Кимга китоб, кимга эса интернет муҳим

Ҳақиқий илм изловчи учун ҳар иккисининг ҳам ўз ўрни бор

Бугунги ҳаётимизни замонавий ахборот технологиялари, жумладан, интернетсиз тасаввур этиш қийин. Айни пайтда юртимизда 15 миллиондан зиёд киши ушбу халқаро тармоқдан фойдаланишининг ўзи фикримизга далил.

Кейинги пайтларда “Китоб афзалми ёки интернет?” тарзидаги баҳс-мунозаралар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Бизнингча бу икки воситани ўзаро қарши қўйиш тўғри бўлмайди. Зеро, китоб орқали илм ўрганиш ва интернет тармоғи воситасида илмни такомиллаштириш кетма-кетликда бўлади. Ўрни келганда бири иккинчисини тўлдиради.

Бугунги кунда ёшларимизнинг китобдан кўра кўпроқ интернет тармоғидан фойдаланаётгани “ўтиш даври”га ўхшайди. Бу жараёнда уларни ўз вақтида назорат қилиб бориш, тармоқдан тўғри фойдаланишни тушунтириш, турли салбий иллатларни тарғиб қилувчи сайтлардан узоқ бўлишга ўргатиб бориш зарур. Бу даврда ислоҳотчи, асосан, ота-она ва устозлар ҳисобланади.

Китоб – бу таълим олиш, хусусан, дарс тайёрлаш учун асосий манба. Виртуал оламдаги электрон дарслик, электрон луғат, турли видео ёки аудио материаллар, ранг-баранг слайд ва жадваллар билан босма шаклдаги дарслик ёки китоб ўрнини тўлдириб бўлмайди. Дарс эса шундай жараёнки, унда ҳам худди муқаддас ибодат сингари илм олиш нияти, сокинлик, озодалик, диққатни бир жойга жамлаш, атрофдаги турли воқеа ва ҳодисаларга чалғимаслик кабилар талаб қилинади. Фарзандларимиз эндигина кириб бораётган виртуал оламда ўзларини нималар кутаётганидан бехабар бўлади. Тармоқдаги “ажойибот”ларни, ҳали ҳеч нигоҳи тушмаган “гўзаллик”ларни кўриб, йўлдан адашиб қолишлари турган гап.

Зеро, бугун ёшлар тугул, ҳатто ёши катталарнинг ҳам “ўргимчак тўри”га “илиниб” қолаётгани, вақтини беҳуда сарф этаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шунга мувофиқ, ёшларнинг интернет тармоғидан ўринли фойдаланишларини назорат қилиб бориш, аввало, ота-она, сўнг эса устоз-мураббийлар зиммасидаги муҳим вазифа ҳисобланади. Акс ҳолда уларни айрим номаъқул ва номақбул йўллардан, одатлардан қайтариб олиш анча қийин кечиши тайин.

Ўрни келганда, аждодларимиз ва уларнинг улкан мероси ҳақида фахрланиб гапирамиз. Дунёга донғи кетган Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби даҳоларимиз борки, улар мероси башарият манфаати учун хизмат қилмоқда. Уларнинг барчаси илмни на интернет, на компьютер бўлмаган пайтларда, китоб орқали ўрганганлар, ижод қилганлар, шуҳрат топганлар.

Яна ўқинг:  Яхна ичимликлар: унинг сифатига ким жавоб беради?

Интернет тармоғи ҳозирда дунё замонавий ахборот технологиясининг ноёб намунаси сифатида тан олинган. Унинг бугунги кундаги аҳамияти барчамиз учун беқиёс. Бироқ, билим олиш, илм ўрганиш маълум бир устоз ёки устозлар орқали, маълум бир аниқ манба ёки манбалар орқали амалга оширилади. Компьютер хотирасидаги биргина электрон шаклдаги 200-300 саҳифалик асарни ўқиб чиқиш қанчалик мураккаб, асабни толиқтирувчи ҳолатни юзага келтиради. Аммо қоғоз шаклидаги, муқоваланган шу асарни ўқиб тугатиш енгиллигини кўпчилигимиз тажрибадан ўтказганмиз.

Умуман олганда, ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси барчамиз учун қадрли неъмат. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш оқиллик билан иш тутилгандагина, ҳаётимиздаги оғир юкларни енгил қилгандагина қимматли ҳисобланади. Агар бугунги кун ёшлари учун ота-она – ўқитувчи-мураббий – маҳалла фаоллари тизими ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилса, ёшларимиз ўз муаммоларини дунёга достон қилиб, маслаҳат учун тажрибасиз, илми ҳаминқадар “дўстлар”га эҳтиёж сезишмайди.

Бир сўз билан айтганда халқимиз орасида китоб мутолаасини кенг ёйиш, ёшларни дуру гавҳарлар хазинасидан баҳраманд этишда бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз лозим.

Отабек ШУКУРОВ,

Қарши давлат университети катта ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: