан эса ҳеч вақт ёмонлик чиқмайди.

 

Абдунаби АБДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: