“Келгинди” қушлар

Кейинги бир неча ўн йилда табиий ландшафтлар ўзгариб кўпчилик ҳайвон турларини яшаш ҳудудлари қисқариб бораётган бир пайтда айрим турлар ареалини кенгайтирмоқда. Бунга қушларнинг икки тури – майна ва қумри яққол мисол бўла олади.

Майнанинг бир неча номи бор. У афғон чуғурчуғи, ҳинд майнаси деб ҳам аталади. Бу қуш ўтроқ ҳаёт кечиради. Лекин сўнгги юз йил ичида Марказий Осиё антропоген ландшафтларида майна жадаллик билан яшаш ҳудудларини кенгайтирди ва унинг сони ўсиши кузатилмоқда. Майна Ҳиндистон, Бирма, Покистон, Афғонистонда кенг тарқалган. Ўзбекистон жанубида илк бор Афғонистондан учиб ўтган қуш ўтган асрнинг бошларида қайд этилган. Вақт ўтиши билан Россия ҳудудига кириб бориб, қатор шаҳарларида яшамоқда. Жумладан, Москвада майнанинг учраганига 30 йилдан ошиб кетди. Бу қушнинг тез кўпайиши кўпчиликни қизиқтирди. Олимлар ва табиат шайдолари илмий ҳамда оммабоп мақолаларида бу қуш ҳақида ёритиб боришди. Энг қизиғи, ҳозирги кунда ҳам майна ўз ареалини кенгайтиришни тўхтатган эмас. Жойларда бу қушнинг сони ўсишда давом этмоқда. Антропоген ландшафтлар муҳитига майна тез мослашмоқда. Биологик фаоллиги кутилмаган даражада ошиб бормоқда.

Республикамизнинг турли ҳудудларида майнанинг тарқалишига оид бир неча муҳим саналарни газетхонларга эслатиб ўтишни лозим топдик. Бу қуш Термиз атрофи ва унга яқин жойларда 1907 йилда Афғонис­тондан учиб ўтганлиги рўйхатга олинган. Сурхондарё 1927 йилдан бошлаб майналар муқим яшайдиган масканга айланган. 1942 йилдан бошлаб майнанинг Шаҳрисабзда уя қуриши кузатилган. Қизилқумнинг жанубий қисмида эса бу қуш 1945 йилнинг ёзида учраган. Ўша даврда бу қуш ҳар йили 30 км. зиёд ареалини кенгайтириб, 1949 йил Самарқандга етиб келган. 1951 йилнинг охирида Жиззахда учраган. Майна 1959 йил Тошкент вилоятида қайд этилган бўлса, 1961 йил Фарғона водийсига кириб борган. 1969 йил Қизилқумнинг марказий қисмида уялагани кузатилган. Шу даврда ва ундан кейинроқ Қорақалпоғистонда тарқалган. Табиатда жонзотларнинг бундай катта тезликда янги ҳудудларга тарқалиши ва сонининг жадал суръатда ўсиши кам учрайдиган ҳодисалар қаторига киради. Майна жуда экологик мутаносиб хусусиятга эга бўлганлиги туфайли ҳам катта ҳудудларда тез тарқалаётган бўлса ажаб эмас. Ҳозирги вақтда бу тур Ўзбекистон шароитига тўлиқ мослашган. Сонининг кўплиги жиҳатидан майна юртимизда биринчи ўринни эгаллайди, десак муболаға бўлмаса керак. Воҳалар, тоғ ва тоғолдида, чўлларнинг ўзлаштирилган жойларида, шу жумладан, Қизилқумда ҳам майнани кўриш мумкин.

Яна ўқинг:  “КОРОЧЕ” ҳақида батафсил

Инсон фаолият юритаётган ҳамма жойда бу қуш кенг тарқалган. Чунки, аҳоли яшаётган ҳудудларда унинг яшаши ва кўпайиши учун барча шароитлар мавжуд. Табиий шароитда майна уя қуриб, кўпайиш даврида жуда эҳтиёткор бўлса, аҳоли пунктлари ва шаҳарларда эса ташқи таъсирларга анча мослашган бўлади. Шунинг учун одамлар, транспорт воситалари ҳаракатларига эътибор бермасдан уя қуриш мақсадида материаллар қидиради ва инига олиб келади. Одамлардан ҳайиқмай, инида тухумини босади, полапонларини озиқлантиради. Аммо, хавф-хатарга нисбатан реакциясининг кучлилиги сезилади. Бироқ, уясини жуда кам ҳолларда ташлаб кетади. Шуни айтиш жоизки, бу қуш уяси ва уя ҳудудини душманларидан қаттиқ ҳимоя қилади.

Майна йил давомида 2-3 марта тухум қўяди. Одатда уясига қўйилган тухумларнинг сони 4-5та бўлиб, ҳар бир жуфт қуш ўртача 3-4та полопонини вояга етказади. Уя қуришда, тухум босишда, полапонларини озиқлантиришда модаси ва нари баробар иштирок этади.

Майна озуқа топиш бобида ҳеч ҳам қийналмайди. Бошқача қилиб айтганда, озуқасининг таркиби ранг-баранг, турли маданий ўсимликлар донлари, мевалари, умурт­қасизлардан кўпроқ ҳашаротлар, озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқлари билан озиқланади. Рационининг мавсумий ўзгариб туриши табиий ҳисобланади.

Энди республикамиз қушлар фаунасига келиб қўшилган иккинчи янги тур ҳисобланган қумри тўғрисида қисқача маълумот берсак. Қумри 1970-80 йилларда республика ҳудудида кенг тарқалди. Ўтган асрнинг 80-йиллари бошларидаёқ қумрининг сони бир мунча ортгани кузатилган. Бу ғуррак 30 йил ичида Ўзбекистон ва чегарадош ҳудудларнинг барча аҳоли пункт­ларида энг одатий қуш бўлиб қолди. Қумрининг сонининг ўсиши, айрим каптарсимонларга нисбатан гавдасини катталиги туфайли спорт ови объекти даражасигача кўтарилди. Бошқа каптарсимонлар каби донлар билан озиқланади. Шунинг учун ҳам дон маҳсулотлари сақланадиган омборхоналарда, элеватор яқинида бундай қушлар кўплаб тўпланади.

Шундай қилиб фаунамиз таркибига қўшилган юқори экологик мосланувчанлик даражасига эга майна ва қумри ҳозирги кунда маҳаллий турлари билан уялаш ҳудудларини, озуқа манбаини эгаллашда, тунаш жойларини банд қилишда кучли рақобатларни юзага келтириб чиқармоқда.

Элмурод ШЕРНАЗАРОВ,

биология фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: